Икки фуқаро асоссиз қарз юкидан қутулди, аммо...
Мақолада Ургут туман Аълохотин маҳалласида яшовчи Салим Розиқов ҳамда Пайариқ туман, Челак шаҳрининг Суғдиёна кўчасида яшовчи Ойбек Қорабоевларнинг табиий газ учун ўз вақтида тўловни амалга оширгани ҳолда асоссиз қарз бўлиб қолаётгани баён қилинганди.
Мазкур мақола юзасидан яқинда мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан жавоб хати олдик. Унда жумладан, шундай ёзилади:
"Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспекторлари ҳамда мутахассис ходимлар иштирокида С.Розиқовнинг яшаш хонадонига бориб ўрганилганда 01.02.2010 йилда ўрнатилган РЛ-6 маркали газ ҳисоблагичнинг охирги кўрсаткичи 23767 куб.м бўлганлиги ва фуқаро С.Розиқовнинг шахсий ҳисобида 29.11.2007 йилда 700000 сўм ҳамда тўланган тўлов патталари солиштириб қайта ҳисобланганда қарздорлик мавжуд эмаслиги, 2014 йил "Ургуттумангаз" филиали ходимлари томонидан табиий газ истеъмоли тармоқдан узилганлиги тўғрисида далолатнома тузилган.
Бироқ "Ургуттумангаз" филиалининг автоматлаштирилган бошқарув тизими – "Биллинг" дастури билан солиштирганда фуқаро С.Розиқовнинг шахсий ҳисобида 1 192 100 сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланди.
Ўрганиш давомида ушбу маълумотлар асоссиз деб топилган ҳамда туман МИБ ва "Ургуттумангаз" филиали томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, юзага келган 1 192 100 сўм қарздорлик нореал деб топилган.
Асоссиз маълумотларни "Биллинг" дастурига киритган ҳамда нореал қарздорлик юзага келишига сабабчи бўлган "Ургуттутмангаз" филиали ходимларига нисбатан Самарқанд вилоят газ тақсимлаш ҳудудий филиалига тақдимнома киритилган.
Фуқаро О.Қорабоевнинг мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими ходимлари томонидан табиий газ истеъмолидан 4 213 490 сўм қарздорлиги важ қилиниб, хонадони табиий газдан узилганидан норози бўлиб, таҳририятга юборган шикоят хати ўрганилди.
Аниқланишича, "Пайариқтумангаз" филиалининг табиий газдан дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тўғрисида тақдим қилган маълумотномасида О.Қорабоевнинг 4 315 390 сўм қарздорлиги борлиги кўрсатилгани сабабли мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими томонидан С.Қорабоевнинг табиий газ истеъмоли тармоқдан узилган.
Мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспекторлари ҳамда мутахассис ходимлар иштирокида О.Қорабоевнинг яшаш хонадонига бориб ўрганилганда 17.11.2014 йилда ўрнатилган G-6 русумли газ ҳисоблагичнинг кўрсаткичи 1455 куб метрни ташкил этгани, "Биллинг" дастури маълумотлар базасида эса 28832 куб м.га маълумот киритилгани, 2014 йил ноябрда РЛ-6 русумли газ ҳисоблагич ўрнатилганлиги ҳозирги кунда газ ҳисоблагич кўрсаткичи 763 куб м.ни ташкил этгани, "Биллинг" дастури маълумотлар базасида эса 9852 куб м. га маълумот киритилгани аниқланди.
Жумладан, газ ҳисоблагич кўрсаткичлари ҳамда тўланган тўлов патталари солиштириб, қайта ҳисоб-китоб қилинганда 351 000 сўмлик 2011, 2012, 2013 йиллардаги тўловлар "Биллинг" маълумотлар базасида йўқлиги аниқланган.
"Пайариқтумангаз" филиалининг фуқаро О.Қорабоевга ҳисоблаган қарздорлиги асоссиз, деб топилган ҳамда туман МИБ ва "Пайариқтумангаз" филиали томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, юзага келган 3 964 390 сўм қарздорлик нореал деб топилган.
Текширилмасдан асоссиз маълумотларни "Биллинг" дастурига киритган ҳамда нореал қарздорлик юзага келишига сабабчи бўлган "Пайариқтумангаз" филиали ходимларига нисбатан Самарқанд вилоят газ тақсимлаш ҳудудий филиалига тақдимнома киритилган.
Бошқарма бошлиғининг ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси М.Д.Насруллаев.
Хатдан англашиладики, таҳририятимизга мурожаат қилган икки нафар фуқаро мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилгач, асоссиз қарз балосидан қутулди. Хўш, мазкур ҳолат юзасидан газ таъминоти идорасининг жавоби қандай бўлади? Буни кутиб турамиз.