Ҳаёт тарзи ва юриш-туриши бошқалардан бутунлай фарқ қиладиган халқлар
Гоҳида уларнинг ҳаёти илмий-фантастик романлар парчаларидан олингандек туюлади.
Африкада эркаклар ўртасида гўзаллик танловлари ўтказадиган бир қабила бор. Иштирокчилар ёрқин рангларда бўяниб, чиройли кийинади, қизлардан иборат ҳакамлар ҳайъати уларнинг энг яхшиларини танлайди. Кавказдаги тоғли қишлоқда эса дунёдаги энг бахтли одамлар яшайди.
AdMe.ru. сайти эса турли этник гуруҳларнинг қизиқ анъаналари ҳақида ёзишни яхши кўради.
Водаабе
Бу элат Марказий Африкада яшайди ва ўзини дунёдаги энг жозибали халқ деб билади. Бундан ташқари? биринчи навбатда бу ердаги эркаклар учун ташқи гўзаллик жуда муҳим. Водаабенинг Геревол номли фестивали бор, унда ёрқин бўянган, ранг-баранг патли либос кийган йигитлар ўзларининг ташқи фазилатларини таъкидлаб, қабила аёлларида яхши таасcурот қолдириш учун рақсга тушишади.
Шу билан бирга Водаабе вазминлик ва камтарликни жуда қадрлайди. Масалан, кундуз куни эр ва хотин одамлар олдида бир-бирининг қўлини ушлаш у ёқда турсин, ҳатто гаплашиши мумкин эмас.
Коровайлар
Янги Гвинеяда яшовчи папуасларнинг бу этник гуруҳи ўз уйларини 50 метр баландликдаги дарахтларда қуриш билан машҳур. Улар ҳали ҳам тош асрида яшайди: металлдан фойдаланмайди ва қишлоқ хўжалиги ҳақида деярли маълумотга эга эмас. 1970 йилларгача коровайлар яқин атрофдаги қўшни қабилаларидан бошқа ҳеч ким билан алоқада бўлмаган, улар ҳатто дунёда бошқа халқлар йўқлигига шубҳа ҳам қилмаган.
Бу халқ каннибализм билан шуғулланган. Антропологларнинг фикрига кўра, ўтмишнинг бу қолдиғи ҳозирда йўқ қилинган. Бироқ халқ вакиллари сайёҳларни жалб қилиш учун қадимги анъаналар ҳали ҳам сақланиб қолганлиги ҳақидаги афсонани фаол қўллаб-қувватлайди.
Кхаси
Бу сирли халқ Ҳиндистонда яшайди. Кхаси матрилинеаллик (оналик насли)ни сақлаб қолган: тўйдан кейин эр яшаш учун хотинининг уйига келади, мулк эса оиладаги кенжа қизга мерос бўлиб ўтади. Никоҳлар ва ажрашишлар ўзаро келишув асосида ва жуда осон ҳал этилади. Эр-хотин ажралган тақдирда эркак онасининг уйига қайтади.
Мосо
Хитойда яшовчи бу халқ ҳам матриархал сифатида тасвирланади. Фарзандга сулолалар уруғ-аймоқчилиги она насли орқали ўтади. Мосо нутқида ишлатиладиган сўзлар ичида “ота” ва “рашк” сўзлари йўқ. Кузатишлар аёлларнинг эркакларга қараганда жисмоний жиҳатдан кучлироқ эканлигини кўрсатди.
Баъзи маълумотларда Мосо эркакларининг ҳеч қандай вазифаси йўқ, улар кун бўйи дам олишади, дейилган. Бироқ бу мутлақо нотўғри: улар мол боқади, балиқ овлаш, ер ҳайдаш билан шуғулланади, ҳатто ибодат қилиб, қурбонлик маросимлариларда қатнашади.
Ҳиналуқлар
Ҳиналуқ халқи Озарбайжоннинг баланд тоғларида учрайди. Бу этник гуруҳ вакиллари асосан денгиз сатҳидан 2 минг метрдан ортиқ баландликдаги Ҳиналуқ қишлоғида яшайди. Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси тўфондан кейин айнан шу ерда қўнган, деган афсонага ишонишади ва ўзларини Нуҳнинг бевосита авлодлари деб ҳисоблайди. Ҳиналуқликлар жуда яккаланиб яшайди ва фақат ўз қабиладошлари билан турмуш қуришга ҳаракат қилади. Асосийси, улар ўзларини дунёдаги энг бахтли одамлар деб билишади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.