Ҳиндистонда 70 га яқин одам номаълум касалликдан вафот этди
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида сўнгги бир ҳафта ичида номаълум вирусли безгакдан 68 киши вафот этгани ҳақида хабар қилинди, уларнинг 40 нафари болалар, 12 нафари охирги 24 соат ичида вафот этган.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, беморларнинг кўпчилигида юқори иситма, сувсизланиш ва қондаги тромбоцитлар даражасининг пасайиши ташхиси қўйилган. Баъзи беморларда денге (субтропик ва тропик иқлимли минтақаларда кенг тарқалган хавфли вирусли касаллик) аломатлари - юқори иситма, кучли бош оғриғи, мушаклар оғриғи, кўнгил айниши ва лимфа тугунларининг шишиши кузатилган.
"Туманлардаги вазият қўрқинчли – сув ботқоқланиши, санитария ва гигиена йўқлиги касалликнинг тарқалишига замин бўлмоқда", деди шифокорлардан бири Маниш Асижа Times of India нашрига.
Расмийларнинг таъкидлашича, давомли ёмғирлар сабабли ошган намлик ва юқори ҳароратдан жабрланган ҳудудлар қон сўрувчи ҳашаротлар орқали юқувчи касалликлар тарқалиши учун айнан қулай жойга айланмоқда.
Г.Холдорова тайёрлади.