Ички ишлар ходимлари ва сотувчилар ўртасида жанжал юзага келди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 13 декабрь, якшанба куни ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро келиб чиққани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, тахминан соат 15:00 да Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари, подполковник Ш.Алимқулов ва капитан Д.Мажидовлар “Универсам” савдо комплекси яқинидаги ерости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келиб, ерости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўришди.

Ушбу шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришди. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтган.

Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб атрофдагиларнинг эътиборини тортган, уларнинг ўғли эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлган. Воқеа жойига патруль-пост хизмати ходимлари етиб келишганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан патруль-пост хизмати ходимининг юзига урган.

Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган ва уч нафар тартиббузарларнинг шахсини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-ИИБга олиб кетилган. Ерости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келган.

Ҳуқуқбузарлар Навоий вилоятилик 43 ёшли Акромжон ва 42 ёшли Холисхон Турдиевалар ва уларнинг ўғли - 19 ёшли Абдураҳим Хидиров эканлиги аниқланди.

Айни пайтда ҳодиса юзасидан терговолди текшируви ўтказилмоқда.