Ҳожи бобо нимадан норози?

Салим бобо Янгиариқ бўйларида униб-ўсган, шу ерда яшайди, савоб ишни яхши кўради. 5-6 йил илгари шу ариқ бўйида терак ўстириб, ёғочини темирга алмаштириб, кўприк қуриб берди. Аммо… шу икки ўғил муаммоси битмаяпти-да.
Ўйлаб-ўйлаб, болаларини шу ариқ бўйидаги қирғоқ минтақа зонасида деҳқончилик қилишга кўндирди. Бу жойни фермер хўжалигига қўшиб олган Асадилла Дўстов аввалига хўп, деди, аммо кейинчалик улар келиша олмади. Кейин… қабулимга келди.
– Ука, бориб кўринг, канал қирғоқ зонаси хароб бўлиб ётибди. Фермер тайинли ҳосил олмайди. Бу ер кимга тегишли эканини ҳам билмаймиз. Ҳокимга борсам, сув хўжалигиники, дейди. Сув хўжалигига борсам, ҳокимиятга боринг, дейди.
Аввал айрим раҳбарларга телефон қилдим.

– Олдимга келсин, (мутахассис юбораман, демади) маслаҳат қиламиз, ёрдам берамиз, – деди ҳоким.
– Қишлоқдан четроқда ерлар бор, лекин Салим бобо уйига яқин жойдан ер сўраяпти, – деди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси Барно Мамадалиева. – Фермер билан эса тил топиша олмаяпмиз. Майли, бир гаплашиб кўраман.
Уйига яқин деган жой оралиғи 1,5 километр экан.
Минг афсуски, иккаласи ҳам сўзида турмади. Ҳеч ким масалани жойида бориб ўрганмади. Охири мухбир юбордик. Муаммонинг тагига етиш қийин кечди. Қирғоқ минтақаси қандай қилиб фермер хўжалиги ҳудудига "суғориб ҳайдаладиган ер" деб киритилганини ҳеч ким изоҳлаб беролмади. Салим бобо эккан 300 туп теракдан 45 таси бор. Қолганини синдириб ташлашган. Ер эса ўша ҳолича турибди. "Дарғом" ирригация тизими идораси С.Розиқов билан шартнома тузишни истамайди.
Ҳожи бобо "Президентнинг гапларидан кейин ҳам бу раҳбарлар ўзгармайди, ука", деб қўл силтаб кетди. Дарвоқе, бу мақолага на вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, на "Дарғом" ирригация тизими идораси, на Ургут туман ҳокимлиги муносабат билдирмади. Эҳтимол, ўқишмагандир.
Орадан икки йил ўтгач, яқинда Салим бобо яна келди.

– Ука, наҳотки ернинг тақдирини бир ўжар фермер ҳал қилса? Ернинг умри бекор ўтяпти, – дея қизишди Салим бобо. – Ҳокимлик, кадастр, ирригация тизими бу атрофни тартибга олиш билан мутлақо қизиқмайди. Порталга шикоят ёздим. Ирригация тизими "Бизда бу одамнинг аризаси йўқ", деб қутулибди. Уялишдими, ишқилиб, мендан ариза ёздириб олишди. Булар Президентни алдашдан ҳам қўрқмас экан, тавба!
Охири "Дарғом" ирригация тизими бошқармаси раҳбарига қуйидаги саволлар билан ёзма мурожаат қилдим:
1. Ургут тумани, Янгиариқ маҳалласи ҳудудидаги ПК-138 ва ПК-140 оралиғидаги қирғоқ минтақа зонасидаги ерлар айни вақтда қайси ташкилот    тасарруфида?
2. Ушбу қирғоқбўйи муҳофаза ерлари бўйича бирор юридик ёхуд жисмоний шахс билан ижара шартномаси имзоланиб, фойдаланишга берилганми? Агар кимгадир берилган бўлса, шу кунгача қанча иқтисодий фойда кўрилган?

3. Қайси ҳолатларда фуқароларнинг қирғоқбўйи муҳофаза ерларидан фойдаланиш бўйича таклифи рад этилиши мумкин?
4. Қирғоқбўйи муҳофаза ҳудудлари фермер хўжаликлари тасарруфига ўтказиб юборилган тақдирда қандай чора кўрилади?
2017 йил 6 декабрда юборилган хатга 2018 йил 18 январь куни "Дарғом" ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Ш.Тўраев имзоси билан қуйидаги жавобни олдик:
"Сизнинг 2017 йил 6 декабрдаги № 312 сонли хатингизга жавобан "Дарғом" ирригация тизими бошқармаси Сизга шуни ёзиб маълум қиладики, Ургут тумани Аълохотин МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи "Янгиариқ" каналининг қирғоқ минтақа ер майдонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарорини татбиқ этиш мақсадида ерни ижарага бериш шартномаси фуқароларга канални қирғоқ минтақа ерига тол, терак экиб парвариш қилиш учун шартнома асосида берилмоқда.
Шунга қарамасдан, туман ер ресурслари кадастр мутахассислари каналнинг қирғоқ минтақа ер майдонигача фермер хўжалигига ўлчаб бермоқда".

