Ҳокимлик боғи одамларга нима беради? Прокуратура боғи-чи?

Ёзнинг иссиқ кунларида киши кўнгли, албатта, соя-салқин жойларни истаб қолади. Қаердаки, дарахтзор, яъни яшиллик бўлса шу жойда салқин шабада эсиб туради.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг мақсади жойларда айнан ана шундай муҳит яратишга қаратилган.

“Яшил макон” яратишда, аввало, кексалар ёшларга, раҳбарлар бошқа ходимларга ўрнак бўлиши керак. Масалан, Пайариқ шаҳарчасида туман ҳокимлиги масъуллари томонидан боғ яратилган.

- Мазкур боғ 2024 йил баҳор мавсумида ташкил қилинди, - дейди туман экология ва атроф муҳитни мухофаза килиш, иклим ўзгариши бўлими бошлиғи Дилмурод Рўзиев. – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яратилган боғда 200 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган.

- Бу ерга экилган Каталпа ва Павловния кўчатларини яхши кўкартириб олдик, - дейди шу боғ парваришига масъул ташкилот - туман ободонлаштириш бошқармасининг бош муҳандиси Нурали Одилов. – Аммо экилган кўчатларнинг айримлари, масалан, арчалар қуриб қоляпти. Тўғри, ариқдан оқиб келадиган сув йўқ, лекин махсус машина ёрдамида ҳафтада икки марта суғориб турибмиз. Мутахассислар маслаҳати билан касалликларга қарши курашиш ишларини ҳам олиб боряпмиз.

Туманда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида 906 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута ниҳоллари экилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 974 минг 300 туп кўчат ўтқазилган.

Шу йил баҳорда туманнинг Халқобод маҳалласи ҳудудидаги 1 гектар майдонда прокуратура боғи ҳам яратилди. Бу ерда 500 туп мевали дарахт кўчатлари парваришланяпти.

Агар экилган дарахт кўчатлари яхши парваришланса, бугун яратилаётган боғлар бир неча йилдан кейин ўз мевасини беради, албатта.

Дилноза АҲМАДОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).