Илм истаган хитойлик, араб ёки юнон Самарқандга ошиққан
Араб босқинидан аввал бу ердаги таълим асосан, диний-фалсафий йўналишда бўлиб, ўтмиш ёзма битикларида Афросиёбда буддавий таълим масканлари фаолият кўрсатганига оид маълумотлар мавжуд. Яъни, самарқандлик алломалар қадим Ҳиндистон, Хитой каби ўлкаларда ҳам таълим соҳасида улкан ютуқларга эришган. Жумладан, устоз аллома, таржимон ва роҳиб Кан Сэн-Хуэе (?-280 й.) Хитойда юксак ҳурматга эришган. Унинг "Кан" исми аждодлари самарқандлик, "Ху" нисбаси эса шу шаҳар элига мансуб бўлганлигини билдиради.
Кан Сэн-Хуэенинг оиласи Самарқанддан дастлаб шимолий Ҳиндистонга ва у ердан Хитойдаги Уч хонлик ҳукмронлиги (220-280 й.) даврида У деб аталувчи давлат пойтахти Нанкин шаҳрига боради. Кан Сэн-Хуэе ўз даври учун асосий таълим йўналиши бўлган буддавийлик таълимини йўлга қўйиш билан бирга, фалсафий асарларнинг таржимаси билан ҳам шуғулланади, хитойлик ёшларга сабоқ бериб, устоз сифатида танилади.
Аллома Кан Сэн-Хуэе асосан, ижтимоий соҳа – фалсафада жуда муҳим ва долзарб масалалар билан шуғулланади. У буддизм, конфуцийлик ва даосизмни бирлаштиришга, шу билан фалсафий ғоялар ўртасида мавжуд бўлган зиддиятларни бартараф қилишга, уларни инсон камолоти ва маърифати йўлига ҳизмат қилдиришга ҳаракат қилади.
Бу билан Кан Сэн-Хуэени Ўзбекистон ва Хитой халқлари орасида фалсафий-ижтимоий соҳа билан боғлиқ алоқаларни йўлга қўйган илк алломалардан, десак хато қилмаймиз.
Қадим Самарқанд олий таълим ўчоқлари хитойлик илм истовчиларда қизиқиш уйғотиб келган. Хитойлик машҳур роҳиб, сайёҳ, файласуф ва таржимон Сюаньцзан (602-664 й.й. ) Фарғона ҳамда Тошкентга саёҳат уюштиришдан ташқари, Самоцзянь деб атаган Семизкент (Самарқанд)га ҳам ташриф буюрган.
Ўша даврда Самарқанддаги улуғ буддавий илм ва зиёрат масканларининг довруғи аллақачон Узоқ Шарқ мамлакатларига ёйилганди. Ўзини илмли, маърифатли, деб билган, илм ўрганаман, деган хитойлик, араб ёки юнон бу шаҳарни, албатта, зиёрат қилиши лозим бўлган.
Шу боис, Сюаньцзан Самарқанднинг олий даргоҳларида таълим олади, алломалар билан мулоқотда бўлади, зардуштийлик таълимоти вакиллари билан суҳбат қуради. Бу ердаги буддавийлик таълимоти зардуштийликнинг эзгу ғоялари билан қоришиқ тарзда умуминсоний ғояларга хизмат қилувчи талқинларнинг мавжудлиги, Узоқ Шарққа довруғи кетган икки буюк ва улкан илм даргоҳи унда катта таассурот қолдиради.
