Ҳоким қабулига кириш осонми? Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров билан бугунги кун умидли ва ташвишли масалалари ҳақида суҳбат
Жомбойда одамлар фаровон бўлиши учун нима қилиш керак? Нима бизга умид беради? Иқтисодий-ижтимоий ҳаёт қай томонга ўзгармоқда? Тараққиётда моддий манфаатдорликнинг ўрни қандай? Ҳоким стипендияси кимларга берилади?..
Шу ва бошқа турли мавзулардаги саволлар билан Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собировга мурожаат қилдик. Бир қатор ноодатий мавзуларда ҳокимнинг шахсий мулоҳазалари ва қарашлари билан қизиқдик.
- Бугунги кунда туман, шаҳар, жумладан, Жомбой тумани ҳокими қабулига кириш осонми, қийинми?
- Туманга ҳоким бўлиб ишга келган вақтларимда маълум муддат ўтиб бир нарсани сезиб қолдим - ёрдамчим қабулимга келган анча-мунча одамни киритмас экан. Ўша кундан бошлаб ёрдамчим, ўринбосарларим, умуман, ҳокимликдаги барча ходимларга бу бўйича қаттиқ талаб қўйдим: ҳокимликка ким бўлишидан, қайси масалада келишидан қатъий назар, у ҳокимга муаммо қўймоқчими, демак, ҳоким олдига кириши шарт. Куннинг қайси қисми бўлиши ҳам муҳиммас, ўзим шу ерда бўлсам, албатта, қабул амалга ошиши керак. Шу ишни йўлга қўйдик. Одамлар асосан қайсидир муаммони кўтариб келади. Лекин муаммодан қочиш, яшириш, хаспўшлаш ечим эмас.
- Сизни нима ташвишга солади?
- Шу жамиятнинг аъзоси сифатида мени кўпдан буён бир нарса ташвишга солади: одамлардаги лоқайдлик. Бу фақат Жомбойда эмас, ҳамма жойда бор. Эътибор беринг, айниқса, шу кеча-кундузда кўчадан ўтсангиз чойхоналар олдида, маҳалла марказларида кўпчилик тўпланиб ўтирганига гувоҳ бўласиз. Ҳовлига қарасангиз бир аҳволда, уйига кирсангиз ачинарли ҳолат... Бундан ташқари, тўйларимиз, ҳатто аза маросимларида ҳам илгари бўлмаган урф-одатлар кўпайиб кетди. Бу нарсалар ҳар доим мени инсон сифатида ҳам, раҳбар сифатида ҳам ташвишга солади.
- Нима умид уйғотади?
- Одамлар кейинги йилларда ўз шароитини яхшилашга алоҳида эътибор бера бошлади. Мана, ўтган йили иккита қишлоғимиз дастурга тушиб обод бўлди. “Қовун-қовундан ранг олади” деган нақл бор-ку. Кимдир давлат томонидан қуриб берилган уйлар, шароитларни кўриб, кимдир ўз қўшнисини кўриб оиласи учун керакли шароитларни қила бошлади. Ўзим ҳам хонадонларга кирганда “аёлларга шароит яратайлик, уйингизда аристон бўлсин” деб айтаман. Аҳолини ўзида шу нарсаларга ҳаракат бошлангани хурсанд қилади, ёшларимиздаги ҳаракатчанлик ҳам менда умид уйғотади.
- Бугунги фаолиятингиздан кўнглингиз тўладими?
- Кўнглим тўлади, десам, нотўғри бўлади. Ҳеч қачон кўнглим тўлмайди қилаётган ишимдан. Агар биз ишимиздан кўнглимиз тўлиб, мақтовга учиб салгина ҳаволансак, тамом бўлганимиз шу.
- Нима қилсак Жомбойда камбағал қолмайди?
- Жомбойда камбағал одам бўлиши мумкин эмас, агар биз бор имкониятлардан фойдалансак. Камбағал бўлиши мумкин, агар у туғма ногирон бўлса ёки бошқа бир сабаб билан имконияти чекланган бўлса, шунда уни тушуниш мумкин.
Лекин аксарият аҳолимиз бой бўлмаса ҳам ўзини ўзи эплайдиган шароит бор Жомбойда. 55 минг гектар ер майдонимиз бор, аҳолида 6,5 минг гектар томорқа бор. Томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўёлсак одамларимиз камбағал бўлмайди.
