Ҳеч бўлмаса, болаларга ўргатайлик: Уларга йўл белгиларининг мазмуни, пиёдаларнинг мажбуриятларини тушунтирганмисиз?

Яқинда Самарқанд тумани уста Умар Жўрақулов кўчасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жамоатчиликни жунбушга келтирди. Бош “қаҳрамон” яна тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланган ҳайдовчи. Аммо бу гал унинг йўлидан катта ёшли, суяги қотган одам эмас, 7 яшар болакай чиқиб қолди. Оқибати эса сизга аён.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг беш ойида вилоятимизда болалар иштирокида 43 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Унда 38 нафар бола турли даражадаги тан жароҳатларини олган бўлса, 5 нафари ҳалок бўлган. Таҳлиллар бу ҳодисаларга асосан ота-оналарнинг фарзандларини эътиборсиз қолдириши, йўлнинг белгиланмаган жойидан, тартибсиз кесиб ўтиши ва ҳайдовчиларнинг аҳоли яшаш жойларида тезликни белгиланганидан ошириб ҳаракатланиши сабаб бўлганлигини кўрсатмоқда.

Албатта, инсоннинг ўлимига олиб келган ҳар бир ҳолатда ҳайдовчининг айби бор, кимдир тезликни оширган, бошқаси ҳушёрликни йўқотган. Бунинг олдини олиш, хусусан, ҳайдовчининг масъулиятини ошириш учун қилинмаган яна қандай амал қолдики, уни берсагу, вазият яхши томонга ўзгарса? Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жараёнида назорат кучайтирилди, жарималар миқдори ортди, ҳар қадамда камера, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини кўришингиз мумкин. Шунга қарамай кўчада пойга уюштиргичлар, қоидаларни бузишни обрў деб билгичлар, охир-оқибат одамларнинг умрига зомин бўлгичлар ҳамон учрамоқда. Афсуски, бу жаҳолатнинг қурбонлари орасида болалар ҳам оз эмас.

Энди танганинг иккинчи томонига қарайлик. Ҳайдовчиларни тарбиялай олмаётган эканмиз, ҳеч бўлмаса, болаларни йўлдаги бу хавфларга тайёрлаяпмизми? Болалар қандай фойдаланишни билмаса, йўл белгилари, светофору  пиёдалар ўтиш йўлакларидан нима наф? Юқорида келтирилган ҳолат ва шунга ўхшаш бошқа йўл-транспорт ҳодисаларининг видеосини кўриб, балки шу болалар кўчани белгиланган жойдан кесиб ўтганда ёинки ўтишдан олдин ақалли икки ёнига қараб қўйганида, бугун ҳаёт бўлармиди, деб ўйлаб қолади киши. Бола болада, хато қилади, эътиборсиз бўлади, деб ўзимизни алдайлик. Бугун улар дарвоза хатлаб кўчага чиқдими, турли хавфлар қуршовида қолади ва биз уларни бунга тайёрлашимиз шарт.

Ўзингизга савол беринг, неча маротаба фарзандингизга амалий тарзда кўчани тартибли кесиб ўтишни ўргатдингиз, уларга йўл белгиларининг мазмуни, пиёдаларнинг мажбуриятларини тушунтирганмисиз? Аслида кўп ҳолларда ўзимиз нотўғри намуна кўрсатмаяпмизми? Ҳайдовчи йўл қоидаларини бузиб, пиёда эса йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўта туриб, фарзандига бу нотўғри эканлигини тушунтира олиши мумкиндек гўё. Агар биз намуна бўлмасак, тартибни амалда бажариб ўргатмасак, болаларга боғчаю мактабда берилаётган маълумотларнинг фойдаси кам. Мулоҳаза юритиб кўринг.

Асқар Баротов.