Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида шундай деганлар:
“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди” (Абу Дардо розияллоҳу анҳудан Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатлар халқ орасига кириб келишининг олдини оладиган зотлардир. Улар шу билан бирга ушбу меросни келгуси авлодга муносиб тарзда узатувчи устоз ва мураббийлар ҳамдир.
Ўзбекистон ислом аҳлининг устози, муқаддас динимиз маърифати, илму зиёсини кенг тарғиб этувчи, одамларни солиҳ амаллар сари, тинчликсеварликка, инсонпарварликка, эзгу ишларга даъват қилиб, бутун умрини ана шу шарафли ишга бахшида этган Усмонхон Темурхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий ҳаётга рихлат қилдилар.
Инсон дунёга келар экан Аллоҳ таоло ато қилган умр неъматини эъзозлаб, ҳаётдан кўзланган мақсадга эришиши лозим. Кимдир бу неъматни беҳуда, зарарли нарсаларга сарф қилса, айрим инсонлар уни яхшилик ва эзгуликка сарф этади. Ҳатто дунёдан ўтганидан сўнг ҳам бу каби зотларнинг умр йўли келгуси авлодга ўрнак ва сабоқ бўлади.
Устоз Усмонхон домла ана шундай зотлардан эди. Зиёли оилада вояга етган устоз диний илмга бўлган муҳаббати боис дастлаб Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, кейинчалик Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.
Меҳнат фаолиятини Имом Бухорий жоме масжидида имом-ноиби вазифасида бошлаб, сўнгра ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида хизмат қилган. 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, бош имом-хатиби бўлиб фаолият кўрсатдилар. 2006 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётган эдилар.
Суюкли Набиййимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У зот ундан беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида”, деганлар.
Марҳум устозимиз Аллоҳнинг умр неъматини Ўзи рози бўладиган амалларга сарф этдилар – ёшликларидан илм толиби, меҳнат фаолиятида эса фақат динимиз ривожи, мусулмонлар манфаати билан машғуллик.
Усмонхон Алимов Имом Бухорий жоме масжидида имом-хатиб сифатида ишлаб юрган кезлари халқимизнинг диний илмга бўлган иштиёқини кўриб, Пайариқ тумани ҳокимлиги билан келишган ҳолда масжид қошида диний мадраса ташкил қилган ва ўзлари устозлик қилган эдилар. Ушбу илм даргоҳи 2008 йилга қадар ўрта махсус билим юрти сифатида фаолият олиб бориб, бу ерда юзлаб олимлар, имом-хатиблар тайёрланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси сифатида иш бошлашлари билан мамлакатимиздаги диний йўналишда ҳам кўплаб ютуқларга эришилди. Ҳатто бу муваффақиятлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилдики, кўплаб халқаро ислом уюшмалари томонидан у кишига унвон ва мартабалар берилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади. Жумладан, у кишининг “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз” каби асарлари чоп этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, деб айтганлари келтирилган.
Ҳадисга мувофиқ, ҳаёт тарзини ҳазратимизнинг ҳаёт йўлларида кўришимиз мумкин. Масжид ва мадрасаларнинг ташкил этилиши жорий садақа, шогирд ва асарлар – манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд – ҳазратимизнинг Қуръони каримни ҳифз қилган, илм соҳиблари бўлмиш солиҳ фарзандларидир.
Усмонхон ибн Темурхон ҳазратлари ҳаётда ўта самимий, доно, тақводор, камтар инсон эдилар. Оғир, фитнали, мунозарали вазиятларда ҳам босиқлик ва донолик билан иш юритар, адолат билан қарор қабул қилардилар.
Донишмандлар “Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир”, деган эканлар. Мутафаккир олим, муфассир, муҳаддис, тариқат пешвоси ҳазрат Усмонхон Темурхон ўғилларининг самарали ва намунали ҳаёти биз ва келгуси авлод ёдида сақланиб қолади. Ўгит ва сабоқлари, илмий асарлари юртимиз мусулмонлари учун манфаатли бўлади иншааллоҳ.
Аллоҳ субҳанаҳу ватаола муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги сайъ-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфирати билан сийласин. Қабрларини жаннат боғларидан қилиб, охиратларини обод қилсин!
Зайниддин Эшонқулов,
вилоят бош имом-хатиби.