Ибрат олмаган ибрат беролмайди
Болаликнинг қадр-қимматини айнан болалик даврида ҳаётдан нечоғлик ибрат олганинг билан белгилаш мумкин. Ёши катталар ҳам орзу-умидлари фарзандларида бўй кўрсатаётганини кўрса, таскин топади. Гарчи, ҳар янги авлод аждодларидан яхшилигини исботлашга ҳаракат қилса ҳам, катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси ва салоҳияти устувор бўлади. Авлодлар жамиятда ўзига эҳтиёж сезганда фаоллик кўрсата бошлайди. Авлодларнинг бир-бирига боғлиқлиги ҳам шунда.
Бугун, ёшим бир жойга борганда, болаликда кўриб-кечирганларим менга катта сабоқ бўлганлигини англаб етдим. Чунки кўрганларим – менинг бугунги ҳаётим, кечинмаларим – менинг бугунги тафаккурим. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки «Қуш уясида кўрганини қилади».
Ойжамол опа сабоқлари
Ойжамол опа деган татар қўшнимиз бўларди. Ҳаммамиз бу аёлни ҳурмат қилардик ва ундан қўрқардик ҳам. Опанинг бекор ўтирганини сира кўрмаганман. Эрини ҳам (у киши пахта заводида ишларди), тўрт фарзандини ҳам уйда бўш ўтиришга қўймасди. Мабодо, хато қилиб қўйса, ҳамманинг олдида уялтирарди. Бизга – қўшни болаларга ҳам шундай муомалада эди. Лекин ҳеч ким унга «Мен билан нима ишинг бор» демасди. Аксинча, айтганини қилардик. Эҳтимол, шундай тарбия туфайлидир, опанинг болалари ҳаётда ўз ўрнини топди. Ваҳоланки, айрим ўзига тўқ қўшниларимизнинг болалари бундай даражага эриша олмади: бири ўғирлик билан қамалди, бошқаси хотинидан ажралди, учинчиси ичкиликка ружу қўйиб, бу ёруғ оламни эрта тарк этди.
Бунинг сабабларини энди тушуниб етдим. Ойжамол опа болаларининг ўзидан кам бўлишини истамаган. Табиат ҳақидаги бир ҳужжатли фильмда – бир тур балиқларнинг шаршарадан тепага чиқиб, ўша ерда уруғ қўйиб, кейин ўлиб қолишларини кўрган эдим. Балиқ уруғ қўйгандан кейин ўлишини билади. Аммо у насл қолдириш учун ҳаётидан кечади.
Дарвоқе, опанинг икки ўғил, икки қизи ҳам ўз кучига таяниб, эл орасида ўз ўрнини топди. Нурия Хоразм томонларга турмушга чиқиб кетди, узоқ йил ҳисобчи бўлиб ишлади, ҳозир нафақада невара боқиб ўтирибди. Комил ички ишлар полковниги, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлигигача йўлни босиб ўтди. Румия олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида анча муддат ҳуқуқий бўлимни бошқарди. Айни пайтда Ислом академиясида ишлайди. Халилни ҳозиргача Пахтачида ғишт пиширишнинг моҳир устаси сифатида ҳурмат қилишади.
Болаликда олган сабоқларимиз бизга бир умр таянч бўлишини энди тушуниб етяпман. Баъзан уйда олмаган ибратни бола кўчадан, маҳалладан, қўшнилардан олар экан.
Ойсиҳат хола билан Нортожи бобо эрта вафот этган ўғлидан ёдгор қолган набирасини ўзлари катта қилишди. Мен ана шу бола – Раҳим билан бирга ўсдим. Ўша вақтларда уларникига бориб қолгудек бўлсам, хола аввало қўлимни совуқ сувда ювдирар, кейин оёқларимни ҳам совуқ сувга чайдирарди. Кейин бўйнимнинг сочини пакки билан қиртишлаб қўярди. Раҳимнинг кийимлари доим дазмолланган бўларди. Чолу кампир ва бир ўқувчи яшайдиган ҳовлидаги саришталикка ҳамма қўшни ҳавас қиларди. Мен Ойжамол холанинг ҳам, Ойсиҳат холанинг ҳам бирон даврада ушбу фазилатларни пеш қилганини кўрмаганман.
