Икки ойда Самарқандда 17 мингдан ортиқ кўчат экилади
2020 йил баҳор мавсумида вилоятимиз ҳудудларига қанча манзарали, мевали дарахт ва буталар экилади? Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан, вилоят ҳокимининг 2020 йил 3 февралдаги фармойишида шундай режа белгиланди.
Фармойишга кўра, вилоятимизнинг 16 та туман-шаҳарларида 20 февралдан 20 апрелгача каштан, Қрим қарағайи, лола дарахти, эман, виргин арчаси, Шарқ туяси, япон сафораси, катальпа, шумтол, қайроғоч, тут, заранг, акация, терак, ёнғоқ ва бошқа турдаги 17 мингдан ортиқ манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилади.
Кўчатларнинг асосий қисми “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган қишлоқ ва маҳаллалар, умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари ёқасига, қишлоқ хўжалиги майдонларида ихота дарахтзорлар барпо этиладиган ерлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳудуди, хиёбонлар, кўчалар, фермер хўжаликлари ер майдонлари четларига экилади.
Экиладиган кўчатнинг асосий қисми ўрмон хўжаликлари, ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари, кўчатчилик фермер хўжаликлари, академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИнинг ҳудудий филиали ва хўжаликлардан олинади ва кўчатлар экиш ишларига 150 миллион 577 минг сўм маблағ сарфланади.