Ҳарбийлари соғлом, оиласи мустаҳкам
2017 йилдан бошлаб Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг жойлардаги бўлимлари ташкил этилди. Тузилманинг асосий вазифаси жамиятимиздаги ислоҳотлардан ҳарбийларни воқиф этиб бориш, уларнинг оила аъзолари ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишлари олиб боришдан иборат.
Ўтган вақт давомида давлат арбоблари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, "Зулфия" номидаги давлат мукофоти, "Ниҳол" мукофоти совриндорлари, эл севган санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари тузилиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари орасида маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, шеърият кечалари, учрашувлар ўтказилди. 2017 йилда илк бор ўтказилган сержантлар форумида Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларининг маъмурий чегаралари доирасида тузилган Марказий ҳарбий округда хизмат қилаётган мингга яқин сержантлар иштирок этди. Уларнинг Самарқанддаги тарихий обидаларга зиёрати уюштирилиб, шоир, ёзувчи, халқ севган санъаткорлар билан учрашувлари ташкил этилди. Анжуман ўтказилаётган ҳудудда китоб савдоси ташкиллаштирилди, оила аъзоларининг барчаси учун мўлжалланган китоблар намойиш этилди.
Саломатлик тадбири уюштирилиб, ҳарбий хизматчилар, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ўтган йили "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида 600 нафардан ортиқ хотин-қизлар ва 700 нафардан кўпроқ болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўртасида оила маданияти ва одоби, оилада эр-хотинлик муносабатлари, фарзанд тарбиясига бўлган эътиборни кучайтириш, намунали, ибратли оилаларни аниқлаб, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида "Намунали ёш ҳарбий оила" кўрик-танлови ўтказилди. Унда ўнга яқин ҳарбий оила қатнашиб, самарқандлик Коваленколар оиласи танловнинг республика босқичида фахрли ўринлардан бирини эгаллади.
Нафақат Самарқанд шаҳрида, балки чекка ҳудудларда ҳам ҳарбий оилалар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида кейинги йилларда Тойлоқ туманининг чегара ҳудудидаги "Чўбот", Ургут туманининг "Гулистон", "Мирзабоғлон-Чеп" ва "Тўрткўл" маҳаллаларида болалар боғчаси, амфитеатр, маиший хизмат уйлари, умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали стадион, даволаш-профилактика муассасаси қурилди.
Ҳарбий қисм хизматчиларига уй-жойлар берилди. Жорий йилда фақат ҳарбий қисмларда эмас, таълим муассасаларида ҳарбийлар, жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида доимий равишда учрашувлар, маънавий анжуманлар ташкил этишни режалаштирганмиз.
Марҳабо ҒАФУРОВА,
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
жамоатчилик кенгашининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.