Ҳибсга олинганлар аёвсиз таҳқирланарди...

1937-1938 йилларда амалга оширилган ва тарихга “катта қирғин” номи билан кирган, қатағон домига тушган кишиларга оид ҳужжатлар билан танишар эканман, бир нарса эътиборимни тортди. “Халқ душмани”, “аксилинқилобий гуруҳ аъзоси”, “зараркунандачилик билан шуғулланган”, деган айблар билан НКВД томонидан ҳибсга олинган кишилар 15-20 кун давомидаги сўроқларда ўзига қўйилган айбларни бутунлай инкор қиладилару, лекин маълум муддатдан сўнг уларни “тан” ола бошлайдилар. Қатағонга учраган ўнлаб, юзлаб кишиларнинг “жиноий ишлари” битилган архив ҳужжатларини варақлаш жараёнида бунинг сабабини англаб етдим. Уларнинг барчаси НКВД жаллодлари томонидан оғир жисмоний қийноқларга дучор этилган. Қуйида қисман келтирилаётган тергов баённомасидан парчани ва бу кулфатларни бошидан кечирган айрим кишиларнинг кўрсатмаларини ўқир экансиз, бунга ўзингиз ҳам ишонч қиласиз.
Бойбеков Ҳамид Содиқович, 1899 йилда Москва вилояти Кремишин туманининг Азеево қишлоғида туғилган. Маълумоти қуйи, ВКП(б) аъзолигига номзод, НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор вакили вазифасида ишлаган. Самақанд шаҳар К.Маркс кўчаси, 43-уйда яшаган. 1939 йил 18 апрелда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Сўроқни ЎзССР НКВДси котибияти бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти Мартиненко ўтказган.
Савол: Сиз 1937-1939 йилларда НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармасида ким бўлиб ишлагансиз?
Жавоб: 1938 йил апрель ойигача мен Самақанд шаҳар 4-милиция бўлимининг бошлиғи вазифасида ишлаганман. 1938 йил апрель ойидан Давлат хавфсизлиги вилоят бошқармасига ўтказилдим ва ушбу бошқарманинг тезкор вакили этиб тайинландим.
Савол: Давлат хавфсизлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилган оммавий операция (тадбир)ларда иштирок этганмисиз?
Жавоб: 1938 йилдан тезкор гуруҳ аъзоси сифатида оммавий операцияларда қатнашганман. Бу ишга НКВД вилоят бошқармасининг собиқ бошлиғи, давлат хавфсизлиги капитани Калмиков томонидан тайинланганман.
Савол: Тезкор гуруҳ томонидан оммавий ҳибсга олишлар қандай ҳужжатлар (материаллар) асосида амалга оширилган?
Жавоб: Ҳибсга олинганлар айби қандай аниқланган ва улар нима асосида қамалганлари менга номаълум. Бу ишлар НКВД вилоят бошқармаси, унинг туман бўлимлари, тезкор гуруҳ раҳбарлари кўрсатмаси билан бажариларди. Шу туфайли уларнинг айблари билан қизиқмаганман. Шахсан ўзим бир гуруҳ шахсларни ҳибсга олиш операциясини амалга оширганман. Улар “26 Баку комиссарлари” номли Самарқанд шойи тўқиш фабрикасида ишлашарди.
Воқеа шундай бўлган эди: 1938 йил ўрталарида мени НКВД вилоят бошқармаси бошлиғи Калмиков чақириб, 41 кишининг исм-шарифи ёзилган рўйхатни берди ва қаршисига алоҳида белги қўйилган кишиларни зудлик билан қамоққа олишни буюрди. Барчаси ушбу фабрика ишчи-хизматчилари эди. Ана шу рўйхатдаги 41 та фамилиядан 29 тасига белги қўйилганди. Улар нимада айбланганди? Масалан:
Шарипов Ғуломҳайдар – миллати эрони, катта акаси 1935 йилдан буён Эронда яшайди.
Зокиров Исо – миллати эрони, отаси эшак савдогари бўлган.
Иброҳимов Собир – миллати эрони, 1927 йилда отаси отларни олиб-сотиш билан шуғулланган.
Ҳасанов Олим – миллати эрони, қулоқнинг ўғли, отасининг ҳунармандчилик устахонаси бўлган. Ҳозирги пайтда отаси Эронда.
