Интернет юлдузи бўлиш учун қарама-қарши юриб, саломатлигини хавф остига қўйган қоидабузар ҳайдовчига чора кўрилди
3 май куни ижтимоий тармоқларда “Андижонлик “Жентра“ хайдовчиси бугун жуда ёмон туш кўриши аниқ” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳада “Ласетти” русумли 60 Е 471 РА давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчиси “Йўл ҳаракати қоидалари”ни қўпол равишда бузиб, йўлнинг қарама-қарши бўлагида ҳаракатланиб, йўл-транспорт ҳодисасини юзага келтириши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этган. Шунингдек, мумкин бўлмаса-да, транспорт воситасининг олд қисмига кўк-қизил рангли маёқчали, ялт-ялт ўчиб ёнувчи чироқлар ўрнатилганлиги видео лавҳада акс этган.
Видео лавҳа юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилганда, “Ласетти” русумли, 60 Е 471 РА давлат рақам белгили транспорт воситасини ҳайдовчи Ш.И. бошқарганлиги аниқланди.
Видео лавҳада транспорт воситасининг ён ойналари туси қорайтирилганлиги ҳолати бўйича ДЙҲХХ томонидан рухсатнома мавжуд эмаслиги маълум бўлди, деб хабар берди ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Ҳайдовчига нисбатан содир этган қоидабузарликлари юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённома тузилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.