“Ҳаётимни сақлаб қолишди”. Ёхуд ижтимоий “шифокор”лар билан бир кун

“Ҳаётда кўп адашдим. Ҳозир уй-жойим йўқ, қариндошларим ҳам. Спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш ортидан қатор касалликларни орттириб олдим. Охирги кунларда оёқларим ҳам ўзимга бўйсунмай қўйди. Кўчада қолиб кетаман деб ўйлагандим...”.

Бу шу кунларда Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанаётган М.К.нинг иқрори. Шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ёрдами билан оёққа турган фуқаронинг келажакдан умидлари катта.

Айтиш жоизки, бунга ўхшаш воқеалар бугун Каттақўрғон шаҳридагилар учун янгилик эмас. Ҳудудда синов тариқасида фаолияти йўлга қўйилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида шу каби қийин ижтимоий вазиятга тушиб қолган 12 тоифадаги фуқаролар реабилитация қилиниб, ижтимоий ҳимояга олинмоқда.

– Аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар 4 та шуъбага бўлинган ҳолда ташкил этиляпти, - дейди марказ директори Жасур Аҳмедов. – Фуқаролар билан жойларда ишлаш учун 10 нафар ижтимоий ходим ва шунча ассистент штати ажратилган. Фаолиятимизни хонадонларни хатловдан ўтказиш ҳамда улардаги вазият, оила ва фуқароларнинг яшаш шароитини ўрганишдан бошладик. Бу тез бўладиган жараён эмас, албатта. Шундай оилалар борки, улардаги ижтимоий муҳитни тўғри баҳолаш учун бир ёки икки кун эмас, ҳафталаб кузатув олиб бориш, жараёнга психологларни жалб қилиш керак бўлади. Натижа ўзини оқлайди, ходимларимизнинг сабри ва меҳнати ортидан эҳтимолий муаммоларнинг ҳам олди олиняпти.

Ногиронлик аравачаси ўрнига қўлтиқтаёқ

Ижтимоий хизмат дейилганда кўпчилик фақат давлат томонидан бериладиган моддий ёрдам ва субсидияларни тушунади. Аслида бу жуда кенг соҳа бўлиб, унинг бош мақсади инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш, жамиятни соғломлаштиришдир. Бунга эришиш учун эса ижтимоий муаммоларни бартараф этиш керак. Моддий ёрдам муаммонинг ечими эмас, албатта.

– Керакли муолажалардан кейин оёққа туриши мумкин бўлган фуқарога ногиронлик аравачасини берсангиз, у соғайишга шошилмайди, оқибатда ростдан ҳам ногирон бўлиб қолади, - дейди марказнинг ногиронлар билан ишлаш шуъбаси мудираси Феруза Раҳимова. – Шундай фуқаролар борки, ҳар қанча даволанишига қарамай, ўзини жисмонан заиф ҳис қилади, аслида унинг муаммоси психологиясида бўлади. Бу ўз навбатида биздан ҳар бир ҳолатни индивидуал ва чуқур таҳлилий ўрганишни талаб қилади. Соддароқ қилиб айтганда, биз кимга ногиронлик аравачаси ва кимга қўлтиқтаёқ кўпроқ фойда беришини аниқлаймиз.

Маълумотга кўра, шаҳарда ногиронлар сони ортмоқда - 2023-йилнинг январ ҳолатига 2360 нафар бўлса, жорий йилда 2550 нафар. Шу боис марказда ногиронларни реабилитация қилиш, қизиқишига қараб, параспорт ва касбга йўналтиришга эътибор қаратилган. Жорий йил ҳисобидан шаҳарда истиқомат қилувчи 6 нафар ногиронлиги бор фуқаро параспорт билан шуғулланишни бошлаган бўлса, 1 нафари ишга жойлаштирилган ҳамда 6 нафари касбга ўқитилмоқда.

Инсонийлик касб бўлса...

