Қиёт, Гўзалкент, Тепақишлоқ, Мелихўжа: «Оғир ҳудуд» тоифасидан чиқиб, обод масканга айланаётган қишлоқлар
Вилоятимиздаги оғир ҳудуд тоифасидаги маҳаллаларда «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этган ҳолда инфратузилмани яхшилаш, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, одамлар турмуш даражасини ошириш мақсадида айни пайтда вилоят тўрт секторидаги тўрт маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти.
- Жумладан, Иштихон туманидаги Қиёт, Паст Дарғомдаги Гўзалкент, Тойлоқдаги Тепақишлоқ ҳамда Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа маҳаллаларининг ҳар бирида дастлаб хатлов ўтказилган ҳолда йўл хариталари ишлаб чиқилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев. - Ўтган йилги тажриба асосида оғир ҳудуд тоифасидаги маҳаллаларда аҳоли ҳаёт даражасини ўзгартириш бўйича ишлаш аниқ дастурлар асосида, нафақат туманлар масуъллари, балки вилоят ташкилотлари иштирокида олиб борилмоқда. Тўрт маҳаллада ҳам ишчи гуруҳлари, штаб фаолияти йўлга қўйилган ва кунлик мониторинг юритилмоқда. Шу пайтгача асосий ишлар деярли бажарилди. Хусусан, Қиёт маҳалласидаги 9 та қишлоқнинг 30,5 километр ички йўллари шағаллаштирилди, 4 та янги трансформатор ўрнатилиб, 9 таси таъмирланди, 9,1 километр СИП кабеллар тортилди, эски симёғочлар ўрнида 380 дона темир-бетон устун ўрнатилди, 8,1 километр газ тармоқлари таъмирланди. Ҳудуддаги 46, 47, 58-мактаблар жорий таъмирланган бўлса, қишлоқ врачлик пунктида капитал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Маҳалладаги эҳтиёжманд, ўта оғир шароитда яшаётган оилалар, имконияти чекланган шахсларнинг 12 та уй-жойи таъмирлаб берилмоқда, 1 та хонадон эса янгидан қурилмоқда.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллада йўл четларида, муассасалар ва аҳоли хонадонларида 10560 туп кўчат экилди. Жумладан, 2 гектар бўш ер майдонида 4500 туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Маҳалла аҳолиси бир неча бор чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1884 кишида турли хил касалликлар аниқланиб, уларнинг 209 нафарига стационар ва 1675 нафарига амбулатор шароитда даволаниш учун тавсия берилди.
Туман ветеринария бўлими ходимлари томонидан 540 та хонадондаги 963 бош майда ва йирик шохли уй ҳайвонлари эмланди.
Маҳалладаги меҳнатга лаёқатли 2357 нафар аҳолининг 126 нафари ишсизлиги аниқланиб, уларнинг 69 нафари жамоат ишларига жалб қилинди. 8 нафарига ўзини ўзи банд қилиши мақсадида иссиқхона қуриш учун субсидия ажратиш, 11 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 31 нафарига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Паст Дарғом тумани Гўзалкент маҳалласида ҳам ишлар бошланиши олдидан мавжуд 802 та хонадонда хатлов ишлари олиб борилди. Аниқланган камчиликлар ҳамда аҳолининг эҳтиёж ва таклифлари инобатга олинган ҳолда 203 дона эски симёғоч алмаштирилди, 40 дона қўшимча бетон устун ўрнатилди, 6,9 километр СИП кабеллари тортилди ва 5 та электр трансформатор таъмирланди.
Маҳалла ҳудудида 2,6 километр тоза сув ичимлик тармоғи янгидан тортилди ҳамда 4 та ичимлик суви иншооти таъмирланди, 0,9 километр йўллар шағаллаштирилди, 600 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди, 0,9 километр интернет алоқа тармоғи тортилди. 97 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 951 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 35 нафарида касаллик аниқланди ва уларга амбулатор даво муолажалари тавсия этилди.
Тойлоқ туманидаги 3500 нафарга яқин аҳоли яшайдиган Тепақишлоқ маҳалласида эса жами 16 километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилиб, ҳозиргача 6 километр шағал йўллар таъмирланди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3 та сув иншооти таъмирланди ва 8 километр тармоқ тортиш ишлари давом этмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш учун 170 та бетон устун ва 2 дона янги трансформатор ўрнатилди ва 3 таси таъмирланди. 6 километр СИП кабель тортилмоқда. Аҳоли хонадонларини интернет тармоғига улаш учун 2,2 километр тармоқ тортилди.
Ҳудуд ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 39-умумтаълим мактаби биноси жорий таъмирланмоқда. Қишлоқ врачлик пункти биносида эса том ишлари тугатилиб, ички сувоқ ва бошқа юмушлар бажарилмоқда. Шунингдек, маҳалла биноси ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жорий таъмирланяпти.
Маҳаллада 2,6 километр пиёдалар йўлакчаси, 50 дона тунги ёритиш устунларини ўрнатиш белгиланган бўлиб, ҳозирда бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Каттақўрғон тумани Мелихўжа маҳалласида 1157 та хонадонда «Обод хонадон» мезонини жорий этиш белгиланган. Жумладан, тегишли «Йўл харитаси»га кўра, Мелихўжада фуқаролар йиғини учун янги бино қурилади. 2 та умумтаълим мактаби мукаммал, 2 таси жорий таъмирланади, 19-мактабгача таълим ташкилоти ҳам мукаммал таъмирланади, битта оилавий шифокорлик пункти биноси, 4 та воркоут майдончаси қурилади. Шунингдек, 15 километр йўлга асфальт ётқизиш, 22,4 километр ички йўлларни шағаллаштириш, 2 та янги трансформатор ва 730 дона темир-бетон устун ўрнатиш, 14 та трансформаторни таъмирлаш, 2 та янги сув иншооти қуриш, 600 метр газ тармоғи тортиш режалаштирилган. Ҳозиргача бу юмушлар деярли якунига етди.
Маҳалладаги 4 та кўп қаватли уйнинг ташқи томони таъмирланди. «Энамяхши-2» қишлоғида 5 километр масофага ичимлик сув тармоғи тортилди.
Маҳалладаги меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида икки марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 14 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 50 нафар фуқаро вақтинча ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 7 нафар фуқарога 221 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.
Умуман, тўрт маҳалладаги ишлар ҳам яқин кунларда якунига етиб, ушбу ҳудудлар оғир тоифадан чиқиб, обод манзилларга айланади.