Инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини рақамлаштиришда сусткашликка йўл қўйган шахсларга чора кўрилди
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун ва бошқа ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида хорижий илғор тажрибалардан келиб чиқиб вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимликларидаги инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида hrm.argos.uz — инсон ресурсларини бошқаришнинг ягона электрон ахборот тизими жорий этилган.
Натижада вакант лавозим учун ўтказилаётган танловдан тортиб, кадрларга оид барча ҳужжатларни юритиш фақатгина hrm.argos.uz платформасида амалга ошириладиган бўлди.
Бунинг учун платформа vacancy.argos.uz, zaxira.argos.uz, samaradorlik.uz, e-qaror.gov.uz, e-huquqshunos.uz дастурий таъминотлар билан интеграция қилинди. Шунингдек, my.mehnat.uz, edo.ijro.uz ва UzASBO тизимларига ҳужжатлар автоматик равишда юборилиши таъминланди.
Давлат органларида hrm.argos.uz электрон платформасини юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланиб, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб HRга оид барча ҳужжатларни hrm.argos.uz платформасида шакллантириш ва юритиш учун давлат органлари раҳбарларининг шахсан масъуллиги белгиланган.
2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида ўтказилган мониторинг натижасига кўра, белгиланган қарор талабларига риоя қилмаган ҳамда сусткашликка йўл қўйган Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги 5 та вилоят бошқарма бошлиқлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг 13 та, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 8 та ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг 9 та туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари, жами 35 нафар раҳбарлар 64,6 млн сўм миқдорда маъмурий жаримага тортилди, дея хабар берилмоқда агентлик расмий саҳифасида.