Уларнинг жиноятини фош этувчи бирор-бир ҳужжатнинг ўзи йўқ эди. Лекин қаршисига белги қўйилган фамилиядаги кишиларнинг барчаси ҳибсга олинди. Ҳатто корхона томонидан бу шахслар ҳақида берилган маълумотнома ҳам текшириб кўрилмади. Мен ана шу маълумотлар асосида тақдимномалар тайёрладим ва уларни тергов олиб бориш учун тезкор вакиллар ихтиёрига топширдим.
Савол: Шу йўсинда қанча киши ҳибсга олинган?
Жавоб: НКВДнинг вилоят бошқармаси томонидан жами қанча киши ҳибсга олинганлигини аниқ билмайман. Лекин шахсан мен томонимдан Калмиковнинг буйруғи билан 29 киши қамоққа олинган эди.
Савол: Сиз юқорида номларини келтирганларнинг бирортасини ҳам махсус тоифадаги кишилар (яъни, аксилинқилобий фаолиятда айбланиб қамоққа олинувчилар) қаторига қўшиб бўлмайди. Улар нима асосида қамалган?
Жавоб: НКВДнинг вилоят бошқармасида ишлай бошлаган биринчи кунларимданоқ барча ходимлар олдига Калмиков томонидан бир вазифа – қандай қилиб бўлса-да, кўпроқ кишини жавобгарликка тортиш масаласи қўйилган эди. Бунда уларнинг айбсиз ёки айбдорлиги эмас, кўпроқ қайси миллатга мансублиги ёки ўзга мамлакатдан чиққанлиги эътиборга олинарди. Масалан, эрони, афғон ёки СССРда яшамайдиган ўзга миллат вакили эканлиги ва ҳоказо. Рақамлар ва кўрсаткичлар ортидан қувиш шу даражага етдики, ҳатто Калмиков бу борада бошқарма бўлинмалари ва НКВДнинг туман бўлимлари ўртасида ўзига хос мусобақа ҳам уюштирди. У ҳар бир йиғилишда келгуси ҳафтада қайси бўлим қанча кишини ҳибсга олиши лозимлиги тўғрисида аниқ рақамлар кўрсатилган топшириқлар берарди. Унинг топшириғини бажармаганлар йиғилишларда кескин танқид қилинар ва ҳатто уларнинг устидан масхаралаб кулиш даражасига борилар эди. Ходимларга қарата “агар аксилинқилобчилар билан курашишни истамасангиз ариза беринг, мен сизларга бошқа жой топиб бераман”, деб тез-тез такрорларди. Ана шундай “мусобақалар” ташкил этилгандан сўнг аҳвол шу даражага бордики, НКВД вилоят бошқармаси 4-бўлими раҳбари Васильев ва 3-бўлим раҳбари ўринбосари Комочков бир-бирининг хонасидан одамлар устидан тўпланган материалларни (ҳужжатларни) ўғирлашган. Баъзан 4-бўлим аллақачон ҳибсга олган шахслар учун 3-бўлим яна ордер ёзган ҳоллар ҳам учраб турарди. Ана шу ордер бўйича одамларни қамоққа олишни кўзлаб, 3-бўлим ходимлари бирор-бир қишлоққа боришса, уларни 4-бўлим 5-6 кун аввал олиб кетгани маълум бўлиб қоларди.
1938 йил апрель ойи бошида ўтказган йиғилишида Калмиков ҳар бир туман бўлими раҳбарига қанча кишини қамаши лозимлиги тўғрисида аниқ рақамларни кўрсатиб топшириқ берди. НКВДнинг Паст Дарғом бўлими бошлиғи Раҳимовга 50 нафар корейс миллатига мансуб одамларни ҳибсга олишни топширди. Булунғур тумани бўлими бошлиғи Демишевга ҳам 50 нафар кишини қамаши кераклиги ҳақида айтишганида у “савдолашиб” бу рақамни 20 тага туширишга муваффақ бўлди. Бундай йиғилишларда НКВДнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Калмиков Самарқанддаги кўрсаткичларни бошқа вилоятларда қанча одам “аксилинқилобий фаолият”га айбланиб қамалганлиги ҳақидаги кўрсаткичлар билан таққослар ва бошқалардан орқада қолмасликка чақирарди. У ҳар гал, қаерда ишламасин бу борада биринчилардан бўлганлигини ва Самарқандда ҳам биринчи бўлиб қолажагини такрорлашни ёқтирарди.
