Ижтимоий тармоқлар чекланиши можароси: яна икки нафар мансабдор ишдан олингани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Садиков эгаллаб турган лавозимларидан озод этилгани ҳақида хабар тарқалди.
Жумладан, Нигоҳ канали мазкур хабарни эълон қилиб, бу интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ кечаги воқеа ортидан бўлаётганини ёзган.
"Кўрилаётган чораларнинг кескинлиги шуни кўрсатмоқдаки, Президент тартиб ва интизомни бузган, масъулиятсизлик ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган ҳар қандай амалдорни лавозимида ортиқча ушлаб ўтирмайди", дейилади хабарда.
Кеча, 3 ноябрь куни интернет чекловлари можароси жараёнида мазкур тармоқ ўз манбаларига таяниб чекловлар ҳақида Президент админстрациясига хабар берилмаганини эълон қилганди.
Кейинроқ эса бир қатор ижтимоий тармоқлар чекланиши «Ҳукумат кўрсатмасига асосан «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат» экани эълон қилинди ва «Ўзкомназорат» раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.