Ибрат: Қўшнининг идиши

Идишларни юва туриб, хаёли бўлиниб кетди. Қўшнининг лаганини бўш қайтариш тўғри бўлмайди… Нима солган маъқул? Ширинликми ёки мева? Эрта баҳорда мева тансиқроқ, деган қарорга келди.

Қачонлардир “шаҳарда қўшничилик йўқ, ҳамма ўз ҳаёти билан банд” деб эшитганди. Лекин бу гап унчалик ҳам тўғри эмас экан. Мана, танишиб ҳам олишди, ҳатто бир-бирига овқат узатадиган даражага етишди.

Аслида, ҳаммасини у бошлаганди. Кўчиб келганига кўп бўлмаган, янги муҳит, янги одамлар. Бир куни Самарқанддан келтирилган мозорбости нон ва бошқа миллий таомларни қўшнига узатди. Бу орқали бир хил муҳитда, бир даргоҳ остида яшасалар-да, танишиб, бир-бирига илиқлик билдириш мумкинлигини кўрсатгиси келганди. Ўша кундан сўнг қўшнилари ҳам ўз таомларидан узатиб туришни одат қилишди.

У бир умр ҳовлида яшаган, бундай кўпқаватли уйдаги муҳит унга жуда сиқиқдай туюлди. Дастлаб, хоналарни “қафас”га ўхшатди - бегона шаҳар, бегона одамлар, бошқача ҳаёт. Энг қизиғи, бу уйда яшовчилар ҳар хил миллат вакиллари - руслар, татарлар, қозоқлар, тожиклар ва ўзбеклар. Ҳаммалари ишлайди, кундузи уйлар бўм-бўш. Кеч тушиши билан эса ҳаёт бошланади. Ҳаммаси пастга - "беседка"га тушиб, гурунг қилишга киришади.

Ҳар бири ўз таоми, чойи ёки ширинлиги билан келади. Катталар стол атрофида, болалар эса майдончада. Ёшлар ўз даврасида. Қайси тилда гаплашишларини ҳам англаб бўлмайди - ўзбекча, русча, татарча, қозоқча, ҳатто тожикча ҳам эшитилиб қолади. Бу ҳолат унга бошда ғалати туюлди. Ҳозирги замонда, бир уйда эр-хотинлар, фарзандлар ҳам бир-бири билан кам гаплашади. Ҳамма интернетда банд. Бундай самимий мулоқот жуда камёб.

Идиш…

Қўшниси таом узатган идишга мевалар солди. Ўғли келиши билан уни чиқариб юборади. Шу хаёлда идишни стол устига қўяётганди, ётоқхонада турган қўл телефони мусиқа чала бошлади.

Турмуш ўртоғи бўлиши мумкин - бир жойга боришлари керак эди! Дарҳол жавоб бериш керак. Бурилганини билади… шу пайт идиш чети кафелга тегди. Бир бурчаги учиб кетди… синиб тушди!

- Ана холос!

Бировнинг идиши эди! Энди нима бўлади? Телефонга шошилиб жавоб берди - эри эмас, бошқа биров адашиб қўнғироқ қилган экан. Лекин энди энг катта муаммо - қўшнининг идиши синди!

Зудлик билан чора топиш керак. Идишлар сотиладиган дўконга ёки бозорга бориш керак.

- Эртага бирга бориб келамиз. Рўза бўлсанг, чарчаб қоласан-ку. Бозорда ҳозир нима бор ўзи? - деди эри.

Бироқ у шу пайтнинг ўзида чиқиши кераклигини ҳис қилди. Идишни синдириб қўйгани уни безовта қилиб қўйди. Ҳеч бўлмаганда шунақасини топиши керак.

Изланиш…

Бозорга йўл олди. Синган идишни ҳам ўзи билан олган - айнан шунақасидан топиши керак, ахир!

Ҳа, айтганларидек, “излаган нарсанг топилиши қийин” экан. Дўконларни бирма-бир айланди, савдогарлардан сўради. Ҳатто омборхоналарга ҳам қаради. Йўқ!

“Ростини айтсаммикин? Бошқа идиш берарман, тушунишар…” деган ўй келди хаёлига.

Йўқ! Бефаросат деб ўйлашади! Бировнинг нарсасига эҳтиёт бўлиш керак.

У шаҳар бўйлаб қидиришда давом этди. Дўкончилар ҳайрон бўлиб:

- Нега синган идишни кўтариб юрибсиз? - деб сўрашди.

Ҳар бирига тушунтириб ўтирмайди-ку! Айнан шунақасидан керак! Тамом-вассалом!

Шаҳарнинг бошқа томонидаги бозорга борди. Шу ердан топилсин энди!

Оёғи толиқди, чанқади. “Нега топилмаяпти?” деб хафа бўлиб ҳам кетди.

Ва ниҳоят… топилди!

Топилмагунча тўхтамади-да! Ундан бахтли одам йўқ эди ўша пайт. Ҳа, дунёда энг оддий нарса ҳам баъзан катта аҳамият касб этади.

Йўлда келаркан, "қилиғи" га ўзининг кулгиси келиб кетди. “Бир идиш учун шунча овора бўлдим, ярим куним шу ташвиш билан ўтди!”.

Бу кун байрам арафаси эди. Бошқа муҳим ишлар ҳам бор эди, аслида.

Аммо у ўзини тушунди: агар идиш топилмаганда, байрам ҳам татимасди.

Ҳа, шундай.

Топилганига шукр!

Гулчеҳра Бердиёрова,

Навоий шаҳри.