Интернетдан фойдаланиш маданияти виртуал тармоқлардаги таҳдиддан асрайди
Интернетдаги глобал тармоқларда фойдали маълумотлар билан бир қаторда фойдаланувчиларнинг онгига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар ҳам тарқатилмоқдаки, улар бугун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётир.
Буларнинг кенг тарқалгани ҳаёсиз мазмундаги материаллар бўлиб, шундай мазмундаги веб-сайтлар сони 4,2 миллиондан ошди. Айрим кимсаларнинг ушбу даромад манбаидан дунёдаги 42 фоиз болалар ва ўсмирлар онлайн тарзда фойдаланишмоқда.
Жаҳоннинг 38 фоиз ёшлари шафқатсизлик, зўравонликни тарғиб этувчи материаллар таъсирига тушаётган бўлса, яна бир қанчаси ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 мингдан зиёд сайтлар орқали осонгина жон таслим қилиш "сабоқ"ларини ўрганишяпти.
Сўнгги йилларда террорчи ташкилотлар ғояларини тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтларнинг сони 7000 дан ошди. Улар миллатчилик руҳидаги ва маълум бир давлатнинг амалдаги тузумига қарши қаратилган нохолис ахборотларни тарқатиш билан машғул бўляпти.
Фикримизча, интернет тармоғида фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлашнинг энг мақбул йўли ундан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш ҳисобланади. Ваҳоланки, бугун интернет оламида кенг учраётган кибержиноятлар, ғоявий ва техник (хакерлик) бузғунчиликлар фойдаланувчиларнинг айнан интернет маданияти меъёрларига риоя қилмаслиги оқибатида юзага келмоқда.
Ёшларда ҳар қандай фикр ва ахборотларни ўзаро таққослаш, маълумотларни фильтрлай олиш қобилияти, аввало, оилада, кейин таълим даргоҳида шаклланади.
Шу ўринда таклиф киритиш мумкинки, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги, интернетдан фойдаланиш маданияти тарғиботига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиш, онлайн муҳитда ёшларни асрашга доир қўлланмаларни ёшлар ҳамда оилаларга бепул тарқатиш мақсадга мувофиқ.
Оммавий ахборот воситалари орқали мутахассислар иштирокида махсус телерадио дастурлар, таҳлилий мақолалар бериб бориш лозим. Қолаверса, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тавсия этилмаган компьютер ўйинлари ва фильмлар рўйхатини жойлардаги интернет-кафелар ва клубларга тақдим этиб бориш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Шунингдек, ўқувчи-талабалар ўртасида "Энг яхши интернет-блог" номинацияси бўйича танлов ўтказиш, аҳоли гавжум бўладиган масканларда интернет хавфсизлигига қаратилган шиорлар, баннерлар жойлаштириш ҳам катта аҳамиятга эга.
Лазиз БЎРАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви
академияси тингловчиси.