Марказий банк 16 та тижорат банкини жаримага тортди

Маълум қилинишича, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитасида 2023 йилнинг октябрь ойида тўлов ташкилотлари ва банклар фаолиятининг қонунчилик талабларига мослиги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга ҳамда пруденциал меъёрларга риоя этилиши, шунингдек, уларда ўтказилган текширув натижаларида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.

Хусусан, Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмагани ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламагани сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чеклов ўрнатилди, 1 та тўлов ташкилотининг лицензиясини амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилди ҳамда 5 та тижорат банки ва 1 та микромолия ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликлар учун чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилиб, тижорат банкларининг жойлардаги филиалларида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган қоидабузарликлар бўйича 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, қўмита қарорлари билан тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, шунингдек, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатни соғломлаштириш билан боғлиқ талабларга риоя этиш юзасидан кўрсатмалар берилган.