Ҳозирги машиналар консерва банкасига ўхшайдими? ИИББ тушунтириш берди (фото)

Ҳар сафар ҳайдовчи учун оғир якун топган йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганлиги ҳақида хабар эълон қилганимизда, қуйидагилар каби шарҳлар пайдо бўла бошлайди: “Буларнинг ҳаммасига замонавий автомобиллар айбдор! Мустаҳкамроқ бўлганида эди, инсон тирик қоларди!”, “Тўғри, бизнинг машиналаримиз консерва банкаларига ўхшайди, айнан улар ЙТҲга сабаб бўлаяпти!”, “Илгари машиналар танкдек бўлган!”. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ тушунтириш берди:

"Ҳурматли ҳайдовчилар! Билингки, ҳатто КАМАЗлар ҳам ғижимланиб кетади. Қоғоз каби “йиртилади” ҳам. Тезликни оширганда қайсидир автомобилда хавфсизликда бўламан деб ўйламанг. Айнан тезликни ошириш ва бошқа шу каби хатолар йўлларда оғир оқибатларга сабаб бўлади. Бунда автомобиль эмас, уни бошқарган одам айбдор.

Йўл-транспорт ҳодисалари рўй берганда кузов йўғонлигининг хавфсизликка дахли борми? Йўқ, кўплаб автоҳаваскорларнинг бу борадаги англашмовчиликларига қарамасдан, бунинг аҳамияти йўқ. Бугунги кунда кузов панеллари енгилроқ, аммо юқори мустаҳкамликка эга бўлган материалларда тайёрланади. Аммо бугунги кунда хавфсизлик борасида биринчи ўринда юқори мустаҳкамликка эга бўлган пўлат қўлланилган тарзда ишлаб чиқариладиган кузовнинг куч тузилмаси аҳамиятли. Натижада автомобиль оғирлиги пасаяди, кузовнинг қаттиқлиги ошади. Ҳайдовчини ҳимоя қилиб, ўзига асосий зарбани қабул қилувчи қисм ҳам айнан кузовдир.

Аммо гап шундаки, автомобилларнинг “краш-тест”лари кўпинча 50 дан (максимум) 80 километр соатгача бўлган тезликда ўтказилади. Сабаби, турли давлатларда рухсат берилган тезлик кўрсаткичи ана шундай. Аммо реал ҳаётда йўл-транспорт ҳодисаси тезлик сезиларли даражада оширилганда содир бўлади...

Тезлик қанча юқори бўлса, бошқарувни йўқотиб, бирор-бир тўсиққа урилиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Тезлик қанчалик юқори бўлса, зарба кучи ҳам шунчаликка етади. Ҳаттоки, энг мустаҳкам кузовнинг шакли ҳам қўрқинчли тарзда ўзгаради – ғижимланиб, йиртилади ва тиклаб бўлмайдиган ҳолатда қолади.

Биз интернет кенгликларида сиз мақтаган “танкларнинг”, иномаркаларнинг ЙТҲга учраганларидан кейинги ҳолатлари акс этган суратларни топиб, эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Кўриб, ишонч ҳосил қилинг. Тезлик оширилганда кузовнинг шакли автомобиль русумидан қатъий назар ўзгаради.

Шундай экан, тезликни пасайтиринг! Йўл ҳаракати қоидаларини бузманг!