Савол: Сиз ҳибсга олинганлар бўйича тергов олиб борганмисиз?
Жавоб: Мен шахсан фақат иккита иш бўйича тергов олиб борганман. Бошқа вақтлар тергов ишларини кўриб чиқиш ва айрим топшириқларни бажариш билан шуғулланганман.
Савол: Ҳибсга олинганларга нисбатан жисмоний таъсир чоралари қўлланилганми?
Жавоб: Ҳа, қўлланилган.
Савол: Айтингчи, бу иш қандай ташкил қилинарди?
Жавоб: 1938 йилнинг баҳор ойларида Калмиков мени ўз хонасига чақирди ва маҳбусларни тергов қилиш жараёнида уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказиш ҳақида кўрсатма борлигини айтиб, бир ўзи бу ишнинг уддасидан чиқолмаслигини, шу сабабли мени ўзига ёрдамчи қилиб олишлигини билдирди. Мен аввалига унинг таклифига эътироз билдирдим. Лекин Калмиков, партия шуни талаб қилаяпти, деганидан сўнг кўнишга мажбур эдим. Калмиков менга жисмоний тазйиқ, куч ишлатиш фақат унинг ёки у рухсат берган тезкор вакил томонидан амалга оширилишини тушунтирди.
Калмиковнинг буйруғига кўра куч ишлатиб, яъни жисмоний тазйиқ ўтказиб, сўроқни амалга ошириш учун махсус хона жиҳозланди. Бу ерга ҳибсга олинганлар олиб келинар ва Калмиков уларни уриб-тепиб, қайсидир давлат фойдасига жосуслик қилинганини бўйнига қўйиши учун бутун чораларни қўлларди. Маҳбусларни асосан Калмиковнинг ўзи урарди. Улар бўйнига қўйилаётган айбни тан олавермагач, ўйлаб кўришлари учун маълум муддатга муздек хонада ёлғиз қолдиришарди. Шунда ҳам тан олмаса, уни уриб-тепиш, жисмоний азоблаш янада кучлироқ усулларда давом эттириларди. Бутунлай ҳолдан тойган маҳбус охир-оқибат ўзига нима айб қўйилганини тушунмаса ҳам тан олишга мажбур бўларди.
Савол: Маҳбусларга жисмоний азоб бериладиган хона сизнинг тасарруфингизда бўлганми?
Жавоб: Ҳа, Калмиковнинг буйруғига кўра мен бу камера учун масъул эдим. Маҳбусларга жисмоний азоб бериб, уриб-тепишганига ўзим гувоҳ бўлганман.
Савол: Қанча маҳбус бундай қийноқларга дучор қилинган?
Жавоб: Менинг тахминий ҳисобимга кўра, ўз кўзим билан кўрганим 50 га яқин киши ана шу усулда қийноққа солинган. Аниқ рақамни келтиролмайман, чунки бундай терговларнинг ҳисоби олиб борилмаган.
Савол: Ҳибсдагиларнинг қайси тоифасига бундай жисмоний қийноқ усуллари қўлланилган?
Жавоб: Калмиковнинг менга айтишича, уларнинг барчаси халқ, давлат душманлари деб ҳибсга олинган. Лекин уларнинг душман бўлган-бўлмаганлигини мен билмайман. Чунки тергов материллари (ҳужжатлари) билан танишмаганман.
Савол: Қамоққа олинган аёл маҳбусларга хам жисмоний азоблар қўлланилганми?
Жавоб: Менинг, тезкор вакиллар Попащенко ва Мерецкий кўз ўнгимизда НКВД Самарқанд вилояти бошқармаси 3-бўлими бошлиғи Смольников Куриленко деган маҳбус аёлни ниҳоятда қаттиқ жисмоний жазога дучор этди. Ҳолбуки, бу пайтда “учлик”нинг бу аёлга ўлим жазоси бериш ҳақидаги қарори чиққан эди.
Савол: Куриленкони кийинган ҳолда уришдими?
