«Ҳовучида бир сиқим олтини бор довдирдан, калласида билими, қўлида ҳунари бўлган киши бахтиёрроқ...»

Туркиянинг Кастамону университети профессори, филология фанлари доктори Мустафо Саид Арслон Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳматнинг “Фожиа” ҳикоялар тўпламига кирувчи “Янги ҳикоялар”ини турк тилига таржима қилди.

Адибнинг “Янги ҳикоялар”и «Санаторияда», «Нохуш хаёллар», «Фожиа», «Омадсизлик», «Гўрков», «Оқ каламушлар», «Қавмлар ёки Вадим фалсафаси» ҳикояларидан иборат бўлиб, уларда асосий эътибор инсон тақдирига қаратилган. «Инсонга кўп нарса керак эмас, уни уйида кимдир кутиб турган бўлса бас», деб ҳисоблайди ёзувчи. Ҳақиқатан ҳам, инсон ҳаётини турли ўзангга буриб юборадиган ҳаёт сўқмоқлари борки, бу сўқмоқларда адашмасдан юришнинг ўзи бир бахт. 

  Жумладан, “Қавмлар ёки Вадим фалсафаси” ҳикояси бугун жамиятимизда учраб турган муаммоли вазият – кишиларнинг чет элларда ишлаб, рўзғор тебратаётгани, айрим инсонларнинг турли касалликларни орттириб олаётганлари хусусида. Шунингдек, ўзга элларда ватандошларини тунаётган ёки алдов йўли билан турли кўйларга солаётган «миллатдошларимиз» кирдикорлари ҳаётий воқеаларга бой мисоллар билан ёритилган.

«Ҳовучида бир сиқим олтини бор довдирдан, калласида билими, қўлида ҳунари бўлган киши бахтиёрроқ...», деб ҳисоблайди ҳикоя қаҳрамонларидан бири Вадим. Вадимнинг фалсафаси Инсонни Одамхудо сифатида қадрлаш, бутун дунёда Одамхудолар жамиятини барпо эттиришдан иборат. Одамхудо жамиятида қурол-яроғ бўлмаслиги шарт, зотан қуроллар ҳамма вақт ҳам урушларни келтириб чиқаради. Вадим фалсафасини ўз руҳиятида сингдирган Тоғошар ҳам ватанга келиб, шу ғоялар ҳақида фикр юритмоқчи эди. Афсуски, кишиларимиз пул топиш, рўзғор тебратиш, бир-бирини алдаш ва бекорчиликдан нарига ўта олмайди. Чигал муаммоли вазиятлар гирдобида қолган Тоғошар зарарли кимёвий дорилар етказган касалликдан вафот этади. Афсуски, чет элда ишлаб топган маблағи ҳам қавмларининг очкўзлиги ва мутахассисларнинг етишмовчилиги сабаб нотўғри тақсимланади. 

   Тўпламга киритилган бошқа ҳикояларда ҳам жамиятимиздаги оғриқли нуқталар ҳақида сўз боради. Бунда инсон омили ва тақдири бирламчи эканлиги қайд этилган. 

  Мустафо Саид Арслон ҳикояларни таржима қилар экан, инсон ва замин муаммоси ҳар бир кишининг, ҳар бир миллатнинг оғриғи бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

Дилафрўз Раҳматова.