“Икки болам билан тул қолсамда, давлатдан ёрдам сўраганим жўқ”

Донгдор бригадир, депутат, 95 ёшли онахон ҳозир ҳам китоб ўқийди, томорқада ишлайди.

Мутолаани канда қилмайдиган онахоннинг ҳаёт йўли баъзи асарлар қаҳрамонлариникидан-да мураккаб кечган. Аянинг беда ўраётганини кўриб бир ажаблансак, ёшлигида, пахта далаларида кўрган кечмишларини эшитиб, янада ҳайратландик.Паст Дарғом тумани Катта Найман маҳалласида истиқомат қилувчи Саломат Амирова бошидан ўтказганларини хотирлаб, муболаға, қўшмай-чатмай гапириб бердики, беихтиёр тарихий асар ўқиётгандай гоҳ завқландик, гоҳ йиғладик.Ая шунчаки деҳқон бўлмаган, илғорлиги бутун республикага машҳур, иш тажрибаси ўрнак бригадир эди.

 14 ёшимда табелчи бўлдим

- Биз ҳар йили синфимиз билан йиғлаб, мактаб ўқитувчимизни урушга кузатардик. Яқинларимиз етмагандек, ўқитувчимизнинг ҳам урушга кетиши шунчалик оғир ботардики, анча пайт ўзимизга келолмасдик, - дея хотирлайди Саломат ая. – Ўқишимиз наридан-бери бўлиб қоларди баъзан. Қорнимиз оч, устимиз юпун бўлсаям бор кучимиз, зеҳнимиз билан ўқирдик.

Ишчи кучи етишмасди, биз, болалар ҳам далада меҳнат қилардик. Хат-саводим яхши бўлгани учун 14 ёшимда мени табелчи қилиб қўйишди. Эпладим, хато қилмай ишладим. Ўша йиллари қишлоғимизга турли миллат вакиллари эвакуация қилинганди. Рус тилини оз-моз билганим сабаб уларнинг меҳнатини ҳам ҳисоб-китоб қилиб, тил топишиб ишладик.

Болалигимиз ўғирланган эди - эрта тонгдан қора тунгача меҳнат, меҳнат, меҳнат...

 Бирон эшикка ёрдам сўраб бормадим

1948 йилда турмушга чиқдим. 1949 йилда тўнғичим Азамат дунёга келди. 1953 йилда Шермамат туғилди. Афсуски, ўша йили турмуш ўртоғим Рўзи Жўраев урушдан орттириб келган касали туфайли бу оламдан кўз юмди. Уйда қари қайнонам, ёш қайниларим, икки фарзандим... Биттагина товуқ бор. Аҳволимиз янаям оғирлашди. Болага қарашга ким менга вақт, имкон берарди, дейсиз. Яна далага чиқиб кетдим.

Эрта саҳар чиқиб кетаман, болаларим ухлаб ётган бўлади, ярим кечаси ҳолдан тойиб келаман, улар ширин уйқуда бўлади. Болаларимни тўйиб эркалата олмайдиган она бўлдима, дея кўнглим ўксийди. Болаларимга кейинчалик синглим қарай бошлади. Икки бола билан бева қолдим, лекин менга ёрдам беринглар, деб ҳеч бир эшикка бош суқмадим, фақат меҳнат қилаверибман...

Оёғимдан кирза этик тушмади

Бригадир бўлганимдан сўнг даладан чиқолмай қолдим. Ҳаётим пахтазорга айланди. Пахта жуда инжиқ ўсимлик, доим қаровни, парваришни талаб қилади. Ташлаб қўйсангиз, ҳосилнинг чўғи пасайиб кетади.

Баъзида турли ҳашаротлар ўсимликка зарар етказса, гоҳ об-ҳаво ноқулай келиши панд берарди. Гоҳида сув келиши муаммо бўлар, вилоятгача бориб, “сув берасизларми йўқми”, деб катталар билан тортишган вақтларим бўлган. Бригадамда пахта режаси доим бажарилар, бошқа жойларда тажрибамизни ўрганишга келишарди. Текширувчилар ҳам кўп эди. Шундай пайтлар этак кўтариб, даладан чиқиб келсам, кўпчилиги ҳайрон қоларди. Кейин билсам, бошқа бригадлар комиссияга чой-пой қилармиш. Мен бунақа нарсаларни хаёлимгаям келтирмаганман.

29 ёшимдан бошлаб бригадирлик қилган бўлсам, ҳеч қачон четда назоратчилик қилиб ўтирмадим, одамлар ишга чиқишдан бир соат олдин, улар кетгач, яна ишлардим. Оёғимда мудом кирза этик, эгнимда чит кўйлак. Деҳқон илмини зўр тушунадиган, меҳнатни қадрлайдиган раислар ҳам бўлди, умуман ерни тушунмайдиганларниям кўрдик. Шунчаки, меҳнатнинг ўзи бўлмасди, пахтанг, даланг учун раҳбарлар билан талашиб-тортишишга тўғри келарди.

Сув келишини кутиб, кечаси билан пойлаб чиққан вақтларимиз бўлган. Бир суткада 2-3 соатгина ухлардик. Эҳ, одамни жони темирданмикан-а, нималарга чидамадиг-а. Бир кун қарасам, тракторда терилаётган пахта орасида кесак кетяпти, уловда носозлик бор экан. Хуллас, ҳар кун кўз-қулоқ бўлиб туриш керак. Бир ёқда йўқчилик, одамлар оч, аммо эрта-ю кеч тинмасликка мажбур.