Жавоб: Йўқ, Смольников унинг елкасидан тортиб паст қисмигача ялонғоч қилди ва баданининг орқа томонига ура бошлади. Бунда у аёлдан ўзини қизиқтирган одамларнинг аксилинқилобий фаолияти ва жосусликлари ҳақида нималарни билишини ҳамда бу тўғрисида кўрсатма беришини талаб қиларди. Куриленко ана шундай азобланишлардан кейин Смольников нима деса, тасдиқлашга мажбур бўлди.
Савол: Куриленкони уриб, қийнашаётганида Калмиков ҳам қатнашганмиди?
Жавоб: Эсимда йўқ.
Савол: Жисмонан азоблашга дучор этилган маҳбуслардан қанча киши кейинчалик озод этилган?
Жавоб: Бундай одамлардан фақат корейс Тэн Андрейни биламан. Бошқа ҳеч кимни эслолмайман.
Савол: Жисмоний азоблаш чоралари қўлланилган маҳбуслар қандай шароитда сақланар эди?
Жавоб: Калмиковнинг буйруғига кўра улар бошқа маҳбуслардан ажратилиб, 16,17,20-рақамли 3 та камераларда сақланарди. Калмиков менга бу хоналар устидан қаттиқ назорат ўранатишимни тайинлаганди. Шу сабабли бу камераларга мендан бошқа ходимнинг кириши таъқиқланарди. Уларда сақланаётган мақбуслар фақат кечалари менинг назоратимда тоза ҳавога олиб чиқилар ва ушбу ҳибсхоналарнинг калитини ўзим билан олиб юрардим. Бу ердаги маҳбусларни уларнинг таналаридаги тепки ва бошқа қийноқлардан қолган излар битиб кетгунича ушлаб турардик. Кейин умумий камераларга ўтказиларди.
Савол: Қалбаки тергов материалларини тайёрлаш ва улар асосида сунъий равишда одамлар устидан иш қўзғаш ҳоллари ҳам бўлганми?
Жавоб: Менга миллати хитой бўлган Фу Боу Си устидан шундай иш қўзғатилганлиги маълум. Уни терговчи Бапишев сўроқ қилган. Бу ишда яна Ван Тун Чун деган киши гувоҳ сифатида ўтган. Сўроқ далолатномасида гуё гувоҳ Ван Тун Чун Фу Боу Си корейслар ўратасида 1937 йилда аксилинқилобий тарғибот олиб борганлигини эшитгани ёзилган. 1939 йил 22 февралда ўтказилган қайта тергов давомида Ван Тун Чун ўзининг корейс эканлигини ва хитой тилини умуман билмаслигини айтди. Фу Боу Си эса хитой миллатига мансублигини ва корейс тилидан мутлақо бехабарлигини кўрсатди. Шу сабабли Фу Боу Сининг корейслар ўртасида аксилинқилобий тарғибот олиб бориши умуман мантиққа тўғри келмайдиган гап эди. Ван Тун Чун уни Бапишев ҳақиқатан ҳам 1938 йил 10 ноябрда сўроқ қилганлиги ва фақат Фу Боу Сини танийсанми, деб савол берганлигини айтди. Бошқа ҳеч қандай савол бўлмаган. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Бапишев бу жиноий ишни бошдан-оёқ сунъий равишда пайдо қилган.
1939 йилда олиб борилган тергов ишлари билан танишар эканман, уларнинг бир қисмига НКВД томонидан ёлланган хуфяларнинг ўзлари гувоҳ сифатида жалб қилинганлигини кўрдим. Бундай ҳоллар Паст Дарғом, Каттақўрғон, Самарқанд туманлари НКВД бўлимлари фаолиятида кўплаб учраган (яъни, бу гувоҳлар терговчи томонидан атайлаб, бошқаларга туҳмат қилиш учун тайёрланган).
Савол: Бошқарма бошлиғи Калмиков сизнинг бундай ҳолатлар ҳақидаги ахборотларингизга қандай муносабат билдирди ва шунга йўл қўйган ходимларга нисбатан чора кўрилдими?
