“Имом Бухорий – муҳаддислар султони”
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мамлакатимизда диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган илмий изланишлар натижаларини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда аллома илмий меросини тадқиқ этиш борасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ана шу мавзудаги халқаро илмий конференция ўтказилди.
Онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мутасадди ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси олимлари, Ҳадис илми олий мактаби педагог ва талабалари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари иштирок этди.
Конференция ишини ZOOM видеоконференция платформаси орқали экспертлар, мутахассис, мустақил тадқиқотчи ва тингловчилар жами 40 дан зиёд нуқтадан туриб кузатиб борди. Анжуман давомида мамлакатимиз ва Миср ҳамда Туркия давлатларининг 10 га яқин олимларнинг маърузалари асосида илмий мулоҳазалар юритилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда маънавий қадриятларнинг ҳаётий ўрнини тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарасини юқори баҳолаб, бу жараёнда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини чуқур тадқиқ қилишга қаратилаётган эътиборни эътироф этди.
Конференция давомида Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси борасида ўтказилаётган тадқиқотларнинг тарихий ва замонавий кўринишлари умумлаштирилиб, бу борада истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.