Бир дона чўпгаям хиёнат қилмадим

Саломат ая ўтган кунларни гапириб бераяпти-ю, ёнида икки нафар ўғли –73 ёшли Азамат бобо, кенжатойи - эл эъзозидаги шифокор Шермамат ота Рўзиевлар энаси ёнида қўл қовуштириб ўтиришларини кўриш кишига завқ бағишлайди. Қизиғи, улар оналарининг сўзини бўлмас, бирор қўшимча қилмоқчи бўлса, онахоннинг бир нигоҳи уларнинг яна сукут сақлаб у кишининг фикрларини тинглашда давом этиши учун етарли эди.

- 60-йилларга келибгина одамларнинг қорни тўя бошлади, - дея фикрини давом эттиради ая. - Лекин уст-бошига қарашга ҳамон имкон йўқ эди. Бир неча марта Олий Совет депутатлигига сайландим. Ҳукуматнинг қатор нишонларини олдим, “Ленин” ордени ҳам беришди. Лекин чеккан азобларимизни ҳар эслаганда инграб юборамизда. Болаларимга овқат пишириб беришга вақт топмасдим. Синглим раҳматли барака топсин, ўғилларимга ўзининг саккиз фарзанди билан тенг қаради.

Давлатнинг бир дона чўпига ҳам хиёнат қилмадим, фақат ишладим.

“Зарбдор” кунлар ўтиб кетди, она...

- Онамнинг бўш ўтирганини ҳеч қачон кўрмаганмиз, - дейди аянинг тўнғич ўғли Азамат ота. – Ҳатто ҳозир, шу ёшларида ҳам бекор ўтирмайди. Гоҳ китоб ўқийди, гоҳ эвараларига қарайди, гоҳ томорқага кириб кетади. Китобни кўзойнаксиз мутолаа қилади, бизга ҳам ўқиётган асарлари мазмунини айтиб беради.

Кўпинча қўлида ўроқ билан кўраман. “Зарбдор” кунлар ўтиб кетди, она, ўроғингизни ташланг энди”, дейман ҳазиллашиб. Назаримда, онам ҳамон ўзининг 95 дан ошганларига ишонмаса керак.

Шукур, онам бизни бир ўзи катта қилган бўлсалар-да, фақат ҳалолликка ўргатди, иккимизни ҳам олий маълумотли қилди. Онамнинг тарбиясини олганимиз учунми, қаерда ишламайлик аввало, тўғрилик асосий маёғимиз бўлди. Шукур, онам билан улуғ Ҳаж зиёратини амалга ошириш насиб этди. Булар - онамнинг меҳнати мукофоти, деб биламан.

Атлас кўйлак киймаган бригад

- Кўпчилик онамнинг узоқ умр кўриши, ҳозир ҳам тетиклиги, кўзойнаксиз китоб ўқиб ўтиришига ҳавас қилади. Бунинг сири нимада деб сўрашади, - дейди аянинг ўғли Шермамат бобо. – Мен ҳам шифокор, ҳам онамнинг ўғли сифатида кузатганларим ичида бир фикрни кўпчилик қариндошларим ҳам тасдиқлайди. Онам ҳеч қачон кўнглида гина сақламайди. Кейин ўзига ёмонлик қилган одамнинг ҳам яхши томони ҳақида гапиришга ҳаракат қилади. Онамнинг биров ҳақида ёмон гап айтганларини ҳеч қачон эшитмаганман. Бир уй одам бирон киши ҳақида ёмон фикр билдирса-да, онам албатта ўша инсоннинг яхши хислатини айтиб, одамларнинг фикрини ўзгартиришга сабаб бўлади. Шунинг учун бўлса керак, бугун у киши шу ёшида ҳам тетик. Психологияда ҳам шу тушунча бор – кўнглингда ёмон хаёл, юкни олиб юрма, ўзингга қийин бўлади.

Яна бир томони, онам мудом ҳалол яшади. Эгнидан чит кўйлак тушмади. Ёшлигида атлас кийиши мумкин эди, ҳарҳолда бригадлар ўша пайтлар йиғилишларга атлас кийган. Аммо онам, мен беваман, деб ўзларига буни эп кўрмаган. Биз улғайиб, касб-корли бўлгач, мана, энди атлас, чиройли матолардан кўйлак кийинг она, ўзимиз олиб берамиз, деб олиб келганимизда “Энди момой бўлдим, болам, атлас кийиб нима қилдим”, деганларида кўзим ёшланганди. Шу-шу онам мудом чит кўйлак кийдилар...

Бугун ўнлаб невара, невара келинлар, эваралар қуршовидаги онахон шу уйнинг фариштаси. “Эвараларининг ҳаммасини ўзлари катта қилди”, дейишди фахр билан келинлар.

Саломат ая кетар чоғимизда 1994 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланганини фахр билан сўзлаб берди. Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг қўлидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини олганини, ҳокимиятга ўзим бораман, деб туриб олганини завқ билан айтиб берди. Кейин қўлини дуога кўтараркан, юртимизга тинчлик ва тўкин-сочинлик, Юртбошимизга омонлик тилаб узундан узун тилак билдирди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.