Ҳаётдан фалсафа уққан олима
Моҳир педагог, жонкуяр мураббий, меҳрибон она, Самарқанд давлат тиббиёт институти гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Дилором Йўлдошева 70 ёшни қаршиламоқда.
Д.Йўлдошева 1951 йили Иштихон тумани Сарбозор қишлоғида дунёга келган. 1968 йилда мактабни тугатгач, Нарпай туманидаги (ҳозирги Пахтачи) 82-мактабда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида иш бошлаган. 1975 йилда Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тугатди. Шундан сўнг қизғин иш ва жамоатчилик фаолиятини бошлади. Ўзи таҳсил олган университетда талабаларга рус тилидан сабоқ бериш билан бир қаторда халқ депутатлари Самарқанд вилоят ижроия қўмитасида махсус ходим сифатида фаолият кўрсатди. 1982 йилда вилоят партия қўмитасининг тавсияси билан Самарқанд давлат тиббиёт институти фалсафа кафедрасига ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинди ва ҳозирги кунга қадар гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси сифатида ишлаб келмоқда.
Дилором Йўлдошева институтда бўлғуси шифокорларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг мустақил фикрловчи, юксак малакали кадрлар сифатида камол топишида бор куч-ғайратини аямай, талабаларга рус ва ўзбек тилларидан билим бериб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида ўз фанини янада чуқур билиш, малакасини ошириш учун доимий изланишда бўлди. Ижтимоий фанлар етакчи ўқитувчилари билан вилоятимиз туман ва шаҳарлари аҳолиси ўртасида мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳада эришаётган ютуқларини аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот қилиш ишларида фаол иштирок этиб келди.
Узоқ йиллар давомида институт хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ишлаб, қизларни оилага тайёрлаш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси йўлида қатор ишларни амалга оширди.
Д.Йўлдошева фалсафага оид илмий мавзуларда изланишлар олиб бориб, миллатлараро муносабатлар, миллий ғоя, мамлакатимизда ёш авлод тарбияси каби мавзуларда 40 дан ортиқ илмий мақолалар чоп эттирди. Талабаларга билим бериш сифати ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб, 45 та ўқув услубий қўлланмалар ёзди. Жумладан, унинг «Фалсафада долзарб муаммолар» номли монографияси алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Д.Йўлдошева Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари федерацияси томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Дилором Йўлдошева ишда фидойи бўлиши баробарида оилада намунали бека, икки ўғил ва икки қизни жамиятга керакли инсонлар сифатида вояга етказди. Ўтган асрнинг 80-йилларида отасидан эрта айрилгани учун укаларига ҳам ота, ҳам она вазифасини ўтаган ёш Дилоромни ҳаётнинг ўзи синмас ирода, қатъият, фидойилик каби хислатлар билан сийлади ва доим йўлини ёритиб турди.
Бугун олимани табаррук ёши билан қутлар эканмиз, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Яхшинор АЛЛАЁРОВ.