Илм-фанда беқиёс дорилфунун
Инсоният тарихида ҳар бир нарса, воқеа-ҳодисаларнинг ўзига хос ҳаётий эҳтиёж натижасида пайдо бўлиши, шаклланиш босқичлари, тараққиёт чўққиси, эришилган натижаларидан иборат тарихи мавжуд. Самарқанд давлат университетининг ҳам шаклланиши ва тарихий тараққиёт йўли уни қадим-қадимдан маърифат ўчоғи бўлиб келганлигидан далолат беради. Адабиётшунос олим Ботурхон Валихўжаевнинг тадқиқотларида университетнинг тамал тоши XV асрда қўйилганлиги илмий-назарий жиҳатдан асослаб берилган. Устоз ўзининг 2001 йилда чоп этган “Самарқандда олий таълими мадрасаи олия-университет тарихидан лавҳалар” китобида Самарқанд давлат университетининг ташкил этилишини Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг ташкил этилишидан (1420 йил) бошланганлигини аниқ фактлар асосида исботлайди.
Самарқанд дунёдаги узоқ ва бой тарихга ҳамда юқори имижга эга маданият ўчоқларидан бири ҳисобланади. Қадимдан дунё илм-фани, маърифати, маданияти хазинасига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг аксарияти Самарқанд муҳитида илм олган, мутафаккир олимлар сифатида шаклланган ва ноёб иқтидорларини астрономия, геодезия, физика, математика, тиббиёт, фалсафа, шаҳарсозлик, педагогика ва бошқа соҳалардаги илғор ғоялари, буюк кашфиётлари орқали дунёга намоён этган. Албатта, бу юртда агар қадимдан мадрасалар, мадрасаи олия бўлмаганида, бу қадар мутафаккир олимлар, жаҳоншумул фотиҳлар, ҳукмдорлар етишиб чиқмасди. Мазкур хулоса устозимизнинг университет ташкил этилиш тарихи билан боғлиқ фикрларининг исботидир.
Самарқанд давлат университети тайёрлаган математика, физика, химия, биология, тарих, ҳуқуқшунослик, иқтисод, фалсафа, педагогика, ўзбек, рус, хорижий тил ва адабиёт бўйича тайёрлаган таниқли олимлар, етук мутахассис кадрлар нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида ўзларининг салоҳиятларини намоён этиб келмоқда.
Жумладан, биргина ХХ асрда ЎзДУ, кейинчалик СамДУ деб аталган университетда таълим олиб, ижод майдонида тан олинган ўзбекистонлик таниқли шоир ва ёзувчиларининг аксарияти ушбу даргоҳнинг собиқ талабаларидир. Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ойдин, Миртемир, Усмон Носир, Ҳасан Пўлат, Шароф Рашидов, Амин Умарий, Асқар Мухтор, Назармат, Ўткир Рашид, Душан Файзий, Барот Бойқобилов, Омон Матжон, Нормурод Нарзуллаев, Самариддин Сирожиддинов, Уллибиби Отаева, Қамбар ота, Ўткир Раҳмат, Фармон Тошев, Аҳмад Аъзам, Нодир Жонузоқ ва бошқа юзлаб ижодкорларнинг ноёб қобилиятларини рўёбга чиқарган ҳам узоқ тарихга эга ушбу университет тажрибаси ҳисобланади. Темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд бежиз илм-фан, маърифат ва маданият марказига айланмаган. Амир Темур ҳукмронлиги, Мирзо Улуғбек таъсис этган мадрасаи олияда ижодкорларга ижод сирларини мукаммал ўргатиш бўйича босқичма-босқич таълим мазмуни (дастурлар, дарсликлар, ўқув қўлланмалар) яратилмаганида, таълим-тарбиянинг самарали шакл, метод ва воситалари ишлаб чиқилмаганида, улар давр талаблари асосида такомиллаштириб борилмаганида бугунги кунга келиб нафақат ўзбек шеърияти, ўзбек прозаси, балки астраномия, математика, физика, фалсафа ва бошқа соҳалардаги олимлар дунё маданиятида бунчалик юксак эътирофга эга бўлмаслиги мумкин эди.
Мен ҳам шундай салоҳиятли университетнинг ўзбек ва тожик филологияси факультетида академиклар Воҳид Абдуллаев, Ботурхон Валихўжаев, профессорлар Улуғ Турсунов, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев, Ҳамдам Бердиёров, Раҳим Муқимов, Жўрабой Ҳамдамов, Раҳматулла Қўнғиров, Раҳмонқул Орзибеков, Жўра Ҳожиматов ва бошқа забардаст адабиётшунос олимлардан таълим-тарбия олганлигимдан фахрланаман. Ҳаётда мен нимага эришган бўлсам, аввало, тарихи бой Самарқанд давлат университети ва устозларимнинг салоҳияти, ижодий муҳитнинг таъсири деб биламан.
Университетнинг илм-фан, адабиёт ва санъат бўйича эришган ютуқлари, етук кадрлар тайёрлашда тутган ўрни, олий таълим муассасалари ўртасидаги салоҳияти, узоқ ва бой тарихи ҳамда кенг жамоатчиликнинг бу борадаги фикрларига асосланиб, университетнинг 600 йиллик юбилейини кенг нишонлаш мақсадга мувофиқ, деб биламан.
Ойниса МУСУРМОНОВА,
педагогика фанлари доктори,
профессор.