Ҳиндистон полицияси зарарли шовқин-суронга қарши қизиқ усулни таклиф қилди

Автомобилларнинг беўхшов сигнали аҳоли гавжум шаҳарларда ҳар қандай кишини ақлдан оздиради. Ҳиндистонда унга қарши оддий ишончли усул топишди. Транспорт муаммоси ҳар қандай мамлакат мегаполиси учун бош оғриқ иш. Аҳолиси сони бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда турадиган Ҳиндистон ҳам бундан холи эмас. Кўчалардаги тирбандликдан жиғибийрони чиққан ҳайдовчилар ўз ғазабларини тўхтовсиз сигнал бериш билан билдиради. Айниқса, чорраҳаларда, светофор олдида сигналлар ақлдан оздирар даражада кучаяди.
Мумбай полицияси зарарли шовқин-суронга қарши қизиқ усулни таклиф қилишди. Усул оддий ва арзон. Ҳаммаси худди ҳинд киноларидек. Тажриба тариқасида чорраҳаларда светофор ёнига акустик датчиклар ўрнатилди. Агар бесабр ҳайдовчиларнинг сигнали шовқини 85 децибалдан ошса, светофорнинг қизил чироғи яшилга ўтмайди. Ҳадеб сигнал беравериш вазиятнинг янада чигаллашишига олиб келишини тушунган ҳайдовчи ҳовуридан тушади. Шаҳарнинг барча кўчаларида, чорраҳаларда ўтказилган тажриба бу усул шовқиннинг сезиларли даражада пасайишига олиб келишини кўрсатди (“Мир новостей” 2020 йил 10-сон).
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.