Ҳокимликлар томонидан банкларга бўлар-бўлмас топшириқлар берилади(ми?)
Самарқанд вилоятида ҳокимликлар томонидан банкларга бўлар-бўлмас топшириқлар бериб келинаётгани бўйича жуда кўп шикоятлар келади.
Обунадан тортиб, театрга билет сотиб олишгача, кўча (трасса) тозалатишдан, то футболга ҳомийликкача...
Буниси жуда ҳам ўтиб тушди, тўғриси! Самарқанд вилояти ҳокимияти қолиб, энди шаҳар ҳокимияти банкларни “юклатилган вазифани бажармади” деб арзу додини шаҳар прокурорига ёзибди.
Нима эмиш: “берилаётган топшириқларга масъулиятсизлик билан ёндашаётган масъул раҳбарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўришингизни сўраймиз”.
Биринчидан, хатда кўтарилган вазифани банкларга юклатганингиздан қойилман.
Иккинчидан, биз банкларни чет эллик инвесторларга сотамиз деб турган пайтда, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари бўлган, бўлмаган топшириқларингиз билан чалғитмоқдасиз.
Учинчидан, банклар сизнинг шахсий кассирингиз эмас, тўғри келган вазифани уларга юклайдиган.
Тўртинчидан, банк бу тижорат ташкилоти, ҳомийлик ёки бировнинг қолиб кетган ишини қиладиган муассаса эмас.
Сал оғирроқ бўлинг. Банкларни ўз ҳолига қўйинг. Бугун банк фаолиятига тескари ишларга мажбурлаб, эртага яна ҳамма айбни банкларнинг ўзига ағдариб юрманг!