Имтиҳондан ўта олмасликнинг 10 сабаби
1.Шунчаки матнни иштиёқсиз кўздан кечириш. Агар ўқиган матннинг асосий ғояларини эслаб айтиб бера олмасангиз, бу шунчаки вақтингизни мақсадсиз ўтказганингиздир.
2.Матнни ёки топшириқни кўп бўлакларга ажратиш. Асосий мақсадни йўқотасиз. Мияни чалғитасиз.
3.Жавоблар қисмига қараб масала ёки мисолни ечиш йўлини билдим, деб ҳисоблашингиз. Таълимдаги энг катта хатолардан бири. Китобга қарамай масалани босқичма-босқич ечишингиз керак.
4.Имтиҳонга охирги дақиқаларда тайёргарлик кўриш. Спорт мусобақаларида қатнашадиган спортчи охирги кунларда тайёргарлик кўриб бошласа, ғолиб бўла оладими?
5.Асосан, ўзингиз билган бир хил турдаги масалаларни ечиш. Бир хил турдаги масалаларни ечиш имтиҳонга тайёрман, дегани эмас. Бу футбол мусобақасига қатнашиш учун фақат дарвозага гол уришни машқ қилишдай гап. Ғолиб бўлиш учун тез югуриш, комбинацияларни амалга ошириш, жамоани ҳис қилишни ўрганиш керак.
6.Ҳамкорликдаги машғулотларни самарасиз ўтказиш. Ҳамкорликда қарор қабул қилиш, вазифаларни бажариш, бир-бирининг билимларини синаб кўриш ўқувчиларнинг мавзуни яхши ўзлаштиришлари ва бу жараёнда бўлган камчиликларни аниқлашга имкон беради. Бироқ топшириқлар бажарилмай туриб, машғулотлар жараёни суҳбатга айланиши, зудлик билан гуруҳни алмаштиришингиз кераклигидан дарак беради.
7.Китоб (дарслик)нинг керакли бўлимини ўқимай туриб, топшириқларни бажаришга киришиш. Сузишни ўрганмай туриб, ўзингизни ҳовузга ташлайсизми? Китоб (дарслик) бу сузиш бўйича қўлланма деб қабул қилинг. Мавзуни ўзлаштирмай мисол ва масалаларни ечиш маълум бир вақтдан сўнг ёддан кўтарилишига олиб келади.
8.Муаммоли вазиятларда устоз ва ўртоқларингиз ёрдамидан воз кечиш.
“Билмаганини сўраган бўлгайдир олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” мақолига амал қилинг.
9.Диққатнинг доимий равишда бўлиниши.
Диққатнинг суҳбат, телефон, телевизор, мусиқага ва бошқаларга бўлиниши мавзунинг қисмангина ўзлаштирилишига сабаб бўлади.
10.Кам уйқу. Тушда мия уйқугача ўрганилган маълумотларни таҳлил қилади ва тартиблаштиради. Агар сиз имтиҳондан олдин уйқуга тўймасангиз, бутун тайёргарлигингиз самарасиз бўлади.
Орзулар мақсадга, мақсад эса ҳаракатга айлансагина, орзулар ушалади.
Азиза Қудратова,
СамДУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази ўқитувчиси.