Энди Ургут туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи И.Жўллиевнинг туман ҳокими ва ариза муаллифига хатини ҳам келтириб ўтсам.
"Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими тумандаги Мирзақишлоқ қишлоқ фуқаролар йиғини Аълохотин маҳалласида яшовчи фуқаро Розиқов Салимнинг туман ҳокимлиги номига ёзган аризаси юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Фуқаро Розиқов Салим худди шундай мазмундаги хат орқали муқаддам ҳам мурожаат қилган. Мурожаат туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, ўрганишда фуқаро Розиқов Салим талаб қиладиган ер майдони фермер хўжалигига ажратиб берилганлиги, ер майдонидан фойдаланиш учун фермер хўжалиги билан ички шартнома тузиб ишлашлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган бўлса-да, фуқаро Розиқов Салим тушунтиришлардан қониқиш ҳосил қилмаган. Фуқаро Розиқов Салимнинг талаби бўйича ер майдони ажратиб беришлик тўғрисида Янгиариқ агрофирмаси раҳбариятига тегишли маълумот ва кўрсатмалар берилди".
С.Розиқов кўтариб юрадиган сумкадаги бундай савол-жавоб ва хатларни тўплаб, болалар боғчаси печига ёқсангиз, бинони икки кун иситар. Ҳа, тўғри айтдингиз, ёлғон ёзилган бу қоғозларда тафт ҳам бўлмаса керак.

Майли, келинг, одилона фикр юритайлик. Салим бобога қонун ёки тартибга (эҳтимол, кимнингдир истагига) кўра, ер берилмасин ҳам. Лекин ушбу низони амалдаги тартибга кўра, туман ҳокимлиги ёки "Дарғом" ирригация тизими бошқармаси ҳамма тегишли идоралар вакилларини йиғиб, бир-икки соат ичида масалага жойида нуқта қўйса бўлади-ку. Уларга одамлар билан ишлаш қоғоз билан ишлаш эмас, деган ҳақиқатни ким айтади?
Айтгандай, "Зарафшон"нинг 2014 йил 7 август 94-сонидаги мақолада "Дарғом" ирригация тизимидаги яна бир муаммо келтирилган. Демак, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси тармоқдаги муаммоларни ўрганиш учун жиддий чора кўрса бўлмасмиди? Бу муаммолар бугун бўлмаса, эртага албатта, юзага чиқиши аниқ-ку! Уларни албатта, Тошкентдан кимдир келиб, ўрганиб бериши керакми?!

Бу гапни бежиз айтмадим. Ирригация тизимида мутлақо очиқлик йўқ. Ваҳоланки, соҳага давлатнинг жуда катта маблағи сарфланяпти. Қирғоқ минтақасидан олиниши керак бўлган даромад режаси ҳам, ундан тушган маблағ ҳам сир сақланади. Бундан ўзингиз истаганча хулоса чиқариб олаверинг.
Дарё ва каналларни тозалашдаги режалар ижросида рақамлар келтирилади-ю, унинг самараси ҳақида батафсил айтилмайди. Чунки бу натижани ҳеч ким сўрамайди, мабодо сўралса ҳам ёпиқ эшикларда муҳокама этилади.

Юзлаб гектар унумдор экин майдонлари уй-жойга ноқонуний берилиб, қирғоқ минтақалари шу гектарлар ўрнини "тўлдириш" учун унумдор ерлар тоифасига киритилганини саводсиз деҳқон ҳам яхши билади-ку. Шу муаммони вилоят миқёсида ўзимиз ўрганиб, камчиликларни пайдар-пай тузатиб борсак ёмонми?
Энди исм-шарифини маълум қилмаслигимни сўраган мутахассиснинг ушбу фикрини келтириб ўтаман:
– Масаланинг нозиклиги шундаки, – деди у, – қўшилувчилар ўрни алмашгани билан натижа ўзгармайди. Мисол учун, фермер хўжалигида 50 гектар майдон бор. Шунинг 46 гектари суғориладиган экин майдони, қолган 4 гектари эса йўллар, бошқа жойлар деган графага тақсимланади. Агар суғориладиган майдонга "билиб-билмай" иморат қурсак, ўша ҳажмдаги майдон кейинги графаларга қўшилиб бораверади. Асосий рақам – 50 гектар ўзгармаса бўлди. Қирғоқ минтақалари гарчи тошлоқ ёки заххок бўлса-да, шу тариқа "суғориладиган майдон"ларга айланиб қолаверади.

Яқинда булунғурлик жамоатчи мухбиримиз бир ҳолатни айтиб берди. Зарафшон дарёсининг Булунғурдаги ҳудудида янги корхона очилиб, тегишли ташкилотларга шағал етказиб бера бошлабди. Ўша ерда ирригация тизимига дахлдор ташкилот ҳам бор экан. Хуллас, иккала идора раҳбарлари орасида гап қочган. Янги ташкилот устидан навбати билан бешта ташкилотга шикоят ёзишган. Юқори ташкилотлардан келган текширувчилар арзирли камчилик тополмаган, лекин ҳар гал ишчилар вақтини олган, кайфиятини бузган. Натижада ишчи ўрни 100 нафардан 20 нафарга қисқарган.

Йўқ, мен кимнингдир тарафини олмоқчи эмасман. Лекин туман ҳокимлиги ёки шу ишга рухсат берган ирригация тизими бошқармаси махсус комиссия тузиб, масалани жойида ўрганса, солиқ ва кадастр хизматидан вакил чақириб, биргаликда маслаҳат қилса, шунча оворагарчиликка чек қўйилмасмиди? Минг афсуски, ҳали айрим ташкилотлар муайян муаммони ўрганишда бир-бирига бош қўшмайди ёки томошабин ҳолатида туради.
Балки прокуратуранинг тегишли бўлими "Ер кодекси" ва унга дахлдор бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатлар ижросидаги қонунийликни ўрганиб, бу борадаги камчиликларни бартараф этишга ёрдам берар.