Икки бош узум (Ҳаётий ҳикоя)
Ёз кунлари эди. Укам ўртоқлари билан ўйнаб, кечки пайт уйга энди қорая бошлаган икки бош узум кўтариб келди.
“Узум пишибдими, қаердан олдинг, бу бизгами” деб суқланиб қарадик ва синглим узумни ювиш учун югуриб бориб, пақирда сув олиб келди.
Узумга қўл узатишга ҳам улгурмагандик, ошхонада кечки овқатга унаб ётган онам гап-сўзимизни эшитиб, чиқиб келди.
– Ким берди бу узумни, қаердан олдинг? – деб сўради укамдан.
– Жўраларим билан катта ариққа чўмилишга боргандик, ўша ердаги боғдан олдик, – деди укам онамнинг феълини билгани учун ерга қараб.
– Эгаси бердими ёки ўзларинг олдингларми?
Укам индамай ерга қараб тураверди.
- Ўғирлагансизлар-а? Уялмадингларми, эгаси кўрса ёки билиб қолса нима дейди? Яна уйга ҳам олиб келдингми, ҳаром луқмани-я? – онамнинг жаҳли чиқар, укамни урмоқчи бўлгандек қўлини кўтарар, лекин унга қўлини текизмасди. Кейин икки бош узумни олиб укамнинг қўлига тутқаздида “Қаердан олган бўлсанг, ўша ерга олиб бориб қўйиб кел ёки эгасига узумингизни мен ўғирлагандим, деб айт” деди.
Укам йиғлаб юборди ва “Жўраларим оламиз деди-да, шунинг учун олдим, кечиринг бийи, иккинчи марта қилмайман, бу ишни” деб супа четига ўтириб олди.
– Мени бийи дема, ўғрилик қилган болага она бўлмайман.
Онамнинг бу гапидан кейин сингилларим ҳам йиғлаб, укамни кечиришини сўрашди. У киши эса жаҳлидан тушмасди.
Кеч бўлиб қолгани учун укам билан иккимиз узумни кўтариб кўчага чиқдик ва нима қилишни билмай катта ариққа оқизиб келдик.
Уйга келганимизда отам ҳам ишдан қайтган ва ҳамма гапдан хабардор бўлган экан. Лекин укамга ҳеч нарса демади. Фақат икки-уч кундан кейин, сув ёқалаб келиш учун катта ариқ бўйича чиққанимизда отам ўша боғ эгасини кўриб, “тунов куни сиздан сўрамасдан боғингиздан икки бош узум олган экан, кечирасиз-да, бу ишни бошқа қилмайди”, деди. Боғбон эса ўзи икки бош узум узиб келиб менга ва укамга тутқазди ва “сўрасанглар ўзим олиб бераман, болаларим, фақат токни пайҳон қилманглар” деб нари кетди.
Шу воқеадан кейин онам рўзғорга ҳаром луқма аралаштирмаслик, бировнинг ҳақини емаслик ва бунинг оқибатлари ҳақида бизга тез-тез ҳикоя ва ривоятлар айтиб берарди. Бизни ҳамма вақт ҳалол ва пок бўлиб яшашга даъват этарди.
Ғолиб Ҳасанов.