Индонезияликлар бизни қайси ракурсда кўради?

Шу йилнинг бошида Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бошчилигидаги делегация аъзолари Малайзия ҳамда Индонезияда бўлиб қайтганди. 

Ташриф давомида ўзбекистонлик делегация аъзолари Индонезиянинг “NET MEDIA” медиа ташкилоти раҳбари Эко Ювоно билан ҳам учрашиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш бўйича келишувга эришган эди. Ушбу келишув сабаб, яқинда Самарқандга мазкур медиа каналлардан бир гуруҳ журналистлар келиб, мамлакатимизда бошқа давлатларнинг мусулмон аҳли зиёрат этиши мумкин бўлган тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ҳақида ҳужжатли фильм тайёрламоқда.

- Самарқанднинг жуда кўп тарихий ҳудудларини кўрдик, тасвирга олдик, - дейди Muslim Travelers  канали мухбири Chiki Fawzi. – Мазкур лавҳаларимиз айнан Рамазон ойида эфирга узатилишини ҳисобга олган ҳолда бу ердаги буюк алломалар хоки пойлари ётган муқаддас қадамжолардан кўпроқ лавҳалар тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Самарқандга биринчи келишим, бу шаҳар менда ўзгача таассурот уйғотди. Одамлар жуда хушмуомала, таомлари эса ҳар қандай ширинтомоқ кишиларни сеҳрлаб қўяди. Самарқанддан сўнг Бухорога ҳам бориб, у ердаги тарихий обидаларни ҳам тасвирга олишни режалаштирганмиз.

Индонезияда 250 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризми борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир неча халқаро анжуманлар ўтказилди, кўп сонли мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатлар билан туризм бўйича ўзаро алоқалар ўрнатилди. 

Натижада ўтган йили  Сингапур “Crescent Rating” компанияси томонидан ўтказилган рейтинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш борасида кучли ўнталикка кирди, яъни ҳозирда тўққизинчи ўринда қайд этилмоқда. Мазкур компания 2015 йилдан буён 140 дан ортиқ давлатнинг зиёрат туризми бозоридаги ўрни бўйича рейтингини эълон қилиб боради. Дастлабки тадқиқотларда Ўзбекистон ўттизталикдан пастда эди. Ташкилот экспертлари яқин йилларда бу кўрсаткич яна ҳам яхшиланишига, Ўзбекистон дунё зиёрат туризми марказларидан бирига айланишига ишонч билдирган эдилар. 

Индонезиялик ҳамкасбларимиз томонидан тайёрланиб, эфирга узатилиши режалаштирилаётган мазкур ҳужжатли фильм ҳам айнан шу мақсадга, яъни мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг ортишига хизмат қилишига биз ҳам ишонамиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.