Ижтимоий тармоқнинг зарарли жиҳатларига қарши туролган ютади

Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Instagram, Twitter, Facebook, TikTok, YouTube каби платформалар фақатгина дўстлар билан мулоқот қилиш ёки янгиликларни кузатиб бориш учун эмас, балки билим олиш, ўрганиш ва ривожланиш учун ҳам кенг имкониятлар яратади. Жумладан, инглиз тилини ўрганиш борасида ҳам ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти катта. Яъни, бундай платформалар ўқувчиларга тилни жонли, кундалик ҳаётга яқин шароитда ўрганишга ёрдам беради. Аммо ижтимоий тармоқларнинг тил ўрганиш жараёнига салбий таъсири ҳам бор.
Инглиз тилини ўрганишда энг катта муаммо – бу тилда мулоқот қилиш имкониятининг чекланганлиги. Ўқувчилар кўпинча ўрганган сўзларини, ибораларини реал ҳаётда ишлатишда қийналади. Ижтимоий тармоқлар эса бу муаммони ҳал қилишда ёрдам беради. Мисол учун, Instagram ёки Twitter орқали инглиз тилидаги турли контентларни кузатиб бориш, изоҳлар қолдириш, фикр билдириш, ёзиш ва ўқиш кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашади.
YouTube видеодарслар, тилни ўрганишга оид контентлар, субтитрлар орқали тинглаш кўникмаларини яхшилаш имконини беради. Видеодарслар кўпинча амалий масалаларни ёритади ва бу ўқувчиларга тилни янада самарали ўрганиш имконини беради.
TikTok ёрдамида ўқувчилар қисқа видеолар яратиш, инглиз тилида қўшиқларни ўқиш ёки ўзларининг кундалик фаолиятини инглиз тилида тақдим этиши мумкин. Бу усул тил ўрганишни нафақат самарали, балки қизиқарли қилади.
Лекин ижтимоий тармоқлардан нотўғри мақсадларда фойдаланилса, ўқувчиларга зарар келтириши ҳам мумкин. Чунки ижтимоий тармоқларда ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотлар тарқатилавермайди. Маълумотлар кўплаб хатоликлар билан берилса, бу инглиз тилини ўрганувчилар учун хатарли бўлади. Чунки уларни кузатаётган ўқувчи грамматика ёки ибораларни нотўғри қўллашига тўғри келади. Бу каби ҳолатларнинг олиш учун ўқувчилар фақат ишончли манбалардан фойдаланишлари керак.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларга узоқ вақт сарфлаш вақтни беҳуда ўтказиш ва ўрганиш жараёнини сўндириш хавфини туғдиради. Шунинг учун хавфсизлик масалаларини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Шуни унутмаслик керакки, маълумотларнинг нотўғри қўлланилиши ёки платформаларда учрайдиган салбий таъсирлар ўқувчиларнинг руҳий ҳолатига зарар етказиши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда юқорида таъкидланган хавфларга қарши чора-тадбирларингиз бўлгани маъқул.
Исмигул САТТАРОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.