Барибир хонадон тарбия ўчоғи, ҳар кун кўраверганингиз онгингиз тугул вужудингизга ҳам сингиб кетар экан.
Тадбирли бобом ва момом
Уста Тош бобом ҳар ҳафта уй жадвалимни текшириб турарди. Уй жадвали ҳам дарс жадвалига ўхшаган нарса эди (бундай жадвал ҳозирги ўқувчиларда йўқ). Бу жадвалда дарсдан кейин то эрталабгача қиладиган ишларим муҳлати белгиланган бўларди. Ўзи саводсиз бўлса-да, «Болам, жадвалингдаги ҳамма ишни қилдингми?» деб уйга киришда ўнг томондаги деворга осиғлиқ қоғозга қараб қўяр эди. Кечқурун эса «қани, менга битта достон ўқиб бер» деб сўрарди. Достон ўқирдим, бобом мароқ билан тингларди.
Шарофат онам эса мени уй ишларига, ҳатто хамир қориш, овқат пишириш, ҳовлини супуришга жалб этар, меҳнат қилишни ўргатар эди. Эҳтимол, шу туфайлидир, бугун мабодо эҳтиёж туғилиб қолса, ҳар қандай ишни ўзим уддалаш имкониятига эгаман.
Бир куни Тош бобомдан рубоб олиб беришини сўрадим. Дўкондаги нархи 16 сўм 50 тийин экан. Шунда у киши «Болам, пенсиям рўзғорга керак, рубоб оламан десанг, эртага иккита қуён олиб бераман, уч ой кўпайтириб боқсанг 50 сўмга сотасан. Рубоб ҳам, костюм-шим ҳам оласан, чунки рубоб чалган одам шундай кийиниши керак», деди. Ва бобомнинг айтганини қилиб, мақсадимга эришдим. Яна бир сафар қайсидир дўстимга ҳавас қилиб, 20 сўм турадиган костюм-шим олмоқчи бўлдим. Бобом боғимизда «тупроқ бор, уч кунда 1000 дона ғишт қуйсанг 25 сўмга олиб кетишади», деди. Мен шундай қилдим ва бу ишимни қачон, нимадир олишга эҳтиёж туғилса такрорлайвердим. Ўйлаб қарасам, анча-мунча ғишт қуйган эканман. Битта мен эмас, атрофимдаги дўстларим ҳам шундай йўл тутишарди.
Бир куни дарсдан келсам, Шарофат онам қўшнимиз Нурбиби хола билан суҳбатлашиб турган экан. Холанинг саккиз ўғли бор эди. Каттасини уйлантириш учун маслаҳат сўраб чиққан экан. Беихтиёр уларнинг суҳбати, аниқроғи онамнинг гаплари қулоғимга чалинди.
- Нурбиби, сен фақат ўғил катта қилдинг. Уйингда эркакча муҳит шаклланган, буни тушунишинг керак. Сен ҳозир ишимни енгиллатади, деган мақсадда нуқул овқат пиширадиган, кир ювадиган қизга ҳавас қилма. Сен нафақат катта ўғлингни, бошқаларини ҳам тартибга чақира оладиган, уйни саранжом-саришта тутадиган маълумотли, ақлли келин ахтар…
Нурбиби хола момомнинг айтганини қилиб кам бўлмади.
Ҳаёт ҳеч қачон осон бўлмаган. Бурунлари шароит ҳозиргидан оғир бўлган. Турмуш ташвишлари елкадан эзиб, қаддингни букчайтирганда, беихтиёр кўнгилга алам, изтироб оралайди. Бироқ, ўйлаб қарасам, ўша замонларда катталар кўнгилдаги аламларини яшира олган экан. Мен, гарчи, бобомнинг, онамнинг кўзларида ёш кўрсам-да, бунинг сабабини улардан билиб ололмаганман. Ўзларини овутишга, бизларни чалғитишга ҳаракат қилишган. Ҳозир арзимаган етишмовчилигини дунёнинг ғами деб уввос солаётган ота-оналарни кўрганимда бобожонимнинг, моможонимнинг қадри кўпроқ билинади.
Биз ҳам муаллимдан дакки эшитганмиз, лекин еган шапалоғимиздан ота-онамизга арз қилишни ор билганмиз. Чунки гуноҳимиз учун жазо олганимизни сезганмиз, шу гуноҳни такрорламасликка интилганмиз. Ҳозир ўйлаб қоламан, бугунги болалар кимдан, нимадан сабоқ оляпти?
