Ҳукмдор қандай қилиб ўз фуқароларини синади?

Бир куни подшо уч нафар энг яқин хизматчисини чақириб, уларнинг ҳар бирига бўш халталарни берди. Кейин уларга сарой атрофида айланиб, халталарни мева билан тўлдиришни буюрди. Бу хизматчиларнинг самимийлигини текшириш учун қилинганди.

Хизматчиларидан биринчиси подшонинг буйруғига жиддий ёндашди ва топа олган энг яхши меваларни йиғиш ва халтасини тўлдириш учун астойдил ҳаракат қилди. 

Иккинчи хизматчи шоҳнинг буйруғига совуққонлик билан қаради: халтасини яхши ва чириган мевалар аралашмаси билан тўлдирди.

Учинчи хизматчи бошқа икки хизматчига қараганда қарама-қарши иш тутди. У халтасини фақат барглар билан тўлдирди. Унинг мақсади вазифани бажаргандек қилиб кўрсатиб, шоҳни алдаш эди.

Уч хизматчи халталарини кўтариб саройга қайтиб келди. Шоҳ улар нима йиққанини сўрамасдан, ҳар бирини бир ойга алоҳида қамоқхонага юборишни буюрди. Ва шу вақт давомида улар ўзлари халтага тўплаган меваларни истеъмол қилиши кераклиги тайинлади.

Биринчи хизматчи хурсанд эди, чунки унда халтаси тўла яхши мевалар бор эди. Ташвишланмасдан у қамоқхонага йўл олди.

Иккинчи хизматчи хавотирга тушди, унинг овқатининг ярми чирик эди ва берилган муддат давомида етмай қолиш эҳтимоли бор эди.

Учинчи хизматчи умуман овқат йўқлиги сабаб қўрқиб кетди. У шоҳнинг буйруқларини бажаришда бепарволик ва дангасалик билан қаради.

Қиссадан ҳисса: ҳар биримиз ушбу хизматчиларнинг бирига ўхшаймиз. Барчамизга келажак ҳаёт учун яхши ишлар билан тўлдиришимиз керак бўлган китоб берилган. Баъзиларимиз самимийлик қилиб, бисотимизга қилган хайрли ишларимизни йиғамиз, бошқаларимиз эса яхшилик ва ёмонлик амалларини аралаштириб юборадиган қолган икки хизматчи сингари яшаймиз. Яна биров ўз вазифаларини бутунлай эътиборсиз қолдиради ва ҳаётини беҳуда сарфлайди...

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.