Ҳаёт қийинчиликлари қаршисида

Ўтган йилларда бу масканнинг номи бир неча бор ўзгарди. Кўпчилик “Саховат уйи”, кўпроқ “Қариялар уйи” сифатида биладиган ташкилот бугун Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази дейилмоқда. Эътиборлиси, бу гал унинг фақат номигина ўзгаргани йўқ, биз билган, аниқроғи, асосан кино ва сериаллардаги эпизодлар орқали тасаввур ҳосил қилган маскандаги шароит ҳам, муҳит ҳам ўзгача.

Самарқанд ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказидамиз. Самарқанд шаҳрининг серқатнов, шовқинли кўчаларидан бири. Ташкилот дарвозасини ҳатлаб ичкарига кирсангиз, бошқа оламга тушиб қолгандек бўласиз. Ташқаридаги шовқиннинг ўрнига сокинлик, одамлар билан гавжум ва иссиқ кўчалар ўрнига салқин дарахтзору гулзорлар. 

Сири кўчган пахта гулли пиёлани топа олмадик

Тасаввур масаласига қайтсак. Кўпчилигимиз “Саховат уйи”ни ноқобил фарзандлар томонидан ташлаб кетиладиган кекса ота-оналар яшайдиган жой макони деб биламиз. У ҳақида гапирилганда, кўз олдимизда қоронғу хонанинг эски ромли деразасидан олисларга боқиб, фарзандини интизор кутиб ўтирган отахону онахонлар келади. Бундай хоналарда эски сим кроват, ранги учган тумбочка ва унинг устида қариялар уйидан олиб келган ягона қадрли буюм – ишлатилавериб сири кўчган пахта гулли пиёла туради. Яшириб нима қилдик, биз ҳам марказга айнан шуни кўриш, у ердагиларнинг шароит, муносабат, умуман, ҳаётдан шикоят қилишини эшитишга тайёр бўлиб борган эдик.

— Марказга 2019-йилда раҳбар бўлиб келганман, - дейди Сурайё Жавадова. – Келганимда аҳвол сиз тарифлаган ҳолатга яқин эди. Эски бино, қаровсиз, тошлоқ ҳовлидан бошқа нарсамиз йўқ эди. Ижтимоий соҳага эътибор ортгач, муаммоларимиз бирин-кетин ҳал бўла бошлади. 2019-йилда 50 ўринли янги бино қуриб берилди. Эскиси таъмирланди. Васийликка олинган шахсларни саёҳат ва тадбирларга олиб боришимиз учун автобус ажратилди. Бугунги шароит ҳеч бир санаторийдан кам эмас.

Бинони, ундаги қулайликларни кўздан кечирдик. Ёруғ ва шинам хоналар, ҳар бир хонада алоҳида ҳожатхона ва ювиниш жойи бор. Спорт зал, ошхона, турли тадбирларни ўтказиш учун фаоллар зали ва ёзги шийпон. У ерда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам шароитлардан мамнун.

— Келганимга 5 йил бўлди, - дейди булунғурлик 72 ёшли Ражаб ота. – Ҳаётда кўп адашдим. Жазони ўташ муассасасида бўлган вақтимда оилам уй-жойимизни сотиб, хорижга кетиб қолишибди. Шу ерда иккинчи уйимни топдим. Шифокорлар кўмаги билан саломатлигимни тикладим. Яшашимиз яхши, нолимайман.

Бу ер қариялар учун қамоқхона эмас

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31-майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан янги низом тасдиқланди. Унга кўра, юртимизда доимий яшайдиган, биринчи даражадаги қариндошлари ва ўз номида кўчмас мулк бўлмаган ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи И гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар марказга бепул асосда ҳамда чекланмаган муддатга қабул қилинади. Эътиборлиси, васийликка олинганлар эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра марказда қисқа ёки узоқ муддатга қолиши ё ундан бутунлай чиқиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, улар қариндошлариникига меҳмонга бориш, мустақил сайрга чиқиш имкониятига эга.

— Ногиронлигим бор, - дейди Малика опа. – 8-синфлигимда ойим оламдан ўтди, дадам ва акаларим менга ғамхўрлик қила олишмас эди. Марказга ўз хоҳишим билан келганман. Уйдагиларим кўргани келишади, ўзим ҳам меҳмонга бориб тураман. Бу ерга одамларни мажбурлаб ташлаб кетишади, деган тушунча нотўғри. Аксинча, биз шу ерда ҳаловат топганмиз. Ҳозир қаерга бормай, тезроқ бу ерга қайтгим келади.

Айтиш жоизки, марказ энди фақат васийликка олинганлар билан шуғулланмайди. Унда пуллик ҳизматлар ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, парвариш қилиши шарт бўлган биринчи даражадаги қариндошлари бўлган ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига  киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахслари шартнома асосида пуллик хизматлардан фойдаланиши мумкин.