Жавоб: Ўзбекистон НКВДси ҳузуридаги “учлик”нинг айрим ясама тергов ишлари бўйича эътироз билдирилган қарорлари кела бошлагач, 1938 йил октябрь ойи бошларида мени хонасига чақириб, маҳбуслар билан қайта ишлаш (яъни, жисмоний тазйиқ ўтказиш)ни давом эттирамиз, деди. Шундан сўнг Калмиков ҳар куни соат 3-4 ларда олий жазога ҳукм қилинганлардан бирини олиб келтиртириб, улардан ўзлари ўтирган камераларда кимлар аксилинқилобий тарғибот олиб бораётганлиги ҳақида ахборот беришни талаб қиларди. Агар маҳбус унинг талабига кўнмаса, махсус тайёрланган хоналардан бирига олиб бориб, аёвсиз калтакланарди. Улар олий жазога ҳукм қилинган бу маҳбуслардан ўзларини қизиқтирган кишилар устидан маълумот беришни талаб қилишарди. 3-бўлим бошлиғи Смольников ҳам ундан қолишмасди. Қўлидаги ҳужжатлар ҳибсга олинган кишиларнинг бўйнига турли айбларни қўйиш учун етарли эмаслигини билса, қийнаш усулини қўлларди. Масалан, 1938 йилнинг октябрь ойида ўлим жасоси берилган маҳбуслардан Эрвольд, Стегеняк ва бошқалар, жами 10 кишини шахсан Калмиковнинг ўзи қийнаганини кўрганман. Смольников ҳам бу ишда қатнашарди.
Смольников бир гал ўлим жазосига ҳукм қилинган Коржиневскийни қийнар экан, ундан Разваляев деган шахс ҳақида, бу одамнинг камерада қандай аксилинқилобий тарғибот олиб боргани тўғрисида кўрсатма беришни талаб қилди. Каржиневскийни бунга мажбурлади ҳам. Кейинчалик унинг иши билан танишганимда, бу одамнинг “зараркунандачилик фаолияти” ҳақида Коржиневскийдан қийнаб олинган маълумотдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини кўрдим.
Савол: Куриленко, Эрвальд ва бошқаларнинг Калмиков ва Смольников томонидан қийноққа солинаётган пайтида улар аллақачон ўлим жазосига ҳукм қилингалигини қаердан билардингиз?
Жавоб: Мен Калмиковнинг столи устида “учлик” томонидан уларнинг отувга ҳукм қилингани ҳақидаги қарорни ўз кўзим билан кўрганман. Калмиков уларни ана шу рўйхат бўйича чақиртирар ва ҳукм ижро этилишидан олдин қийноққа солиб, ўзига керакли маълумотларни ёздириб оларди. Бу қийноқлардан кейин эртаси куни улар отиб ташланарди.
Савол: Маҳбусларни сўроқ қилиш учун музлатилган алоҳида хоналар бўлганми?
Жавоб: Умуман иситилмайдиган совуқ хонада бир корейс қиш пайтида ёлғиз кўйлакда сўроқ қилинаётганини кўрганман. Унинг кийимлари ерда ётарди. Бундан ташқари, 8 ва 9-камераларда сўроқ қилинаётган ўзбеклар ҳам фақат кўйлакда туришарди. Апрель, май ойида Калмиков ва Смирновнинг буйруғи билан жисмоний қийноққа солинаётган маҳбусларни совуқ хоналарда ёлғиз кўйлак ёки гимнастёркада қолдириб азоблашарди. Масалан, маҳбус Кошир ва бошқалар шундай хонада 5-6 кунлаб сақланди.
Савол: Терговга яна нималар ҳақида айтмоқчисиз?
Жавоб: Бошқармада ўтказилган йиғилишда 3-бўлим бошлиғи Смольников ўлим жазосига ҳукм қилинганларга нисбатан жисмоний азоб чораларини қўллаганлигини бутунлай рад этди. Ҳолбуки, бундай ишларга бош-қош раҳбарлардан бири унинг ўзи эди. Ана шундай ишларни бажариш учун ходимларни ўзи тайинлар, уларни азоблашда шахсан иштирок этар, кейин маҳбусни терговчи қўлига топшириб, қандай саволларга жавоб олиш лозимлигини уқтирарди. Смольников менинг кўз ўнгимда Луиза Куриленко, Демчук, Корженевский ва бошқа қатор миллати ўзбек, эрони, тожик, татар бўлган маҳбусларни аёвсиз дўппослаган.
