Ички ишлар вазирлиги Бекободдаги вояга етмаган қизлар ўртасидаги жанжал юзасидан ахборот берди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни “Facebook” интернет ижтимоий тармоғи орқали “Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ихтисослаштирилган санъат мактабининг 4 қиз ва 1 йигит талабаси, бир қизни уриб тан жароҳати етказган” номли хабар тарқалган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси маълумот беришича, жорий йилнинг сентябрь ойидан буён ижтимоий тармоқ орқали таниш бўлган Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган 11-сонли ихтисослаштирилган санъат мактабининг 2003 йилда туғилган ўқувчи қизлари М.А. ва Д.З. (Рухшона) ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб турган. Келишмовчиликни бартараф этиш мақсадида Д.З. танишлари билан М.А.ни мактаб ҳовлисининг ҳоли ҳудудига чақиради. Улар гап талашиб қолади ва жанжаллашиб кетади. Д.З. М.А.ни бир-икки маротаба уриб, туртиб юборган вақтида М.А. мувозанатини йўқотиб, бетон қопламага пешонасининг чакка қисми билан йиқилади. Ушбу ҳолатдан сўнг Д.З.нинг танишлари уларни ажратишган.
Йиқилиб тан жароҳати олган М.А. таниши билан Бекобод шаҳар марказий шифохонасига борган.
Шундан сўнг, 21 сентябрь куни М.А.нинг дугонаси 2004 йилда туғилган Н.М. уни шифохонага кўргани бориб, М.А.нинг норозилигига қарамасдан ижтимоий тармоқ орқали Д.З. ва унинг таниши Нозима исмли қизнинг фотосуратларини “Қидирилмоқда” изоҳи билан тарқатган ҳамда шаҳарнинг жамоат жойлари пештахталарига ёпиштирган.
ИИВ Ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан Д.З.нинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси (“Қасддан баданга енгил шикаст етказиш”) да кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд бўлган. Бироқ Д.З. вояга етмаганлиги учун Жиноят кодексининг 17-моддасига мувофиқ унинг ва Н.М.нинг оналарига нисбатан фарзандларини тарбиялаш ва таълим бериш борасидаги мажбуриятини етарли бажармаганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан, тўпланган ҳужжатлар шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси”га юборилган.