Ички ишлар вазирлиги огоҳлантиради: Пластик карталардаги пулларни ўзлаштиришнинг янги усуллари оммалашиб бормоқда
Кейинги кунларда интернет тармоғида турли фирибгарларнинг осон бойлик орттириш мақсадида чет элдан туриб ватандошларимизни алдаб, пластик карталаридаги пулларини ўзлаштиришнинг янги усуллари оммалашиб бормоқда.
Бунга фирибгарлар ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга турли мурожаатлар жўнатиб, ишончига кириш ҳамда жавоб беришга ундаш орқали эришмоқдалар.
Масалан, “Сизнинг номингизга чет элдаги шу инсондан катта миқдордаги мерос қолдирилган, мен унинг адвокати бўламан, паспорт маълумотларингизни пластик карта рақамларингизни юборсангиз ёки меросни расмийлаштириш учун дастлабки тўловларни амалга оширишингиз лозим, шунча миқдорда пул юборинг”;
“қўшни Афғонистон Республикасига ҳарбий хизматни ўташ учун келганман, ушбу жойда муҳим топшириқни бажарганлигим учун катта миқдорда пул берилди, буни АҚШга олиб кета олмайман. Расмийларнинг бу ҳақида хабари йўқ, шуни Сизни номингизга юборсам, хизматни ўтаб чиқиб Ўзбекистонга бораман, шу ерда бирга бизнес қилиб ишлатамиз”;
“Халқаро жўнатмаларданмиз, Сизга юк юборилган, олишингиз учун тўловни амалга оширинг” деб турли хилдаги почта жўнатмалари ёрлиғи ёпиштирилган, сохта туси ўзгартирилган фотосуратлар юборилади;
“Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома! Сиз Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланган материаллар, яъни педофилия, зўравонликни тарғиб қилиш элементларига эга бўлган порнография материаллари мавжуд бўлган порнографик сайтларга ташриф буюрганлигингиз учун блокировка қилиндингиз. Блокировкани ечиш учун Сиз шу пластик рақамига давлат ҳамёнига 310 минг сўм миқдорида жарима тўлашингиз зарур”;
“Сиз лотереяда ғолиб чиқдингиз ёки совғалар сони чекланган акцияда иштирок этинг, совғани қўлга киритинг” ва бошқа кўплаб шу мазмундаги мурожаатлар орқали фуқароларимизни қизиқтириш ва мулоқотга киришишга ундайди.
Мулоқот жараёнида жиноятчилар жабрланувчига ўзи ҳақидаги ёлғон тўқима маълумотларни, фотосуратларини юбориб, ишончига киради, сўнгра электрон пулларини қўлга киритишга уринади.
Ноқонуний ҳаракатларнинг белгилари сифатида умуман бегона шахс Сизга тўғридан-тўғри таклиф билан мурожаат қилиб қолиши, чет эл телефон номерлари орқали чиқиши, фойдаланган веб-сайтида ноаниқликлар борлиги, мисол учун mvd.mvd.mvd каби шубҳали расмий бўлмаган веб-сайтлардан фойдаланилганлиги ва бошқаларни кўриш мумкин.
Бу каби ҳолатларга тушиб қолмаслик учун ижтимоий тармоқларда бегона фуқаролар билан умуман мулоқот қилманг, интернетда манфаат келтирувчи ҳар қандай таклифга шубҳа билан қаранг, пулларингизни жўнатиш зарур бўлганда ҳам озроқ фурсат танаффус қилиб, бир нечта яқинларингиз билан маслаҳатлашинг, кейин қарор қабул қилинг.
Сизга бирор киши ўзидан-ўзи моддий манфаат келтирувчи ҳаракатларни шунчаки қилиб бермаслигини ёдда тутинг. Огоҳ бўлинг!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.