Ҳуқуқий актлар умумий қоидани эмас, амрни ифодалайди
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда катта аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда муҳим ғоялар акс эттирилган.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда. Бунда ҳуқуқий нормалар ва ҳуқуқнинг ўрни муҳим. Ҳуқуқ давлат томонидан яратиладиган ва қўриқланадиган нормалар йиғиндисидир. Ҳуқуқнинг яратилишида эса ҳуқуқий нормалар муҳим аҳамият касб этади.
Ҳуқуқий нормалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуини ташкил этади. Ҳуқуқий норма норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўлланадиган, умуммажбурий бўлган категория ҳисобланади. Ҳуқуқий норманинг хусусияти унинг юридик кучи мавжудлигида кўринади.
Хорижлик олимларнинг таъкидлашича, ҳуқуқий норма ва ҳуқуқ нормаси бир хил тушунча ҳисобланади.
Ҳуқуқий нормалар ўзининг конкрет мазмуни, қоидаларининг характери, амал қилиш соҳалари, ифодаланиш шакли, тартибга солиш предмети ва методлари, санкциялари ва бошқа жиҳатлари билан фарқланади. Шу сабабли улар алоҳида тармоқлар, институтларга ажратилади. Уларни бундай ажратишга ушбу хусусиятлар ва энг аввало, ижтимоий муносабатларнинг турли-туманлиги, ўзига хослиги асос бўлади.
Хорижий тажрибага таянилса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни махсус ваколатли давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан ижтимоий ҳаётнинг муҳим масалалари бўйича амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ва берилган ваколатлар доирасида қабул қилинадиган ҳамда ўзида умуммажбурий қоидаларни ифодалайдиган хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қоидалари йиғиндиси сифатида тавсифлаш мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ваколатли давлат органи ёки мансабдор шахснинг конкрет ҳолатга тегишли ҳуқуқ нормасини амалда қўллаш бўйича алоҳида ҳуқуқ субъектларига қаратилган ва ўзида индивидуал давлат ҳокимий амрни ифодалаган расмий ҳужжат сифатида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидани норматив ҳужжат (ҳуқуқий акт) қабул қилинади.
Ҳуқуқий актлар юридик актлар ичида энг кенг тарқалганидир. Ҳуқуқий актлар ҳуқуқий табиатига кўра норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан қуйидаги жиҳатлари билан фарқланади:
- норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқнинг асосий манбаларидан ҳисобланса, ҳуқуқий акт ҳуқуқ манбаси ҳисобланмайди, янги умумий қоида яратмайди, у ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор қилиниши учун юридик факт-асос бўлиб хизмат қилади;
- ҳуқуқий актлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қабул қилинади;
- ҳуқуқий актлар ҳуқуқ нормаларини ҳар бир муайян ҳолатга нисбатан аниқлаштиради;
- ҳуқуқий актлар ўзида умумий қоида эмас, балки индивидуал аниқ бир қоида, амрни ифодалайди;
- ҳуқуқий актлар ижро этилишига кўра ҳам фарқ қилади;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қонун, фармон, ҳукумат қарори ва бошқа)ларнинг ҳаракат вақти муддати, мабодо унинг ўзида аниқ кўрсатилмаган бўлса, номуайян муддатда амал қилади, масалан, қонуннинг вақт давомидаги ҳаракати унинг ўрнига айнан шу муносабатларни тартибга соладиган янги қонун қабул қилингунга қадар давом этиши мумкин.
Мамлакатимиз қонунчилик ҳужжатига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.
Ҳуқуқий норма қонунчилик ҳужжатлари даражасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади, қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмайди. Шунга кўра, ҳуқуқ нормаларини ўзида акс эттирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан низомлар, қоидалар, йўриқномалар, регламентлар, стратегиялар, концепциялар, доктриналар, дастурлар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.
Регламент, низом, қоида, йўриқнома ва бошқа шунга ўхшаган ҳужжатлар у ёки бу муносабатларни тартибга солишга қаратилган, барча учун мажбурий характерга эга қоидалардан ташкил топган, юридик оқибат келтириб чиқарсада, лекин бундай ҳуқуқий актлардаги қоидалар ҳуқуқ нормаси даражасида юридик кучга эга бўлмайди.
Шаҳарсозлик норма қоидалари (ШНҚ), Қурилиш меъёрий қоидалари (ҚМК), соҳавий мансублигига биноан идоралар (вазирлик, концерн ассоциация ва ҳаказолар) томонларидан тасдиқланадиган ва ушбу идоралар таркибига кирувчи корхона, ташкилотларда қўллаш мўлжалланадиган идоравий қурилиш нормалари (ИКН) ва бошқа тоифадаги норматив ҳужжатлар маълум соҳалардаги муносабатларни техник жиҳатдан қатъий тартибга солса-да, лекин уларда ҳуқуқий нормалар белгиланмаган. Мазкур ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилинмаган ёки қоидалар бузилганда айбдорлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Бу ҳолатда ҳуқуқий нормага таянилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидагича хулоса қилиш мумкин.
Ҳуқуқий норма ва ҳуқуқ нормаси бир хил тушунчалардир. Ҳуқуқий норма - бу давлат томонидан тан олинган ва таъминланган, ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари, бурчлари ва мажбуриятларини белгилайдиган, уларнинг ҳаракатларини намуна, стандарт, хулқ-атвор кўлами сифатида тартибга солишга қаратилган умумий мажбурий қоидаси.
Ҳуқуқий норма - умуммажбурий бўлган, ўрнатилган ёки рухсат этилган ва давлат томонидан қўриқланадиган, одамларнинг иродаси ва манфаатларини ифодаловчи, жамиятнинг моддий шароитлари билан шартланган, уларни тартибга солиш учун ижтимоий муносабатларга фаол таъсир кўрсатадиган хулқ-атвор қоидаси.
Ҳуқуқий норма - ҳуқуқнинг барча нормалари жамланган ҳолда объектив ҳуқуқни ташкил этади ва фақат маълум бир ижтимоий муносабатлар доирасини тартибга солади, соҳа ичида нормалар институтлар ва субинститутлар бўйича гуруҳланган. Норманинг расман белгиланиши норманинг расмий ҳужжатда ўрнатилишини назарда тутади.
Ҳуқуқий норма (ҳуқуқ нормаси)нинг назарий асоси, илмий устқуртмаси, иерархик таъсири, генезиси, унинг яратилиши, мақсади ва қўлланиши, тартибга солиш доирасига кўра техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат (ҳуқуқий акт)ларга ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйиб бўлмайди.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни
муҳофаза қилиш академияси доценти,
юридик фанлар номзоди.