Илмсиз бир, илмли минг яшар
![](https://static.zarnews.uz/crop/3/b/720__80_3b950844dbb607a38a62e65d193643f5.jpg?img=self&v=1739275995)
"Битта қиз фарзандни ўқитсангиз - бутун оилани ўқитган бўласиз". Бу каби ҳикматларни ота-боболаримиз бежиз айтишмаган. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг таълим олиш, илмий ишлар билан шуғулланишлари учун барча қулай шароитларни яратиб берилмоқда.
Ҳар бир жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ва ривожланиш даражаси илм-фан соҳасидаги ютуқлар, илмий тадқиқотлар ва инновациялар билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистонда илм-фан ривожи мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши учун асосий омиллардан биридир. Бу эса ўз навбатида, илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган аёллар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Олималар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-маьрифий ва маданий соҳаларнинг ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда.
БМТ Бош ассамблеясининг 2015 йил 25 декабрдаги 70-сессиясида 11 февраль "Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни" сифатида расман эьлон қилинган. 2016 йилдан бошлаб мазкур сана дунёнинг кўплаб давлатларида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланиб келинмоқда.
Бу кунни нишонлашдан мақсад, аёлларни илм-фан ва технологиялар соҳасидаги касбларга қизиқишини ошириш, гендер тенглигини рағбатлантириш ва аёлларга тенг имкониятлар яратиш ҳамда илм-фан соҳасидаги аёл олималарнинг ютуқларини тан олиш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фан соҳасидаги фаолияти тобора кенгайиб бормоқда. Мисол учун, бизнинг Самарқанд давлат чет тиллар институтида жами 531 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Бундан 346 нафари хотин-қизлар бўлиб, улардан 16 нафари профессор, 20 нафари фан докторлари, 64 нафари фан номзодлари, PhD даражасига эга бўлган аёллар ва 86 нафар докторант хотин-қизлар.
Институтимизда фаолият кўрсатаётган олималар бугун ёш авлод тарбиясида, жамият ривожида алоҳида мавқеига эгалигини алоҳида таъкидлашни жоиз деб топдик. Жумладан, навоийшунос олима Дилором Салоҳий, Ирода Пардаеваларнинг мумтоз адабиётимиз ривожида, хусусан, Алишер Навоий илмий адабий меросини ёшларимиз онгу шуурига сингдиришда хизматлари беқиёс. Зулфия адабий меросини кенг тадқиқ этаётган, бугунги кунда ўнлаб ёш тадқиқотчиларга устозлик қилаётган профессор Гўзал Умурованинг фаолияти алоҳида таҳсинга сазовор. Қиёсий адабиётшунослик кафедрасида фаолият олиб бораётган ёш фан докторларимиздан Мафтуна Холова ўзининг аёллар адабиёти ва адабиётшунослигига доир тадқиқотлари билан, илмий мақола, монография ва дарсликлари билан замонавий адабиётнинг, айнан аёллар адабиётшунослигининг ривожида янгича қарашлари билан ёндашаётганлиги қувонарли ҳол.
Жадид адабиётининг ва унинг ёшлар ҳаётидаги ўрнини бугунги мезонлар асосида тадқиқ этаётган тадқиқотчи олима Дилафрўз Раҳматова, шунингдек, француз тили ўқитувчиларидан Дилфуза Атауллаева Франция ҳукумати томонидан Франция-Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун "Академик Палма" ордени билан тақдирланганлиги ўзбек олималарига берилган юксак баҳодир.
Шунингдек, улар институтга бириктирилган чекка туманлардаги маҳаллаларга чиқиб, маҳалла фуқаролари билан гаплашиб, маҳалладаги мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига интерактив дарслар ўтиб, ўз маҳоратларини ўргатиб келишга ҳам вақт топмоқда.
Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни нафақат аёлларнинг ютуқларини нишонлаш, балки гендер тенглиги масаласини ҳал қилиш учун ҳам муҳим воситадир. Аёлларнинг илм-фан ва технологиялар соҳасида иштирокини ошириш орқали жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ёрдам бериш мумкин.
Ҳабиба Жабборова,
институт катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).