Ибратли воқеа: Қурбонлик

Қурбон ҳайити яқинлашаверса, бир воқеани бот-бот эслайман. Чамаси 10 йиллар олдин бир қассоб қўшнимдан қурбонлик учун қўй олишда ёрдам сўрадим...

У эса бошқа қўшнимизда қўй борлигини айтиб уйларига олиб борди. Уйнинг каттаси - Ҳожи ота  йўқ эканлар. Ўғиллари қўйларни кўрсатди. Биттасини танладик. Қанчалигини сўрасак, ўғиллари "Отам келсалар ўзлари билан гаплашасизлар", деди. Кейинроқ келишимизни айтиб кўчага чиқдик.

Қассоб қўшним: “Қурбон ҳайитига яқин қўйлар қимматлашган, биз танлагандек қўйни бозорда тахминан 900 минг сўм (ўша вақтларда нарх шунақа эди)га беради, аммо Ҳожи ота  инсофли одам 800 минг сўмга берадилар, иншааллоҳ”, деди. 

Кечроқ яна бирга чиқдик. Ҳожи ота уйда экан. Қўрадан танлаган қўйимизни ўғиллари олиб чиқди. "Неча сўм берай қўйга?", десам "700 минг сўм беринг", десалар бўладими?

Қассоб қўшнимнинг ҳам оғзи очилиб қолди.

– Ҳожи ота, бунча пулга ололмайман, бозор нархидан паст айтяпсиз, қурбонлик учун оляпман, 800 минг сўм бераман", дедим.

Ҳожи ота:

– Йўқ, 700 минг, қўшнини қўшнида ҳақи бўлади, - деб туриб олди. 

Бир амаллаб 750 минг сўмга кўндирдик. Қассоб қўшним кулади, шунча йил қорамол, қўй олди-бердисида юриб бунақа савдони кўрмаганман", деб.

Кеча бозорга чиқиб, 20 килограммча гўшт қиладиган қўчқорларнинг нархини 3,5 миллион сўм деб турган кимсаларни кўриб, ўша воқеани эсладим. Аллоҳ ҳаммамизга инсоф берсин!