Инсонни яхши ишлари билан эслаш ҳам савоб

Самарқанд вилоят давлат музейида манбашунос олим Раҳматулла Холиқовнинг 75 йиллигига бағишланган хотира тадбири ўтказилди.

Олимнинг ҳамкасблари, дўстлари ва оила аъзолари иштирок этган тадбирда Р.Холиқов қисқа умр кўрган бўлса-да ўзидан катта маънавий ҳазина қолдиргани, унинг музейлар фаолияти бўйича амалга оширган ишлари бугун ўз самарасини бераётганини таъкидладилар.

-  Инсонни ҳар қандай ҳайрли иши ўз мевасини беради, албатта, - дейди музейшунос Раҳим Қаюмов. -  Ўқиб ўрганганларини маънавий мерос қилиб қолдириш, илмий тадқиқотлар олиб бориб, фидойилик кўрсатган манбашунос олим Раҳматулла Холиқов ана шундай инсон эди. У киши араб алифбосидаги ўзбек ёзуви, форс ва араб тилларини мукаммал ўрганганлиги боис, манбашунослик илмида ўз изини қолдирди. Вилоят музейларида ҳам айнан шу йўналишда изланиб, алоҳида бўлимлар ташкил этганини яхши биламиз. Устозимиз Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи давлат музейига бош директор этиб тайинланганда вилоятда музейлар фаолияти янгидан бошланди ва равнақ топди.

Тадбирда Р.Холиқовнинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ансамбли, Бибихоним масжиди, Ҳазрати Хизр масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси, туманлардаги бир қатор зиёратгоҳ ва масжидлар обод қилингани таъкидланди.

Хотира тадбирида Р.Холиқовнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.

Ҳусан Элтоев.