– Ҳудудда 84 нафар ўзгалар парваришига муҳтож нуронийлар истиқомат қилади, - дейди марказнинг катта ёшдаги ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шуъбаси мудираси Зулфия Қўчқорова. – Уларнинг айримларида қариндош-уруғ йўқ, бошқалариники узоққа кўчиб кетган. Бундай ҳолатда биз биринчи навбатда қариндошлар ўртасидаги алоқаларни тиклашга ҳаракат қиламиз. Бунинг имкони бўлмаса, марказдан ассистент ажратилади. Улар белгиланган вақтларда фуқароларнинг уйига бориб, маиший хизмат кўрсатади. Бунга кирларни ювиш, уй ва ҳовлини тозалаш, егулик тайёрлаш, дорихона ёки дўконга бориб келиш сингари вазифалар киради. 

Биз ассистентлар фаолияти билан танишиш мақсадида жойларга чиқдик. Биринчи манзилимиз Ғарбмачит маҳалласида истиқомат қилувчи 88 ёшли Нурия Саидованинг хонадони бўлди. Кексалик йилларида ёлғиз қолган онахон кўмакчиси Марғуба Азаматова билан савол-жавобимизни нотўғри тушуниб, “Марғубани урушманглар”, дея койиб берди.

– 45 йил шифокорлик қилиб, одамларни даволадим, - дейди онахон. – Тақдир экан, кексайиб, ўзим ҳам эътиборга муҳтож бўлиб қолдим. Марғуба яхши, ҳар куни келиб, хизматимни қилади. Ундан ва ҳолимдан хабар олаётган бошқа ижтимоий ходимлардан миннатдорман. Уларсиз тақдиримиз нима бўларди, билмайман.

Марғуба опа шаҳардаги 4 та маҳаллада истиқомат қилувчи яна 4 нафар шундай фуқарога маиший хизмат кўрсатади. Уларнинг орасида саломатлиги оғирлари ҳам бор.

– Қаровимдаги кексалар менга, мен эса уларга ўрганиб қолганман, - дейди Марғуба опа. – Иш вақтим эрта тонгдан бошланади. Аввало, мустақил ҳаракатлана олмайдиганларнинг ҳолидан хабар оламан, чойини тайёрлайман. Кейин бошқа манзилларга қараб шошаман. У ерда ҳам мени кутиб турган бўлишади. 

“Менинг ҳаётимни сақлаб қолишди”

Марказнинг маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш шуъбасидан олинган маълумотга кўра, ҳудуддаги 36 маҳалла ижтимоий ходимлар ўртасида тақсимланган. Улар ҳар куни жойларда ижтимоий кузатув олиб бориб, тегишли тоифаларга кирадиган фуқароларга кўрсатилиши лозим бўлган ижтимоий хизматлар кейсини шакллантиради.

Хусусан, мақола бошида келтирилган воқеа қаҳрамонининг янги ҳаёти ҳам 10 минг нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қиладиган Дамариқ, Ёрмачит ва Навбаҳор маҳаллаларида фаолият олиб бораётган ижтимоий ходим Адҳам Устабоев билан учрашувдан кейин бошланган. Биз М.К. билан шифохонада учрашдик. У ижтимоий ходим унинг ҳаётини сақлаб қолганлигини бот-бот такрорларди. “Шифокорларнинг айтиши бўйича яна бир-икки кун кечикканимизда, касаллигим оғир оқибатга олиб келиши мумкин экан. Бу одамлар менга шу вақтгача кўрмаган яхшилигимни қилишди”, - дейди у ҳаяжонланиб. Ўтган вақтда марказ аралашуви билан фуқаронинг йўқотилган паспорти қайта тикланибди. Энди М.К. касбга ўқиб, ишламоқчилигини айтди. Албатта, марказ унга бу имкониятни ҳам беради.

Мақолада тилга олинган хизматлар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан кўрсатилаётганларининг бир қисми, холос. Вилоятимиздаги икки ҳудуд – Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳрида синов тариқасида ташкил этилган марказлар фаолияти тизимли такомиллаштириб борилмоқда.

Асқар БАРОТОВ.

***

Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.