Олманинг тагига олма тушади
Болаликни хотирласам яна бир нарса эсимга тушаверади. Биздан сал нарироқда яшайдиган Омон бобонинг ҳовлисига ҳар сафар ҳавас билан кирардим ва у ердан жуда катта таассурот билан кетардим. Икки ўғли, бир қизи ҳам кечаю-кундуз ҳовлида иш билан банд, тағин мактабда аъло ўқишади. Ҳамма нарса жой-жойида. Бу уйдагиларнинг муомаласи, хушфеъллиги, самимияти мени бу ердан кеткизгани қўймасди. Катта ўғли Умар жўрамиз бўлгани учун бирга китоб ўқирдик, мазмунини баҳам кўрардик, шахмат ўйнардик. Умар мактабдан кейин вақт топиб, ғишт қуйиб сотиб, устини бутларди, рўзғорига қарашарди. Мен бу оилада бақириб гапирган, зарда қилган, бирор жойда бировга маҳмаданалик қилган одамни кўрмаганман. Шунинг учун оиладаги барча болалар ўқимишли, муносиб одамлар бўлиб етишди. Ҳозирда ҳам ота ҳовлимга боришда шу ҳовлига ўзгача меҳр билан қараб ўтаман.
Пахтачидаги учрашувда бир депутатнинг фаоллигини сезиб қолдим. Ғайрати, самимийлиги юзидан билиниб турибди. Суриштирдим, Умар жўрамнинг укаси Камолнинг ўғли экан. Мактабда директорлик қилади, туман Кенгаши депутати. Депутатлар ўртасидаги теннис мусобақасида мамлакатда етакчи экан. Эл-юртининг ҳурматини қозонибди. Демак, олманинг тагига олма тушибди.
Охирги савол: Нима олдим, нима бердим?
Авлодлар ўртасидаги муносабатлар ҳам дастлаб оилада шаклланади. Қайсидир масала ёки муаммони биргаликда муҳокама қилиш жараёнида ёшларда тажриба ортса, катта ёшдагилар янги фикрлардан хабардор бўлади. Ҳозирги пайтда бир уйда тўпланган оила аъзоларининг телефон ковлаш билан овора бўлишига қараб, қариндошлар билан бўлган дилкаш суҳбатларни соғинаман. Басма-басига шеър ўқиб, янги ўқилган китоблар мазмунини муҳокама қилардик. Бу самимият ва одамгарчилик кейинчалик бошқа бир анъанани давом эттиришимизга сабаб бўлди. Мен бобом ва отамнинг дўстлари, яқин одамларини йўқлашни одат қилдим. Бобом яқинларининг давраларига мени олиб борарди. Бобом вафот этгандан кейин ҳам отам билан уларнинг хонадонига боришни канда қилмадик. Ҳозирда эса отамнинг дўстлари, курсдошлари оиласидан хабар олиб тураман. Ўз ўрнида фарзандларим, укаларим ҳам менинг дўстларимни яхши билишади ва ҳурматини жойига қўйишади.
Ҳаётнинг оддий қоидаси бор: авлодлар аждодларнинг шаънидан фахрланади, меросидан сабоқ олади, катта ёшдагилар эса ўзидан кейинги авлоднинг ҳар бир ютуғидан фахрланади. Аммо масъулият доимо катта авлод зиммасига тушади. Негаки, халқимиз айтганидек, “Отанг билан эмас, фарзандинг билан фахрлан”. Зеро, унга сенинг заҳмату меҳнатинг сингган бўлади.
Табиийки, ҳар бир авлод ўзидан олдингисидан яхши яшашга интилади. Лекин тақдир ҳар биримизнинг олдимизга қўядиган оғир бир савол бор. Бу савол шундай: «Мен отамдан қандай ибрат олдим? Мен фарзандларимга қандай ибрат бердим?». Авлодларни бирлаштириб турадиган бу саволга ҳамма ҳам дадил жавоб бера олармикан? Чунки ибрат ололмаган одам бировга ибрат бўла олмайди.
Фармон Тошев,
сенатор.
(“Маънавий ҳаёт” журналининг 2022 йил, 1-сонидан олинди).