Ичди хон ёхуд Иштихон ва Чимбой ўртасидаги сут қувури
Ҳозирги Иштихон қадимда Суғд давлати таркибидаги шаҳар истеҳкоми бўлган. Лойдан тикланган мустаҳкам мудофаа деворлари бўйлаб Оқдарёдан сув кирадиган ариқ, Самарқанд шаҳрига йўналтирувчи, Бухорога чиқувчи, умумий ҳисобда қалъанинг тўртта дарвозаси бўлган.
Бу қимматбаҳо дарвозалар рус босқинчилари томонидан олиб кетилиб, Петербургдаги Эрмитаж музейига топширилган, деган маълумотлар бор. Иштихон шаҳри обидаси ҳам Афросиёб каби қадимий. Буюк Ипак йўли орқали иштихонлик савдогарлар Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатлар билан савдо-сотиқ қилган. Хусусан, 627 йилда Иштихондан Хитойга навбатдаги савдо карвони жўнаб кетганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган.
Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги бу ҳудудлар Миёнқалъа, Миёнқол дейилган. Чўпонотада иккига бўлинадиган Зарафшон Хатирчи туманидаги Тасмачи қишлоғида яна қўшилади. Шу оралиқдаги ҳудуд Миёнқол, ярим оролнинг маркази Иштихон қалъаси бўлган. Миёнқол қадимги форс тилида ўртадаги шаҳар деган маънони билдиради.
Иштихон шаҳри номининг келиб чиқиши ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Ривоят қилишларича, ҳозирги Паст Дарғом тумани ҳудудида жойлашган Чимбой дашти ҳокими чорвасининг кўплиги билан донғи кетган экан. У ўғлига муносиб қиз ахтариб, Суғд подшоси Ихшидхоннинг қизига совчи қўяди. Суғд ҳукмдори қизини унинг ўғлига бир шарт билан беришини айтади. Унга кўра баланд даштдан пастдаги шаҳар қалъасига ер ости орқали қувурда сут етказиб бериши лозим эди. Шундан сўнг дашт ҳокими катта сопол қувурлар ясатиб уни қалъа ичкарисигача олиб киради. Қалъага юқоридан шу қувурлар орқали сут оқиб турган. Энг аввал сутдан хон ҳузур қилиб ичгач ўртадаги чопар ва жарчилар “Ичди хон”, деб бақириб кетаверади. Шу-шу, бу шаҳар Иштихон, шартни бажарган чорвадор эса чин бой эканлиги тан олиниб, дашт ҳудуди Чимбой деб номланади.
Қаҳрамон Намозов.