Самарқанднинг ўша вақтдаги ҳоқони Тонгшиху Сюаньцзанни ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олади. Меҳмон ҳоқонга ибодатхоналар ва будда мадрасаларининг фаолиятини кучайтириш, талабгорлар учун янгиларини қуриш таклифини беради. Кейинчалик ҳоқон ва унинг меросхўрлари хитойлик миссионер-файласуфнинг маслаҳатига кўра, нафақат Самарқандда, балки Фарғона водийсида ҳам янги ибодатхона ва илм даргоҳларини бунёд этишади. Қолаверса, самарқандлик ҳоқон ташаббуси билан бундай қурилишлар ғарбий Туркистоннинг шимолида, Талас дарёси атрофида, Чу дарёси водийсида, Еттисувда ҳам амалга ошди. Сюаньцзан берган маълумотларга қараганда, бундай зиёхоналар Қашқар ва Бақтрия пойтахти Балхда кенг ривожланди. Айниқса, Балхдаги Нава Вихара (Навбаҳор) мадрасаси машҳур бўлди.
Сайёҳ бир неча ой Самарқандда яшаб, маҳаллий халқ турмуш тарзини ҳам ўрганади, Наврўз байрами, кўпкари, кураш мусобақаларида қатнашади. Сўнг Кешга, у ердан Термизга ўтиб, минг роҳибдан иборат катта уламолар жамоасини, бутхоналарни зиёрат қилади.
Аллома бу хотираларини ўзининг "Буюк Тан даврида ғарбий ўлкага саёҳат" номли Марказий ва Жанубий Осиё бўйлаб қилган 17 йиллик сафари ҳақидаги эсдалик асарида ёзиб қолдиради.
Араб босқинидан кейин, VIII-XI асрларга келиб, юртимиз ҳудудида мактаб ва мадрасалар шаклланди. Уларда Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар етишиб чиқди. Жумладан, Хоразмийнинг "Алгоритм", Фарғонийнинг "Ой Ернинг остида ёки устида турганида вақтни аниқлаш", Ибн Синонинг "Аш-шифо", Улуғбекнинг "Зижи Кўрагоний" каби рисолалари XII-XVI асрларда Европада қайта-қайта чоп этилди, математика, астрология ва геодезия фанларидан асосий дарслик сифатида кенг фойдаланилди.
Мўғуллар истилоси даврида илм-фаннинг ривожи бироз сусайган бўлса-да, темурийлар даврига келиб, яна қаддини тиклай бошлади.
Жаҳонга машҳур Али Қушчи, Улуғбек каби буюк алломаларни етказиб берган ана шундай илм даргоҳларидан бири Улуғбек мадрасасидир. Ушбу мадрасада илоҳиёт билан бирга, фалакиёт, тарих каби дунёвий фанлар чуқур ўрганилган. 1420 йилда ишга тушган мадрасада юздан ортиқ талабаларга Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи астрономия, математика, тарих, тиббиёт каби фанлардан дарс беришган.
XIX асрнинг охирларига қадар бу даргоҳда кўплаб шоир ва алламолар етишиб чиқди. Н.Остроумовнинг хабар беришича, 1906 йилда Улуғбек мадрасасида 60 дан зиёд талаба сабоқ олган.
Мустақиллик йиллари юртимиз тараққиётнинг янги поғонасига қадам қўйди. Деярли унутилган кўплаб миллий анъаналаримиз ва буюк боболаримизнинг номлари қайта тикланди. Айниқса, Президентимизнинг республикамиз илм-фан намояндалари билан бўлган учрашувда таълим тизимини ислоҳ қилиш, илмий тадқиқотларимиз кўлами ва самарадорлигини яхшилаш борасида билдирган фикрлари олимларимиз олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шу нуқтаи назардан Самарқанд давлат университети Шарқ ва Fарб давлатларининг университетлари билан алоқаларни кучайтирмоқда. Натижада олимларимиз томонидан "Хитой тили", "Хитой адабиёти тарихи", "Дао Дэ Жинг" ва Хитой адабиёти", "Лотин тили" ва "Француз тили" каби дарслик, рисола ва ўқув қўлланмалар чоп этилмоқда. Муҳими, илм-фан тарихи ва тараққиёти бўйича илмий кузатишлар орқали тарихимизнинг ўрганилмаган жиҳатларига аниқлик киритилмоқда.
Мусо ЙЎЛДОШЕВ,
СамДУ профессори,
Эркин МУСУРМОНОВ,
доцент.