— Кўп санаторийларга борганман, ҳеч бири бунчалик қулай эмас эди, - дейди марказда шартнома асосида реабилитатсия қилинаётган пастдарғомлик 75 ёшли Абдусамат Розиқулов. – Бу жой ҳақида маҳалладан эшитгандик. Бошида ҳайиқдик. Одамлар болалари “Қариялар уйи”га ташлаб келибди, деб ўйлашади-да. Саломатлигим ёмонлашавергач, келишга мажбур бўлдим. Яхши қилибман. Шифокорларнинг кўмаги билан уч кун деганда оёққа турдим. Деярли ҳаракатдан тўхтаган эдим. Бу ерда ҳамма нарса биз кексаларга мослаб қилингани қувонарли. Энди тез-тез келиб тураман.

Қарорга кўра, марказ ходимлари шартнома асосида мобил ижтимоий ва реабилитатсия хизматларини ҳам кўрсатади. Бунда ҳар бир мобил гуруҳ шахсга кўрсатиладиган хизматларнинг хусусиятига қараб шакллантирилади.

Ҳеч ким бекорчиликдан зерикмайди

Марказнинг ўзига хос жиҳати шуки, унда бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Дарахтлар экилган, уларнинг орасида гулзорларни кўрасиз. Бу гўзалликни яратишда фақат марказ ходимлари эмас, шу ерда доимий яшовчи инсонларнинг ҳам меҳнати бор.

— Ишни бошлаганимизда ҳудудни боғу роғга айлантиришни мақсад қилган эдик, - дейди Сурайё Жавадова. – Осон бўлмади. Тикан ҳам ўсмайдиган тошлоқ ерларни кавлатиб, унумдор тупроқ солдик. Эккан дарахтларимиз бугун кўкка бўй чўзиб, атрофга салқинлик улашмоқда. Бундан ташқари, доимий яшовчиларимиз ўзини уйидагидек ҳис қилиши, зерикканида овуниши учун бир катта хўжаликда нима бўлса, барини ташкил қилганмиз. Қўйхона ва товуқхонамиз бор, деҳқончилик қилиш учун томорқа ва иссиқхона ажратилган.

Сергей аканинг марказга келганига 7 йил бўлган. “Ҳеч кимим йўқ, ёшликда орттирган дўстларим эса мени тўғри йўлга бошламади”, дея ўтмишини афсус билан хотирлайди у. Марказда кимгадир кераклигингни, ҳимояда эканлигингни ҳис қиласан. Вақтимиз ҳам бесамар ўтмайди. Илгари ерга бир дона уруғ қадамаган одам эдим, деҳқончиликка меҳр қўйдим. Вақт топдим дегунча, “огород”имга шошаман. Мана, помидорларим етилиб қолибди. 

Марказда аёллар учун тикувчилик, тўқимачилик сингари тўгараклар ҳам фаолият юритмоқда.

У ерда ҳар ким ҳам ишлай олмайди, ишлаётганларининг кетгиси келмайди

Айни кунда марказда 102 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходими ҳамда шифокор меҳнат қилмоқда. Марказдаги ҳаётни ўрганиб, шу нарсага амин бўлдикки, ундаги сокинлик ҳам вақти-вақти билан бузилиб туради. Яшириб нима қилдик, васийликка олинганларнинг барчаси ҳам намунали ҳаёт кечиргани учун бу ерга келиб қолмаган. Қолаверса, кекса ёшли, мустақил ҳаракатлана олмайдиган инсонларга кун-у тун ғамхўрлик қилишнинг ўзига яраша машаққатлари бор.

— Марказга ҳамшира бўлиб ишга кирганимга 6 йил бўлди, - дейди Феруза Равшанова. – Бошида қийналдим, қаровимдагилар менга яхши муомалада бўлмас, гоҳида уришиб берарди. Сабр билан уларнинг ишончига кирдим. Ҳозир қариндошдек яқинмиз. Улар бизга, биз уларга ўрганиб қолганмиз. Марказимизда пуллик хизмат очилиб, вилоятимизнинг турли ҳудуддан одамлар кела бошлагач, доимий яшовчиларнинг кайфияти ҳам, руҳияти ҳам яхшиланди. Энди улар тенгдошлари билан суҳбат қилади, кўнглини очади. Бу бизнинг ишимиз самарадорлигида ҳам акс этяпти.

Дарҳақиқат, инсон, у хоҳ кекса, хоҳ имконияти чекланган бўлсин, ҳаёт қийинчиликлари қаршисида ёлғиз қолишдан қўрқади. Агар вақтида ёлғиз қолмаганида, ёнида яқинлари елкадош бўлганида, юқорида тилга олинганларнинг тақдирлари балки бошқача бўларди. Улар одамларга ишонишдан қўрқади. Керак вақтида ташлаб кетишган бўлса-да, яқинларини кутади. Яхшиси, бу мавзуга кейинги мақолада тўхталамиз. 

Асқар БАРОТОВ.