Ҳунармандларга субсидия ажратиляпти(ми?)

Ургут туманида ҳунармандлар кўп, аммо шу пайтгача уларга тўғри йўл кўрсатувчи бўлмаган. Кейинги йилларда қабул қилинаётган қарорлар, яратилаётган имкониятлар уларнинг сафини кенгайтириш билан бирга ҳар бирининг рўзғорига мўмай даромад келтириши учун хизмат қиляпти.

Беш йилда беш баравар кўпайди

Бундан 5-6 йил илгари туманда фаолият юритаётган усталарнинг бор-йўғи 51 нафари “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлган. Бугунги кунда аъзолар сони 250 нафардан ошди.

Ургутда фаолият юритаётган ҳунармандларнинг аксарияти уюшмамизга аъзо бўлмасдан, норасмий иш билан банд бўлиб келган, - дейди уюшманинг туман бўлими раиси Ҳамроз Холмирзаев. – Айримлари эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида бир қатор қийинчиликларга дуч келиб, меҳнат қилаётган эди. Кейинги пайтларда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганлар учун мавжуд имтиёзлар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилиши яхши натижа беряпти.

Оддий тикувчилик қилиб, ойига минг доллар топиш мумкин

Буни туманнинг Қуйи Тегана маҳалласида яшовчи ҳунарманд аёл Фотима Эшимова эплаяпти. У фаолиятини бундан 16 йил аввал оддийгина тикув машинаси билан бошлаган. Ҳозирда эса 10 дан зиёд замонавий дастгоҳи бор.

- Бир кунда 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача топаман, - дейди у. – Баъзида буюртмалар кўпайиб, шогирдларим ёрдам қиладиган бўлса кунлик даромад 800 минг сўмга етади. Шогирдларимнинг ҳам қўлини қуруқ қўймайман. Оддий тикувчиликнинг орқасидан ойига минг доллар атрофида пул топяпман. Бугунги кунда 20 дан ортиқ шогирдимга тикувчилик сирларини ўргатишга ҳаракат қиляпман. Уларнинг менга ёрдам бергани фойда, ўзларига эса тикувчилик сирларини ўргангани. 

Фотима Эшимова ҳунармандлар учун берилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиляпти.

- Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 33 миллион сўмлик кредит маблағи ажратилди, - дейди Ф.Эшимова. – Натижада энг замонавий тикув машиналарини сотиб олдим. Шунингдек, "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси бўлиш учун рўйхатдан ўтиш ва бадал пулини қоплаш мақсадида субсидия маблағи ҳам ажратилди.

Қарор ижроси қай даражада

Заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд Рамзиддин Алибоев 2023 йилда хом ашё сотиб олиш учун субсидия маблағи ажратилишини сўраб туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ариза билан мурожаат қилган, аммо...

- Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори асосида туман ҳунармандлари учун субсидиялар ажратиляпти, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари Элмурод Тиллаев. – 2023 йилда 15 нафар фуқаро “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатларини қоплаб бериш учун субсидия маблағи ажратилишини сўраб мурожаат қилган. Барчасининг мурожаатлари қаноатлантирилган. Фақат бир нафар ҳунарманд Рамзиддин Алибоевнинг хом ашё сотиб олиш учун субсидия маблағи ажратилишини сўраб қилган мурожаати бўйича ишлар ҳали охирига етмади. Унинг аризаси “скоринг”дан ўтган ва ҳозирда тўлов жараёнида турибди. Ҳунарманд томонидан сўраган субсидия маблағи бир ҳафта ичида ажратилиши кўзда тутилган.

10 килограмлик либос тайёрланишига 2 ой вақт сарфланган

Яна бир ургутлик ҳунарманд Шоира Мухторова ўтмиш ва замонавийлик уйғунлигидаги миллий либосларни тайёрлаш билан шуғулланади. У шу пайтга қадар 200 нафардан ортиқ шогирдига устозлик қилган. Яқинда ҳунарманднинг шогирдларидан бири устози ёрдамида тайёрлаган аёллар либосининг оғирлиги 10 килограм тош босибди.

- Бу либосни тайёрлаш учун шогирдим 2 ой вақт сарфлади, - дейди Шоира Мухторова. – Замонавий кўринишдаги мазкур либос қадимий тошбосма усулларидан фойдаланиб, қўл меҳнати орқали тайёрланган. Айни пайтда менга шогирдликка тушган 20 нафарга яқин хотин-қизнинг барчаси қизиқувчан, шижоатли ва сабрли. Уларнинг сафини янада кенгайтириш учун ҳаракат қиляпман. Шу пайтгача якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб келаётгандим. Яқинда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлдим. Бунинг қулайликлари кўп экан. Солиқлардан озод бўлдим. Шогирдларимни кўпайтирсам қўшимча имтиёзлар берилар экан. Шу йил шогирдларимнинг сафини 2 бараварга кўпайтиришни мақсад қилганман. Бунинг учун хом ашё керак бўлади. Хом ашё сотиб олиш учун эса субсидия ажратилиши яна бир имконият. 

Бугунги кунда туманда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 251 нафарни ташкил этиб, улар мингдан ортиқ шогирдларга устозлик қиляпти. 2024 йилда аъзолар сонини 500 нафарга етказиш режалаштирилган. Шунда улар тарбиялайдиган шогирдлар ҳам 2 минг нафардан ошади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Феруза МАМАТҚУЛОВА,

Ҳусан ЭЛТОЕВ.