Ҳужжатларда хато ёзилган исм-фамилияни қандай тўғрилаш мумкин?

Таҳририятимизга Нуробод туманидан мурожаат тушди. Унда айтилишича, фуқаронинг паспортига исм-фамилияси Турақулов Журабек деб имло хатолари билан ёзилган. Бу хато фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда ҳам қайд этилган. Фуқаро фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида исм-фамилиясини ўзбек тили имло қоидалари асосида тўғри ёзишни талаб қилган.

ФҲДЁ ходимлари фуқарога бунинг учун аввал ўз паспортидаги ёзувларни ва унга тегишли барча ҳужжатлардаги ёзувларни ўзгартириш кераклигини айтишган. Мурожаатчи битта паспортимдаги имло хатони тузатсам, бошқа ҳужжатларимни ҳам тузатаманми, деган савол билан мурожаат қилган.

Ҳақиқатан ҳам паспортда исм-фамилия нотўғри ёзилган бўлса, уни тузатган фуқаро бошқа ҳужжатларидаги имло хатоларни ҳам тузатадими? Бунинг учун қаерга мурожаат қилиши керак?

Саволларимизга Самарқанд шаҳар 1-ФҲДЁ бўлими мудираси Инобат Бобоқулова қуйидагича жавоб берди.

Ишни нимадан бошлаш керак?

Далолатнома ёзувига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш ФҲДЁ органи томонидан фуқаронинг аризаси асосида амалга оширилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли қарори, яъни “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисида"ги низомда белгиланган.

Фуқаро паспортидаги имловий хатони тузатиш учун дастлаб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ўзгартириши зарур. Бунинг учун фуқаро исталган ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага тегишли тартибда ўзгартириш киритилгандан сўнг ФҲДЁ органи бу ҳақда фуқарога маълумотнома беради. Шундан сўнг фуқаро ички ишлар бўлимига паспортини ўзгартириш масаласида мурожаат этиши лозим. Паспортини тегишли тартибда ўзгартирганидан сўнг фуқаро ўзига тегишли бўлган никоҳ гувоҳномаси, вояга етмаган фарзандларининг туғилганлик гувоҳномалари, ҳатто унга тегишли мол-мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини ҳам ўзгартириши зарур.

Бунинг учун қанча вақт кетади?

Далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш учун фуқаронинг ФҲДЁ органига киритган аризаси мурожаат кунидан бошлаб 10 кун мобайнида кўриб чиқилади. Узрли сабаблар бўлганда муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Тузатиш учун қанча пул сарфланади?

Далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш учун 49500 сўм герб йиғими, 33000 сўм давлат божи, 16500 сўм хизмат учун, жами 99000 сўм тўлов қилинади. Тезлаштирилган тартибда далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, яъни 3 иш кунида амалга оширилса, 66 минг сўм пуллик хизмат ҳақи тўланади.

Агар далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ФҲДЁ органи ходимининг хатоси сабаб юзага келган бўлса, бундай ҳолатда фуқародан пул ундирилмайди.

Хуршида Эрназарова.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.