1937-1938 йиллар қатағонида НКВД ҳибсхоналаридаги жисмоний азоблашлар, таҳқирлашларни, қамоқхонадаги хўрликларни бошдан кечириб, омон қолган айрим кишиларнинг 1956-1959 йилларда уларнинг “жиноий иши” бўйича ўтказилган қайта терговда берган кўрсатмаларидан:
Шайманов Турум – Митан тумани коммунал хўжалигининг бошлиғи бўлиб ишлаган. 1938 йил май ойида “аксилинқилобий гуруҳ аъзоси”, деган айб билан НКВДнинг туман бўлими бошлиғи Федяев томонидан ҳибсга олинган. Ўша йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилояти суди томонидан 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг 1959 йил 27 февралда КГБ майори Бобилёв томонидан қайта тергов қилинган пайтда берган жавобларидан:
НКВД ходимлари менинг “аксилинқилобий гуруҳ аъзоси” эканлигимни бўйнимга қўйиш учун қўлидаги барча имкониятларни ишга солишди. Улар мени бир неча кеча-кундуз тик оёққа қўйиб сўроқ қилишар, уриб-тепишар эди. Бир терговчи чарчаса, иккинчиси келиб уни алмаштирарди. Ана шундай азоблардан бутунлай ҳолдан тойиб, уларнинг тазйиқи остида нималарга қўл қўйдиришганини эслолмайман ҳам. Жазони ўташ учун Россиянинг Перм вилоятидаги концлагерга жўнатишди. Мен билан бирга ҳибсга олинган ҳамюртим Бекмурод Нормуродов бундай азобларни кўтаролмай ўша ерларда вафот этди...
Раҳима Исломова – 1938 йилда, 21 ёшида Митан тумани комсомол қўмитасининг I котиби бўлиб ишлаган. Аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, ўша йили НКВД томонидан ҳибсга олинган. “Учлик” томонидан 8 йил қамоқ жазоси берилган.
НКВДнинг Содиқов деган терговчиси мени ҳақоратлаб урар, Ўзбекистон комсомолининг I котиби Ортиқовга нисбатан ёлғон кўрсатма беришимни талаб қиларди. Ҳолбуки, бу одамни бир марта – туман комсомолининг I котиблигига тасдиқдан ўтиш учун Тошкентга борганимда кўрганман, холос. Беш кеча-кундуз Содиқов ва бошқалар навбати билан сўроқ қилишда давом этди. Оқибатда ҳолдан тойиб йиқилдим ва терговчи менга аллақандай қоғозларга қўл қўйдирди. Ўша пайтлар рус тилини яхши билмаганим учун у ерда нима ёзилганлигини тушунмасдим.
Рўзиқул Юсупов – 1917 йилгача Самарқандда бошланғич маълумот олган. Рус-тузем мактабини, гимназияни битирган. Инқилобдан кейин Самарқандда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 1937 йилда “Миллий Иттиҳод” ташкилоти аъзоси бўлганликда айбланиб, ЎзССР НКВДси томонидан ҳибсга олинган. 10 йилга концлагерга ҳукм қилинган. У СССР НКВДси раҳбари номига ёзган шикоятида қуйидагиларни маълум қилади:
Мени ўн бир кун давомида терговчи Исмоилов ва бошқалар энг оғир қийноқ усулларини қўллаб сўроқ қилишди. Ҳушимдан кетганимда тўпиққача келадиган сув босган хонага ташлашарди. Бундай даҳшатли усуллар бир нарсага – одамларнинг иродасини синдиришга, қилмаган ишини қилдим, деб тан олишга мажбурлашга қаратилганди.
Юқорида ёзилганларни ўқиб, ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағон сўрони қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлганлиги, улар оғир қийноқлар остида қилмаган ишини “қилдим” деб бўйнига олишга мажбурланганлигини кўрдингиз. Ундан кейинги 1940-1950 йилларда ҳам бундай усулни қўллаш давом эттирилди. Ҳозирча тахмин қилинаётганидек, ўзбекистонлик 130 минг киши қатағон домига тортилган бўлса, уларнинг аксарияти ана шундай қийноқлар чиғириғидан ўтказилган эди.
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.