"Ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора кўриш вақти келди": 2022 йил – журналистлар ўлдирилиши бўйича рекорд йил бўлди
Халқаро Журналистлар Федерацияси (FIJ)нинг Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан қабул қилинган декларациясига кўра, жорий йилда ўлдирилган журналистлар сони максимал даражага етган.
Жорий йилнинг 1 январидан буён дунёда 67 нафар ОАВ ходимлари ҳалок бўлган. Бу ўтган йилга нисбатан 20 нафарга кўпдир.
Биргина Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида уч нафар журналистнинг ўлими ҳақида маълум бўлди.
Дастлаб Америкалик журналист СБС телекомпанияси журналисти Грант Уол Қатардаги жаҳон чемпионатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. У Голландия-Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ёритаётганда ҳушидан кетган ва ўзига келмаган. Унинг оиласи бу қотиллик бўлиши мумкинлигини айтган.
Кейинроқ Қатар телеканали фотомухбири Ал-Касс Холид ал-Мисслом ҳам жаҳон чемпионати вақтида вафот этгани маълум бўлди. У ҳам турнирни ёритиш чоғида тўсатдан вафот этган. Ўлимининг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.
Кеча, 13 декабрь куни ITV Спорт техник директори Рожер Пирснинг ўлими маълум бўлди.
Июнь ойида фаластинлик Ал-Жазира аёл журналисти Ширин Абу Аклеҳ Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрига босқинини тасвирга олиш чоғида ҳалок бўлган эди.
Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Журналистлар ҳалок бўлган мамлакатларнинг рейтингида биринчи ўринда Украина турибди. Россия босқинининг бошидан бери бу ерда 12 киши ҳалок бўлди. Ундан кейинги ўринларда Мексика – 11 нафар, Гаитида 6 нафар журналист ўлдирилган.
FIJ қайд этишича, сиёсий репрессия қурбонига айланган журналистлар сони ҳам ошган. Ҳозирда 375 нафар ОАВ ходимлари панжара ортида. Хитой ва унинг Гонконгдаги иттифоқчилари 84 нафар қамоққа олинган журналистлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, кейингилар Мьянма (64), Туркия (51), Эрон (34), Беларус (33), Миср (23), Россия ва босиб олинган Қрим (29) Саудия Арабистони (11), Яман (10), Сурия (9) ва Ҳиндистон (7)дир.
Халқаро Журналистлар Федерацияси БМТнинг навбатдаги Бош Ассамблеясида Журналистларни ҳимоя қилиш ва хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияни овозга қўйиш ниятида. “Демократиянинг асосий устунларидан бири бўлган журналистикани ҳимоя қилиш бўйича аниқ чоралар кўриш вақти келди”, деди ФИЖ бош котиби Энтони Белланжер.