Инекцион вакциналар драже шаклида ўз самарасини беради

Қутуриш даволанмайдиган ўта хавфли инфекцион касаллик ҳисобланиб, унга ҳайвонлар ва одамлар мойил бўлади. Дайди ит ва мушуклар ҳамда кемирувчилар инфекция тарқатувчи воситалардир.
Эндиликда маҳаллий хомашёдан оғиз орқали эмланадиган, драже шаклидаги уч қаватли вакцина ишлаб чиқарилди. У хориждан келтирилаётган бошқа суюқ антирабик вакциналардан анча арзон. Вакцинани қўллаш учун қайчи, шприц, спирт ва ҳайвонларни фиксация қилишда ишчи кучи талаб этилмайди. Тайёрланиши ва сақланиши, ишлаб чиқарилиши жуда осон ва қулай бўлиб, атроф-муҳитни ифлослантирмайди.

Лойиҳaнинг мақсади Ўзбекистонда турли ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги тарқалишининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, унга қарши курашиш ва ёввойи гўштхўр ҳайвонлар, ит ва мушуклар, кемирувчилар учун перорал донадор антирабик вакцинани такомиллаштиришдан иборат. 
Иқтисодий жиҳатдан таҳлил этадиган бўлсак, бу вакцина бир бош ит ҳисобига ўртача 535 сўмни ташкил этади ва уни чет элдан миллий валютага сотиб олинаётган суюқ вакциналар ўрнига қўллаш натижасида бир йилда давлатимизнинг 771 миллион 470 минг сўми тежаб қолинади. Умуман, биз таклиф қилаётган лойиҳа нафақат экологик, ижтимоий, иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эгадир.

Муборак МАМАТОВА,
СамҚХИ доценти,
ветеринария фанлари доктори.