- Туманда беш йил олдин солиқ тушуми қандай эди, ҳозир қандай?
- Бу ерга келишимдан олдин, 2019 йилда Хитойга боргандик. Хитойлик мутахассисларга “Сизларда бюджетни ким назорат қилади”, деб савол бердим. Улар елка қисиб ҳайрон қолди: “Нима учун бюджетни назорат қилишимиз керак? Биз унинг ишлатилишини, харажатни назорат қилишимиз керак” дейишди. У ердаги шароит, тараққиёт даражасини кўриб мантиқан хулоса қилдик. Агар тизим бўлса, бюджетни назорат қилиш керакмас. Масалан, автобусда нақд пул ишлатмайсиз, керакли қурилмалар бор, пластик карточкани бир текизиб ўтаверасиз, метро, таксиларда ҳам шу тарзда белгиланган пул ечиб олинади ва ўз-ўзидан банкка бориб тушади пул. Ҳеч қандай назоратга ҳожат йўқ. Рақамли иқтисодиёт мана шу, ҳеч ким қўлига нақд пул олишга ҳожат йўқ, яширин иқтисодиётнинг ўзи йўқ. Шундай бўлгач, уни назорат қилиш ҳам шарт эмас.
Бизда 2021 йил 104 миллиард сўм солиқ тушумларимиз кўзда тутилган бўлса, бу тўлиқ бажарилган. Ёки эскпорт режамиз 29 миллион АҚШ доллари эди, амалда 30 миллион доллардан ошган. Бироқ биз рақамлар ортидан қувмаймиз. Режа белгилаш ва бажариш билан иш тўла-тўкис сифатли бўлмайди. Манбаларни кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз керак.
Лекин бу экспорт кўрсаткичларимиз мени умуман қониқтирмайди. Қолаверса, банкдан ташқари пул айланмалари ҳам кўп. Саноат корхоналарига борамиз, юзлаб одам ишлайди. Лекин ҳисоботига қарасангиз атиги 4-5 киши расман ишлаяпти. Солиқлардан қочяпмиз.
- Эсласангиз, бир вақтлар, фермерлар, тадбиркорларнинг ҳисоб рақамидаги пул ўзининг рухсатисиз ечиб олинарди. Ҳозир ҳам борми шу ҳолат?
- Бор. Баъзи жойларга бориб фермерлар билан гаплашсам, худди мен эртак айтаётгандек, энсаси қотган ҳолатлар бўлган. Яқинда туман марказидаги офислардан бирига кирдим. Бир одам ўтирибди, ҳисобчи экан. “Бухгалтерия марказининг бугалтериман” деди. Ишонасизми, ўтирган иш столининг битта тортмасида 25 та, яна бир тортмасида 30 та печать бор. ИИБ, солиқ, тегишли ташкилотлар вакилларини чақирдик. Бу печатлар фермер хўжаликлариники экан. Фермерлар бухгалтериясини ўзи юритмасдан печатини бериб қўйибди. Бу ҳисобчи нима қилади кейин? Хохлаган жойига кўчиради-да пулни. Банкда ишлаётганларнинг ҳаммаси тўғри ишлайди, деб ўйлайсизми? Ким биландир келишадида, маълум бир фоизи эвазига кимнидир олий ўқув юрти учун тўлов контракт-шартномасига ўтказади ёки кимнингдир тўланмаган кредитига фермернинг пулини ўтказиб туради ёки бошқа бирор ташкилотга ўтказиб ҳаром-ҳариш ишини амалга оширади.
- Жомбойда “Ҳоким стипендияси” ташкил этилган эди, қандай натижалар бўлди?
- Ҳокимлик фаолиятимнинг дастлабки ойларидан шу лойиҳани амалга ошириб келяпмиз. Ўзи кўп эмас, ойлик маошимдан ҳар ой 1 миллион сўм ўқувчиларга ажратаман. Мени қувонтирган нарса шуки, ўтган йил стипендия олган ўқувчиларнинг ҳаммаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Стипендия олгани учун эмас, бу рағбатлантиришга ўқувчиларни тўғри танлаганимизни билдиради.
Анвар Мустафоқулов суҳбатлашди.
(Суҳбатнинг тўлиқ вариантини youtube саҳифамизда кўришингиз мумкин)