Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга баъзи йўналишлар бўйича ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатила бошлайди
“Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази;
- 2022 йил 1 январдан бошлаб эса кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилди.
Бундан ташқари “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича” йўл харитасида 2021 йил 1 ноябргача:
📌 Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларига қўйиладиган талабларни тасдиқлаш;
📌 Қарорда белгиланган йўналишларда тиббий хизмат кўрсатувчи нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар кўрсатишга қўйиладиган талабларни ҳамда уларни молиялаштириш тартибига оид маълумотларни етказиш;
📌 Давлат маблағлари ҳисобига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни кўрсатишга жалб этилган нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар нархи билан танишиш имкониятини яратиш;
📌 Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда жалб этилган нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизимидан фойдаланиш имкониятини яратиш каби вазифаларни бажариш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматига кўра, қарорда кўзда тутилган вазифалардан келиб чиқиб, 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг тегишли иловаларига ҳам зарур ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, инсон ўпкасининг компьютер томографияси таҳлили асосида пневмонияни аниқлаш ҳамда маммография таҳлили асосида кўкрак бези саратонига илк босқичда ташхис қўйиш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш учун дастурий таъминот ва аппарат-дастурий комплекслари ишлаб чиқарувчи ва интеграторини аниқлаш муддати 2021 йил ноябргача этиб белгиланган.