Марказий банк 15 та тижорат банкининг 101 нафар ходимига интизомий жазо қўллади
Жорий йилнинг май-июнь ойларида 15 та тижорат банкининг Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган 74 та муассасасида Марказий банк томонидан хизматларнинг қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир назорат тадбирлари ўтказилган.
Ўрганишлар натижасида тижорат банклари муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қатор қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Жумладан, кредит ва омонат хизматлари ҳақида маълумотлар, шу билан бирга, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги, шунингдек, банк карталари эгаларига айрим молиявий операциялар ўтказишда имкон яратиб берилмаганлиги кузатилган.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича "Ипотекабанк", "Агробанк", "Микрокредитбанк", Халқ банки, "Туронбанк", "Трастбанк", "Капиталбанк", "Миллийбанк", "Ҳамкорбанк", "Асакабанк", "Универсалбанк", "Даврбанк" ва "Ипак йўли банки"га банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида кўрсатмалар юборилган.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланилган.