Ҳаётий ҳикоя: Қимматбаҳо машинали, қора кўзойнак таққан одам...
Уч бекорчи одам йўл ёқасида гурунглашиб ўтирган эди. Шу маҳал қоп-қора, қимматбаҳо хориж машина келиб, ҳашамдор бир дарвоза олдида тўхтади.
Ундан қора кўзойнак таққан бир киши тушиб, қўлини кўксига қўйганича уларга салом берди-да, пулга тўла сумкани кўтариб, дарвозадан кириб кетди.
— Ўғри-ю порахўрларнинг яшаши шунақа-да, — деди биринчи бекорчи у кириб кетгач. — Ҳозир босиб-босиб ейди, эртага камида ўн йилга кесилиб кетганида кўрамиз аҳволини.
— Бунақалар ҳаммаёқни сотиб олади, — деди иккинчиси. — Манави машинаниям кимларнидир қон қақшатиб, олгандир...
— Тўғри айтасан. Бундай одамлар узоққа бормайди. Бировнинг бурнини қонатиб топилган бойлик буюрмайди.
Озроқ вақт ўтиб, ҳалиги одам уйидан қайтиб чиқди. Телефонида баланд овозда гапирар эди:
— Ака, бир амаллаб келинг. Тўй бошлаб қўйдим. Озроқ етмай қолганди, бугун иккинчи машинамниям сотиб, қўшяпман. Ҳа, ҳа, шу... Эртага қишлоғимиздан беш етим болакайнинг суннат тўйини қилиб бермоқчиман. Савоб-да энди, ака...
Бекорчихўжалар жим бўлиб қолди.
Жасур Кенгбоев.